2 915
Урушнинг 34-куни: Шойгу пайдо бўлди ва асосий мақсадни айтди, Николаевда маъмурият биносига ҳужум
Украинада уруш 34 кундан буён давом этмоқда. Россия—Украина делегациялари Истанбулдаги музокараларда афтидан, қандайдир келишувларга эришишни бошлади, аммо жанглар давом этмоқда.
Россиянинг Украинага босқинидаги асосий янгиликлар ҳарбий ҳаракатлар майдонидан эмас, Истанбулдан келди, Украина Россия билан музокаралардан кейин яна бир бор ҳарбий ҳаракатлар маркази Донбасс бўлиши ҳақида баёнот берди. Бу вақтда Европанинг қатор мамлакатлари ўнлаб россиялик дипломатларни чиқариб юборди, Россия мудофаа вазири Шойгу эса икки ҳафтадан ошиқ танаффусдан сўнг яна жамоатчиликка кўриниш берди.
Украина ва Россия делегацияларининг Истанбулда ўтказилган навбатдаги музокараларидан кейин Россия делегацияси вакили, мудофаа вазири ўринбосари Александр Фомин моҳиятан россиялик ҳарбийлар ўтган ҳафта охиридан айта бошлаган гапларни такрорлади: у Россия армияси Украина шимолида, Киев ва Чернигов областлари ҳудудида интенсив ҳарбий ҳаракатларни кескин қисқартиришини айтди.
Ундан олдинроқ Россия мудофаа вазирлиги вакиллари ҳарбий кампаниянинг асосий фокуси Донбассга қаратилаётгани ҳақида гапирганди. Хусусан, 25 март куни Россия Бош штаб бош оператив бошқармаси бошлиғи Сергей Рудской Украинадаги махсус операциянинг биринчи босқичи якунларини сарҳисоб қилганди ва асосий вазифа «Донбассни озод қилиш» бўлиб қолаётганини таъкидлаганди.
Сешанба куни селектор йиғилишида иштирок этган Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу Украинадаги махсус ҳарбий операциянинг асосий вазифалари бажарилганини, шунинг учун энди асосий мақсад – Донбассни озод қилишга эътибор қаратиш имконияти юзага келганини айтди. У 11 мартдан буён илк бор оммага кўриниб, баёнот берди (унинг икки ҳафтадан ортиқ вақт мобайнида ахборот майдонидан йўқ бўлиб қолиши турли фаразларни туғдирган, жумладан у қаттиқ бетоблигидан тортиб, истеъфога чиқарилганигача гаплар тарқалганди).
Украина Бош штаби сешанба куни Россиянинг айрим бўлинмалари олиб кетилгани ва Киев атрофидаги айрим аҳоли пунктлари озод этилгани ҳақида хабар берди.
Умуман олганда эса, Украина ҳам, унинг иттифоқчилари ҳам россияликларнинг бу баёнотларига ишончсизлик билан ёндашмоқда. АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ва Британия бош вазири Борис Жонсон россияликларнинг айтган гаплари қилаётган ишларига тўғри келмаслиги ва уларга фақат ишлари бўйича баҳо берилиши ҳақида гапиришди.
Украина президенти Владимир Зеленский миллатга ҳар кунги видеомурожаатида Истанбулдаги музокаралар жараёнига изоҳ берди. «Биз музокаралар майдонида эшитган сигналларни ижобий деб аташимиз мумкин, аммо бу сигналлар Россия снарядларининг овозларини босиб қўя олмайди», деган Зеленский.
У мамлакатда вазият яхшиланиб қолмаганини қайд этган ва Москванинг Киевга ҳужум тўхтатилгани ҳақидаги баёнотларига алданмасликка чақирган. «Биз тажовузкор давлат вакилларининг сўзларига ишониш учун асос кўрмаяпмиз», деган Зеленский.
Шу муносабат билан у Россиядан санкцияларни ечиш масаласини муҳокама қилишга ҳали вақтли эканини таъкидлаган. «Уруш якунланмас экан, биз ҳудудларимизни қайтариб, адолатни тикламас эканмиз, санкциялар масаласини кўтариб бўлмайди», деган Украина президенти.
Россия делегацияси вакили Владимир Мединский Истанбулдаги учрашувдан кейин Украинанинг музокаралардаги таклифларини баён этди. Мединскийнинг сўзларига кўра, Украина БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолари, шунингдек Туркия ва Исроилнинг аниқ ва қатъий кафолати эвазига блоклардан холи давлат мақомига рози бўлади.
Лекин ҳарбий ҳаракатлар одатдагидек давом этди. Фронтда жиддий илгарилаш кузатилмаган - фақат юқорида келтирилганидек, Украина томони Киев атрофида қарши юриш қилмоқда, шунингдек, Херсон областида ҳам бир қанча аҳоли пунктлари қайтариб олинган.
Россия Украинанинг турли шаҳарларидаги турли нишонларга ракета учирмоқда. Хусусан, 29 март тонгида Николаев области маъмурияти биносига ҳужум қилинди. Сўнгги маълумотларга кўра, харобалар остидан 12 кишининг жасади олиб чиқилган, 33 киши яраланган. Област губернатори, уруш даврида ўз видеоҳисоботлари билан интернет юлдузига айланган Виталий Ким жабрланмаган, унинг ўзи айтишича, «ухлаб қолгани» сабабли ишга кеч қолган ва бу унинг ҳаётини сақлаб қолган.
Бундан ташқари, россияликлар турли шаҳарларда ёнилғи сақлаш базаларига ҳужумлар уюштирган.
Европанинг қатор мамлакатлари демарш амалга оширишди ва икки кун ичида 50 нафарга яқин россиялик дипломатлар жосусликда айбланиб, чиқариб юборилди.
Бельгия сешанба куни 21 нафар россиялик дипломат чиқариб юборилгани ҳақида эълон қилди, Нидерландия - 17, Ирландия - 4. Урушдан олдинроқ Россия элчихонаси ходимлари сонини кескин қисқартирган Чехия бир нафар дипломатни жосусликда гумонлаган, Шимолий Македония эса душанба куни беш нафар россияликни персона нон-грата деб эълон қилганди.
Россия эса сешанба куни Болтиқбўйи давлатларидан бўлган тўққиз дипломатни персона нон-грата деб эълон қилди. Бу икки ҳафта муқаддам Эстония, Латвия ва Литвадан россиялик дипломатлар чиқариб юборилганига жавоб бўлди.
Meduza 29 март куни уруш зонасидан олинган асосий фотосуратларини жамлади.
Донецк ҳарбийлари Мариупол йўлида. Шаҳар февраль ойининг охиридан бери қамалда қолмоқда
Фото: Reuters
«Ўнг сектор» батальони артиллерияси. Батальон 2014 йилда мамлакат шарқида жанг қилган қўмондон — 26 ёшли Украина қаҳрамони Дмитрий Коцюбайлонинг чақирув белгисидан кейин «Да Винчи бўрилари» номи билан ҳам танилган. Россияда ушбу батальон экстремистик ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган.
Фото: «Грати»
Украиналик ҳарбий хизматчи фронт чизиғига яқин жойда эгаси ташлаб кетган уйдаги ўйинчоқ пулемётни қўлига олиб кўрмоқда. Киев вилояти.
Фото: Reuters
Фронтда автоматига суяниб тин олаётган украиналик ҳарбий. Киев вилояти.
Фото: Reuters
Украиналик аскарлар Киев шимолидаги окопларда.
Фото: AP Photo
Николаевдаги вилоят маъмурияти биноси портлатилгандан сўнг. Кечқурун вайроналар остидан қутқарувчилар 12 кишининг жасадини топди.
Фото: AP Photo
Николаевдаги отишмадан кейин шикастланган девор.
Фото: AP Photo
Яқинларининг дарагини кутиб йиғлаётган аёл. Николаев.
Фото: Reuters
Украиналик полициячи катта калибрли пулемёт билан жиҳозланган спорт машинаси устида. Николаев.
Фото: AFP
Мариупол чеккасида қабр қазиётган маҳаллий аҳоли.
Фото: AP Photo
Донецк ҳарбий хизматчилари Мариупол чеккасида отишма ва жанглар натижасида вайрон бўлган турар жой бинолари олдида суратга тушмоқда.
Фото: AP Photo Россия ва Украина уруши “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Иммунитетни кўтариш учун 6 та энг яхши витамин
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
АҚШда Трамп сиёсатидан қочмоқчи бўлганларга 4 йиллик саёҳат таклиф қилинди
Нодирбек Абдусатторов Ҳиндистондаги мусобақада пешқадам бўлиб турибди
Филмлар, қўшиқлар ва сериаллар «маънавий экспертизадан» ўтказилади
Чет эл валюталарининг ўзбек сўмига нисбатан янги қийматлари эълон қилинди