3 234
Урушнинг 18-куни: НАТО давлати яқинига ракеталар ташланди. Мариуполда икки мингдан ортиқ қурбон (фото)
Одессадаги кўчада танкка қарши тўсиқлар
Фото: AFP
Украинадаги уруш ўн саккиз кундан бери давом этмоқда. Россия қўшинлари янги авиазарбалар берди — авиация Яворив ҳарбий полигонини бомбардимон қилди, у ерда илгари ғарб инструкторлари Украина армиясини шуғуллантирган. Ҳужумда 35 киши ҳалок бўлди, 134 киши яраланди. Владимир Зеленский ҳарбий госпиталга бориб, ярадорлар билан учрашди. Украина шаҳарлари Россия ҳужумига қарши тайёргарлик кўришда давом этмоқда — кўчаларда танкга қарши тўсиқлар тобора кўпайиб бормоқда, одамлар рус машиналарининг ғилдиракларини тешиш учун тиканаклар тайёрламоқда. Meduza 13 март, урушнинг ўн саккизинчи кунидан асосий воқеалар ва фотосуратларни тақдим қилди.
Мариуполда уруш бошидан буён 2187 киши ҳалок бўлган. Ушбу маълумотлар маҳаллий ҳокимият томонидан тақдим этилган. Мариупол шаҳар кенгаши, шунингдек, сўнгги 24 соат ичида шаҳарга камида 22 марта авиазарбалар берилгани, 100 га яқин бомба ташланганини хабар қилди. Шаҳар кенгаши маълумотларига кўра, рус қўшинлари «турар жой бинолари, одамлар гавжум жойларни нишонга олган ҳолда зарба бермоқда, болалар шифохоналари ва шаҳар инфратузилмасини бутунлай вайрон қилмоқда».
Украиналик ҳарбийлар Мариуполдаги позицияда. Бир ҳафтадан кўпроқ вақтдан бери қамал қилинаётган шаҳарнинг чекка қисми Россия армияси назоратига ўтган
Фото: AP Photo
Мариупол бир ҳафтадан кўпроқ вақт давомида қамалда, ундан чиқувчи барча йўллар тўсиб қўйилган. Бир неча кун олдин Мариуполни тарк этган ва ҳозир унинг чеккасида бўлиб турган украиналик журналист Артем Попов шаҳардаги вазият ҳақида гапириб берди:
Мариуполнинг бомбардимон қилиниши мутлақо тартибсиз, деб айта олмайман, аммо шифохоналар, мактаблар ва диний муассасалар ўққа тутилди. Улар (Россия ҳарбийлари) ўт ўчириш бўлимларини ўққа тутмоқда – тушунишимча, бундан мақсад ёнғинларни ўчиришга имкон қолдирмаслик. Сўнгги пайтларда 400 дан 1000 гача одам бўлган бомба бошпаналарига авиазарбалар уюштирилди. Одамлар оммавий қабрларга кўмилмоқда. Ўлган одамларнинг қўшнилари қаерда имкони бўлса, шу жойга қабр қазиб, уларни кўммоқда. Кўчаларда ўликлар жуда кўп.
Украиналик ўт ўчирувчи Киев чеккасида авиазарба оқибатида вайрон бўлган озиқ-овқат омбори ҳудудида.
Фото: AP Photo
Украиналик пайвандчи рус қўшинларининг олдинга силжишини қийинлаштирадиган йўл тиканакларини ясамоқда. Львов
Фото: AP Photo
Россияда урушга қарши намойишчиларни оммавий ҳибсга олиш давом этмоқда. Бутун Россия бўйлаб — Москва, Санкт-Петербург, Нижний Новгород, Челябинск, Уфа, Новосибирск, Иркуцк ва бошқа шаҳарларда 13 март куни урушга қарши янги акциялар ўтказилди. Уларнинг иштирокчилари дарҳол полиция томонидан ҳибсга олинган. Кун якунида «ОВД-Инфо» 800 дан ортиқ қўлга олинганлар ҳақида хабар берди. «ОВД-Инфо» маълумотларига кўра, Украина билан уруш бошланган 24 февралдан бери Россияда урушга қарши акцияларда қарийб 15 минг киши ҳибсга олинган.
Россия қўшинлари Украинанинг Польша билан чегарасидан 25 километр узоқликдаги полигонга ҳужум қилди. 13 март куни эрталаб Россия авиацияси Львов вилояти Яворов тумани Старичи қишлоғидаги Халқаро тинчликни сақлаш ва хавфсизлик марказини бомбардимон қилди. Бу марказ Яворов ҳарбий полигони сифатида ҳам танилган. У Украинанинг НАТОга аъзо Польша билан чегарасидан 25 километр узоқликда жойлашган. Полигонда украиналик ҳарбийлар илгари Ғарб инструкторлари раҳбарлигида тайёргарликдан ўтган, бироқ ҳозирда Украина расмийлари у ерда инструкторлар йўқлигини айтди.
Львов вилояти раҳбари Максим Козицкийнинг айтишича, россиялик ҳарбийлар полигонга 30 та ракета зарбаси берган. Унинг сўзларига кўра, зарбалар туфайли камида 35 киши ҳалок бўлган, яна 134 киши жароҳатланган.
Львов вилоятидаги Яворов ҳарбий полигонига берилган авиазарба оқибатлари
Фото: Reuters
Яворов ҳарбий полигонида яраланган одам тез ёрдам машинасидан ташқарига қараб турибди
Фото: Reuters
Владимир Зеленский Киевдаги ҳарбий госпиталда ётган ярадорларни бориб кўрди
Фото: Украина президентининг матбуот хизмати
Россия Мудофаа вазирлигининг таъкидлашича, рус қўшинлари Львов вилоятида «хорижий ёлланма аскарлар» жойлашган объектларга зарбалар берган, улардан камида 180 нафари ҳалок бўлган, шунингдек, Украинага хориждан келтирилган қуролларнинг катта партияси йўқ қилинган. Россия Мудофаа вазирлигининг расмий вакили Игорь Конашенков «Украина ҳудудига келган хорижлик ёлланма аскарларни йўқ қилиш давом этади», деб ваъда берди.
Украина мудофаа вазирининг маслаҳатчиси Маркиян Лубкивский Россия томонининг мазкур баёнотига муносабат билдириб, 180 нафар хорижликнинг ҳалок бўлгани тўғрисидаги маълумот ҳақиқатга тўғри келмаслигини айтган. «Бу ҳақиқий Россия пропагандаси», — дейди у CNN’га берган интервьюсида. Унинг таъкидлашича, «Яворовский» полигонида ҳалок бўлганлар орасида хорижликлар йўқ.
Россиянинг Польша чегараси яқинидаги полигонга зарбасидан сўнг, АҚШ миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Жейк Салливан агар Россия НАТОга аъзо бирор давлат ҳудудига «бир мартагина ўт очса ҳам», альянс «бор кучи билан» жавоб қайтаришини айтди.
Ҳарбий ҳаракатлар шароитида ҳатто можаро иштирокчиларининг расмий вакиллари томонидан тарқатилган маълумотларни текшириш имконсиз.
Ирпендаги украиналик ҳарбийлар
Фото: AFP
Киев вилояти, Ясногородка посёлкаси ўт очишлардан сўнг
Фото: Sipa Press
Украина ва Россия навбатдаги музокараларда муваффақиятга эришишни ваъда қилмоқда. Украина президенти офиси раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк шундай деди: «Бизнинг талабларимиз — урушни тугатиш ва Россия қўшинларини олиб чиқиб кетиш. Бу жараён ва мулоқот ҳақида тушунча борлигини кўряпман». Унинг таъкидлашича, Украина музокараларда ўз позициясидан чекинмоқчи эмас. «Тушуниш учун. Музокараларда Россия вакиллари энди ультиматум сифатида нимадир демаяпти, балки бизнинг таклифларимизни диққат билан тингламоқда», — дея қўшимча қилди Подоляк.
Музокараларда Россия делегацияси таркибида бўлган Давлат Думасининг Халқаро ишлар қўмитаси раҳбари Леонид Слуцкий яқин кунларда имзолаш учун муайян ҳужжатлар тайёрланиши мумкинлигини айтди. У гап қандай ҳужжатлар ҳақида кетаётганига аниқлик киритмаган.
Беларусда Россия ва Украина делегациялари ўртасида музокараларнинг учта раунди бўлиб ўтган. Улар сезиларли натижа бермади. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг маълум қилишича, тўртинчи раунд 14 март куни видеоалоқа шаклида ўтказилади.
Ирпен шаҳридаги вайрон қилинган кўприк устида озиқ-овқат аравасини судраб кетаётган кўнгилли
Фото: AFP
Ирпенлик фуқаро эвакуацияга ёрдам бериб, мактаб остидаги бомба бошпанасида бирор ким қолиб кетмаганини текширмоқда
Фото: LA Times
Френсис Фукуяма: Россия урушда ютқазиши муқаррар
Америкалик файласуф, сиёсатшунос ва иқтисодчи Френсис Фукуяма American Purpose журнали учун «Preparing for Defeat» («Мағлубиятга тайёргарлик») сарлавҳали мақола ёзди, унда муаллиф Россия Украина билан урушда мағлуб бўлишини, бу «тўсатдан ва ҳалокатли» бўлишини башорат қилган. Фукуяманинг сўзларига кўра, қайсидир вақтга келиб Россия Украинадаги қўшинларини таъминлай олмайди, Владимир Путин эса уларни олиб чиқишга журъат этолмайди.
«Путин ўз армиясининг мағлубиятидан омон қолмайди. У ҳозир қўллаб-қувватлашлардан завқланяпти, чунки уни «кучли одам» деб тушунишмоқда. У ўзининг қобилиятсизлигини кўрсатиб, зўравонлик асосида кучини йўқотган пайтда нимани таклиф қиларкан?» — деб ёзади Фукуяма.
Украиналик аскар Ирпендаги хароба кўприк остида ташлаб кетилган болалар аравачасида дам олмоқда
Фото: AFP
Украина аскарлари артиллерия ўқларидан яширинмоқда. Ирпен
Фото: AP Photo
Урушнинг 18-куни, Музокараларнинг учта раунди, Россия ва Украина делегациялари, Хорижий ёлланма аскарлар Россия ва Украина уруши “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Томошабинлар нафратига учраган, саратонни енгган турк актрисаси — Ваҳиде Перчиннинг мураккаб тақдири
АҚШ Исроилга пули тўланган бульдозерларни бермади
Фронтдаги вазият: Россия ҳарбийлари Курск областида қарши ҳужумга тайёрланмоқда
Россия Курск вилоятидаги ҳудудларини қайтариб олишга 50 минг ҳарбий тўплади
Трампнинг ўғли Зеленский яқин орада «нафақадан» маҳрум бўлишини ёзди
Украина ҚК бош қўмондони: “Фронтдаги вазият мураккаб ва кескинлашиши мумкин”
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
НАТО собиқ қўмондони: “Путин Украинанинг тахминан 20 фоизини қўлга киритади”