19:49 / 14.03.2022
1 263

Активларни легаллаштириш: Садир Жапаров бизнес вакиллари билан «жентлменча келишув» имзолади

Активларни легаллаштириш: Садир Жапаров бизнес вакиллари билан «жентлменча келишув» имзолади
Садир Жапаров / Фото: Қирғизистон президенти матбуот хизмати
Қирғизистон президенти Садир Жапаров 14 март куни бизнес вакиллари билан учрашиб, «Жисмоний шахслар активларининг ихтиёрий легаллаштируви ва амнистияси тўғрисида» қонун лойиҳасини муҳокама қилди.

Ушбу қонун лойиҳаси аввалроқ ноқонуний топилган мол-мулкни легаллаштиришга хизмат қилади, деган ҳадик остида қирғизистонлик юристларнинг танқиди остида қолган эди, деб ёзади Kloop.

Жапаровнинг қайд этишича, ҳужжат биринчи навбатда «яширин» иқтисодиёт улушини камайтириш, активларнинг сақланиши кафолатларини таъминлаш ва мулк эгаларининг давлат органлари томонидан таъқиб этилишидан ҳимоялашга йўналтирилганини қайд этган эди. Жапаровнинг фикрича, «яширин» иқтисодиётнинг юқори даражаси — мамлакат мустақиллиги йилларидаги «энг катта муаммо» бўлиб келган.

Қирғизистон президентининг айтишича, «мамлакат ўз тарихида янги саҳифалар очмоқда», бу қонун лойиҳасини амалга ошириш учун давлатда «етарли сиёсий ирода ва кафолат» бор.

«Жисмоний шахслар активларининг ихтиёрий легаллаштируви ва амнистияси тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари мамлакатимиз тарихида беш марта қабул қилинган. Лекин турли сабабларга кўра кўзланган мақсадларга эришилмаган. Бу ҳолатда қайд этиш муҳимки, қонун лойиҳаси давлат томонидан дахлсизликнинг барча кафолатларини тақдим этади», — дея Жапаровнинг сўзларини келтирмоқда унинг матбуот хизмати.

Ушбу қонун лойиҳаси бўйича таклифлар борасида тадбиркорлар Омурбек Бабанов, Асқар Салимбеков ва бошқа бизнесменлар ўз фикрларини билдириб ўтишган.

Қирғизистон президенти матбуот хизмати хабарига кўра, учрашувда Жапаров ва бизнеменлардан ташқари барча ҳокимият бўғинлари вакиллари ҳам иштирок этишган. Улар ҳам қонун лойиҳаси бўйича ўз нутқлари ва шарҳлари билан чиқиш қилишган.

Учрашув якуни бўйича президент бошчилигидаги давлат органлари вакиллари бизнесменлар билан «жентелменлик келишуви» (ниятлар тўғрисида далолатнома) имзолашган. Қирғизистон президенти матбуот хизмати ушбу келишувнинг тафсилотларини ошкор қилмаган.

Президент администрациясидан қонун лойиҳаси
«Жисмоний шахслар активларининг ихтиёрий легаллаштируви ва амнистияси тўғрисида»ги қонун лойиҳаси яқинда ошкор бўлди. Уни Қирғизистон президенти администрацияси ишлаб чиққан.

Қонун лойиҳасини «Адилет» ҳуқуқий клиникаси таҳлил қилган. Ҳуқуқшунослар ушбу ташаббус мамлакат конституцияси, Қирғизистон аъзо бўлган халқаро шартномалар ва ҳужжатларга, шунингдек, коррупцияга қарши курашиш ва уни йўқ қилиш давлат стратегиясига зид эканлигини қайд этишган.

Қонун лойиҳасига кўра, қирғизистонликлар илгари турли сабабларга кўра ҳужжатлаштирилмаган барча даромадлари ва мулклари кўрсатиб ўтилган махсус декларация топширишлари мумкин. Ҳаттоки улар ноқонуний ёки жиноий йўл билан қўлга киритилган бўлса ҳам.

Бу ҳолатда ҳеч ким активларнинг келиб чиқиш манбасини очиқлашга мажбур бўлмайди. Янги махсус декларация уларнинг келиб чиқиши қонунийлигини тасдиқлаш учун хизмат қилади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Активларни легаллаштириш: Садир Жапаров бизнес вакиллари билан «жентлменча келишув» имзолади