15:43 / 03.04.2022
1 290

Украина Мудофаа вазирлиги: Киев вилоятида Россия қўшинлари қолмади

Украина Мудофаа вазирлиги: Киев вилоятида Россия қўшинлари қолмади
Бучадаги украиналик ҳарбийлар
Фото: Reuters

Киев вилоятида Россия қўшинлари қолмади. Бу ҳақда Украина мудофаа вазири ўринбосари Анна Маляр маълум қилди. Малярнинг қайд этишича, эндиликда Украина ҳарбийлари томонидан назорат қилинаётган аҳоли пунктлари орасида Ирпин, Буча ва Гостомел ҳам бор.

Шу билан бирга вазирлик вакили маҳаллий аҳолини миналардан тозалаш жараёни тугагунига қадар ушбу аҳоли пунктларига қайтишдан вақтинча тийилишга чақирди.

Украина музокарачилар жамоаси раҳбари Давид Арахамиянинг маълум қилишича, Россия Истанбулдаги музокараларда Украина таклиф қилган тинчлик шартномаси лойиҳасини оғзаки қабул қилди, Қрим бўйича таклиф бундан мустасно.

Арахамиянинг сўзларига кўра, Киев ҳозир Москва ўз позициясини ёзма равишда тасдиқлашини кутмоқда. У шунингдек, ҳозирда бир гуруҳ ҳуқуқшунослар ва дипломатлар ҳужжатларнинг якуний вариантларини тайёрлаётганини айтди.

Аввалроқ Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг Россия президенти Владимир Путин билан суҳбатига ишора қилиб, Арахамия Россия келишув лойиҳаларини президентлар Путин ва Владимир Зеленский ўртасида учрашув ўтказиш учун етарли даражада ишлаб чиқилган деб ҳисоблаётганини айтди.

«Бизнинг вазифамиз — кўриб чиқилган масалаларнинг якуний босқичини тезроқ ишлаб чиқиш ва президентларнинг эҳтимолий учрашувига замин яратиш», — деди украиналик музокарачи учрашув Анқара ёки Истанбулда ўтказилиши мумкинлигини таъкидлаб.

Россия — Украина делегацияларининг юзма-юз музокаралари 29 март куни Истанбулда бўлиб ўтганди. Музокаралар чоғида Украина делегацияси Киев хавфсизлик кафолатлари эвазига НАТОга қўшилиш режаларидан воз кечишга тайёрлигини маълум қилди, Донбасс масаласи эса ўт очишлар тўхтатилгандан кейин Путин ва Зеленский ўртасидаги кейинги музокаралар жараёнида ҳал қилиниши керак. Қримнинг мақоми масаласида эса Украина 15 йил давомида икки томонлама маслаҳатлашувлар ўтказишни таклиф қилган.

Музокаралардан сўнг Россия Киев ва Чернигов йўналишларида ҳарбий фаоллик кескин қисқартирилишини эълон қилди. Мудофаа вазири ўринбосари Александр Фоминнинг айтишича, бундай қарор «ўзаро ишончни ошириш ва кейинги музокаралар учун зарур шарт-шароитларни яратиш мақсадида» қабул қилинган.

30 март куни Россия Мудофаа вазирлиги бу рус қўшинларининг «режалаштирилган қайта гуруҳланиши» эканлигини таъкидлаб, буни «Россия кучларининг Киев ва Чернигов йўналишларидаги барча асосий вазифалари бажариб бўлингани» билан изоҳлади. Вазирлик қайта гуруҳланиш сабабини «Донбассни тўлиқ озод қилиш бўйича операцияни якунлаш» деб атади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Украина Мудофаа вазирлиги: Киев вилоятида Россия қўшинлари қолмади