2 560
Урушнинг 10-куни: Путин ҳарбий операция нима учун фақат Донбасс билан чекланиб қолмаганини тушунтирди
Украина ҳарбий хизматчилари Киев вилояти, Ситняки қишлоғидаги ёқилғи қуйиш шохобчасида
Фото: Getty Images
Россиянинг Украинадаги «махсус ҳарбий операцияси» ўн кундан буён давом этмоқда. Украина жануби-шарқидаги қамал қилинган ҳудудлардан тинч аҳолини эвакуация қилиш учун томонлар 5 март куни «сукунат режими» жорий этишга келишиб олганди. Аммо кечга яқин икки томон бир-бирини режимни бузганликда айблади. Украина Россия Мариупол ва унинг атрофини ўққа тутишда давом этаётгани ҳақида хабар қилди. Россия Мудофаа вазирлиги ҳарбий операцияга қайта старт берди.
Киевда россиялик асирларнинг матбуот анжумани бўлиб ўтди, Львовда эса эвакуация давом этмоқда. Шаҳар объектларини ўқ ва бомбалардан ҳимоялаш чоралари бошланди — тарихий биноларнинг деразалари маҳкамланиб, ҳайкаллар ўтга чидамли материаллар билан ўралди. Meduza урушнинг ўнинчи кунида юз берган асосий воқеалар ва фотосуратларни тақдим этди.
Гуманитар йўлакларни очиш тўғрисидаги келишув муваффақиятсиз тугади. 5 март куни Россия Мудофаа вазирлиги Москва вақти билан 10:00 дан (Тошкент вақти билан 12:00) бошлаб сукунат режими жорий этилгани ҳамда Донецк вилоятидаги Мариупол ва Волноваха шаҳарларидан тинч аҳолини олиб чиқиш учун гуманитар йўлаклар очилиши ҳақида маълум қилди. Украина ҳукумати келишувни тасдиқлади: Мариуполдан 200 минг, Волновахдан 15 минг кишини олиб чиқиш режалаштирилгани ҳақида хабар берилди. Эвакуацияда Халқаро Қизил Хоч қўмитаси иштирок этиши керак эди.
Бироқ тез орада томонлар бир-бирини келишувларни бузишда айблай бошлади. Украина ҳукумати Россия сукунат режимига риоя қилмаётгани ва эвакуация йўлларини ўққа тутаётганини айтди. Россия Мудофаа вазирлиги (кейинчалик Владимир Путиннинг ўзи) «миллатчилар» одамларни шаҳарлардан ташқарига чиқаришмади, дея баёнот берди. Шу билан бирга, Украина расмийларига кўра, Волновахани 400 киши тарк этишга муваффақ бўлган. Томонлар йўналишлар бўйича келишиб олгани ёки йўқлиги ҳозирча номаълум. Украина аҳолини Запорожега кўчиришни режалаштирган, Донецк шарққа (яъни айирмачилар назорати остидаги ҳудудга) йўлаклар очилишини, чунки Запорожега бориш «хавфсиз эмас»лигини маълум қилган.
Кечқурун Россия Мудофаа вазирлиги «ҳарбий амалиётлар» қайта бошлангани ҳақида эълон қилди.
Украиналиклар вайрон бўлган кўприк остида тўпланиб, Киев вилояти, Ирпен дарёси орқали Ирпен шаҳридан чиқиб кетишга уринмоқда
Фото: AP Photo
Украина ҳарбийлари аҳолини эвакуация қилиш чоғида кекса аёлни Ирпен дарёсидан олиб ўтмоқда
Фото: AP Photo
Кун давомида Украинада бир қанча россиялик учувчилар қўлга олингани ҳақида хабарлар берилди. Улардан бирининг самолёти Чернигов яқинида уриб туширилган. Украина хавфсизлик хизмати маълумотларига кўра, учувчи Суриядаги ҳарбий амалиётларда қатнашган ва гўёки Владимир Путин Сурия президенти Башар ал-Асад билан тушган суратда у ҳам бор. Бошқа учувчилар Николаэв яқинида асирга олинган.
Россиялик маҳбусларнинг оғир шаклда сўроққа тутилаётгани акс этган бир нечта видеолар тарқалгандан сўнг, Украина президенти офисининг маслаҳатчиси Алексей Арестович Украина ҳарбийларидан Женева конвенциясига риоя қилишни ва Украинани уруш жиноятларида айблаш учун замин яратмасликни талаб қилиб мурожаат йўллади. «Биз Европа давлатининг Европа армиясимиз. Маҳкумларга ваҳшийлик билан муносабатда бўлиш қатъиян ман этилади», — деди у. Украина ҳарбийларига кўра, 5 март куни улар икки рус самолёти, бешта вертолёт ва бир дронни уриб туширган. Россия Мудофаа вазирлиги кун давомида бешта Украина самолёти, бир вертолёт ва бир дрон уриб туширилганини хабар қилди.
Уруш шароитида у ёки бу томоннинг расмий вакиллари томонидан тарқатилган маълумотларни қисқа вақтда текширишнинг имкони йўқ.
54 ёшли Игорь Мажаев уйининг харобалари орасида. Отишма натижасида Игорь хотини ва 12 ёшли қизини йўқотди. Киев вилояти, Мархалевка қишлоғи
Фото: Getty Images
Киев осмонида ракета тутунининг изи
Фото: Reuters
Владимир Путин Россияда ҳарбий ҳолат жорий этиш учун ҳеч қандай асос йўқлигини айтди. Авиация саноати ходимлари билан 45 дақиқалик учрашувда Путин ташқи тажовуз юз берган тақдирда шундай бўлиши мумкинлигини айтди. «Аммо Россияда ҳозир бундай ҳолат йўқ ва умид қиламанки, бўлмайди ҳам», — дея таъкидлади у. Шу билан бирга, Путин учинчи давлатларнинг Украина осмонида парвозларни тақиқлашга уринишларини урушда иштирок этиш деб ҳисоблашини айтди.
Путин, шунингдек, Россиянинг Украинага бостириб кириши кўламини тушунтирди: унинг сўзларига кўра, Россия фақат «Донбасс республикаларига тўғридан-тўғри тўқнашув чизиғида туриб ёрдам бериши мумкин эди», аммо бу ҳолда Ғарб «моддий ресурслар, ўқ-дорилар, жиҳозлар билан чексиз қўллаб-қувватларди». «Шунинг учун биз бошқа йўлдан бордик, қилишимиз керак бўлган биринчи иш ҳарбий инфратузилмани қисман эмас, балки бутунлай йўқ қилиш эди. Асосан қурол-яроғ, ўқ-дорилар, авиация, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари сақланадиган омборлар нишонга олинди», — деди Россия президенти.
Киевда асирга олинган рус аскарларининг матбуот анжумани бўлиб ўтди. Улар россияликларни Украинадаги урушни тўхтатишга чақирди
Фото: AP Photo
Қўлга олинган Россия техникаларидаги З белгиси Украина байроғининг ранги билан бўяб ташланган
Фото: Reuters
Украиналик кўнгиллилар Львовдаги кинотеатр биносида қурол билан ишлашни ўрганмоқда
Фото: AP Photo
Путин Россияга қарши киритилаётган санкцияларни «уруш эълон қилиш»га қиёслади ва тадбиркорларга «максимал иқтисодий эркинлик» бериш, иқтисодий жиноятлар учун одамларни жиноий жавобгарликка тортмаслик тарафдори эканини айтди.
Росавиация Россия авиакомпанияларига хорижга юк ва йўловчи ташувчи рейсларнинг барчасини тўхтатишни тавсия қилди. Бунга «самолётларнинг хорижда ушлаб турилиши ёки ҳибсга олиниши хавфи юқори экани» сабаб қилиб кўрсатилди. Тавсия лизингда хорижий компанияларнинг самолётларига эга бўлган авиакомпанияларга тааллуқлидир. Шундан сўнг, Аэрофлот, «Победа», Azur Air (8 мартдан), Nordwинд ва Пегас Флй (7 мартдан) хорижий рейсларни бекор қилди.
Айни пайтда, глобал компаниялар россиялик мижозлар билан у ёки бу шаклда ишлашни рад этмоқда — сўнгги 24 соат ичида Prada, Puma, Inditex, Moody’s, Adobe, ИБМ, Пайпал, Samsung, Элеcтрониc Arts, Rockстар Гамес, Airbnb, Боокинг, Coursera, Паёнеер ушбу қарорини эълон қилган.
Львовдаги ҳайкаллар ёнғиндан ва тасодифий парчалардан ҳимоя қилиш учун ўтга чидамли материал билан ўралган
Фото: AFP
Киевдаги шарқий фронт чизиғи яқинида турган ҳудудий мудофаа отрядининг аъзоси
Фото: Getty Images
Украиналик қочқинлар Киевни тарк этмоқда
Фото: AFP
Ҳарбий амалиётлар, Украина ҳарбийлари, Россиялик учувчилар, Асирга олинган рус аскарлари Россия ва Украина уруши “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Трамп Путинга қўнғироқ қилиб, Украинадаги урушни муҳокама қилди
Фронтдаги вазият: Россия ҳарбийлари Курск областида қарши ҳужумга тайёрланмоқда
Россия Курск вилоятидаги ҳудудларини қайтариб олишга 50 минг ҳарбий тўплади
АҚШ Исроилга пули тўланган бульдозерларни бермади
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Украина ҚК бош қўмондони: “Фронтдаги вазият мураккаб ва кескинлашиши мумкин”
Иммунитетни кўтариш учун 6 та энг яхши витамин