23:31 / 13.04.2022
2 414

Украинадаги вазият: Мариупол охирги кучлари билан ҳимояланмоқда

Украинадаги вазият: Мариупол охирги кучлари билан ҳимояланмоқда
Mstyslav Chernov / AP / Scanpix / LETA
Буюк Британия ва АҚШ Мариуполда кимёвий қурол қўллангани ҳақидаги хабарни текширмоқда, бу вақтда шаҳарда қақшатқич жанглар давом этмоқда. РФ мудофаа вазирлиги Мариуполда украиналик ҳарбийларнинг мингдан ортиғи асир тушгани ҳақида хабар берди, Украина томони буни рад этди, шаҳар мудофаасида қатнашаётган британиялик кўнгилли русларга асир тушгани тахмин қилинмоқда.

Мариуполь: жанглар ва кимёвий қурол қўллангани бўйича текширув
Энг шиддатли жанглар кетаётган ҳудуд - март ойи бошидан буён россиялик ҳарбийлар қамалидаги Мариуполь бўлиб қолмоқда. Хабар қилишларича, РФ армияси шаҳарнинг катта қисмини назорат қилмоқда, украиналик ҳарбийлар назоратида эса фақат бир неча кварталлар қолган.

Сўнгги кунларда Мариупол ҳимоясидаги айрим украиналик ҳарбийлар видеомурожаат қилишди, унда айтилишича, мудофаачиларда қурол ва ўқ-дори тугаган, раҳбарият билан эса алоқа узилган.

11 апрель куни Украина ҳарбий-денгиз кучларининг 36-алоҳида денгиз пиёдалари бригадасининг фейсбукдаги саҳифасида Украина ҳукумати томонидан қўллаб-қувватлов бўлмаётгани ҳақида пост қолдирилди.

«Биз 47 кундан буён Мариуполни ҳимоя қиляпмиз. Бизни самолётлар билан бомбалашмоқда, бизни артиллерия, танклар ва бошқа ўточар воситалардан ўққа тутишмоқда. Биз мудофаани ушлаб турибмиз, имконсиз ишни қиляпмиз. Аммо ҳар қандай ресурслар тугайди», — дейилган хабарда.

Бригада уруш бошланганидан буён фақат 50 та артиллерия снарядлари, 20 та мина, бир қанча танкка қарши NLAW тизимлари ва сунъий йўлдош орқали интернетдан фойдаланиш учун Starlink тўплами олингани ҳақида маълум қилган.

«Бизга бошқа ҳеч нарса берилмади. <…> Рақиб бизни босқичма-босқич «Азовмаш» заводига суриб борди, ўраб олди, ўт ёғдирди ва энди бизни йўқ қилмоқчи. Бизга захира кучларини юбориш ва мудофаани мустаҳкамлаш варианти бор эди. Бригада ёриб ўтиши ва ўз қўшинларига қўшилиши варианти бор эди. <…> Денгиз пиёдалари бир ойдан ортиқ вақт мобайнида ўқ-дори захираларисиз, озиқ-овқатсиз, сувсиз жанг қилишди ва ҳалок бўлишди. <…> Пиёдалар қирилди ва энди отишмаларда артиллериячилар, зенитчилар, алоқачилар, ҳайдовчилар ва ошпазлар қатнашмоқда. Ҳатто оркестр. Ўлишмоқда, аммо курашишмоқда. <…> Биз билан энди ҳеч ким алоқа қилмаяпти, чунки биз ҳисобдан чиқарилганмиз. Бугун, эҳтимол, сўнгги жанг бўлади, чунки [ўқ-дори] қолмаган. Уёғига қўл жанги. Кейин кимлардир ҳалок бўлади, кимлардир — асир тушади», дейилади постда.

Украинанинг «Новинарня» нашри 36-бригаданинг фейсбукдаги саҳифасини юритувчи ҳарбий хизматчи билан боғланган. У саҳифа бузиб кирилмаганини тасдиқлаган. Шу билан бирга эълон қилинган пост қисмнинг расмий позицияси эмаслиги, балки «денгиз пиёдасининг мактуби» экани — постни 36-бригаданинг юқори мартабали офицерларидан бири (бригада у орқали ташқи дунё билан алоқада бўлади) жойлаштиргани маълум қилинган. Нашр суҳбатдошининг ёзишича, гўёки офицер хатни унинг фамилиясини кўрсатмасдан 11 апрел куни эълон қилишни сўраган, шундан кейин у алоқага чиқмаган.

Бу Мариуполда қолаётган украиналик жангчиларнинг биринчи бор шикоят қилиши эмас. 10 апрел куни «Азов» полки твиттерида полк командири ўринбосари Святослав Паламарнинг видеомурожаати эълон қилинди. У бўлинма икки ҳафтадан ортиқ вақтдан буён Украина сиёсий раҳбарияти билан боғлана олмаётганини айтган.

«Сиз бу ерда бўлиш қандайлиги, бундай шароитда қандай жанг қилишни, Мариупол ҳимоячилари қандай кунларни бошдан кечираётганини ўйлаб кўрдингизми? <…> Бу сиёсатчилар «Биз уларни қўллаб-қувватлаяпмиз, биз доим алоқадамиз» дейишмоқда, аммо икки ҳафтадан ошдики, ҳеч ким гўшакни кўтармайди ва биз билан ҳеч ким гаплашмайди. Бу биз ҳақимизда эслаш, Мариуполь ҳақида эслаш… Бу жафокаш-шаҳар, курашган-шаҳар. Ва биз ўтмишда эмасмиз, биз бугундамиз, тушуняпсизми? Бу худди тирик ва ёрдамга келишларига умидвор бўлатуриб ўзинг ҳақингда таъзиянома ўқишга ўхшайди», деган у.

Мариуполдаги жангчиларнинг чиқишларидан кўп ўтмай Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний шаҳар мудофааси давом эттирилаётгани, у ердаги қисмлар билан алоқа «барқарор сақланаётгани»ни маълум қилди.

«Мудофаа амалиётларини ўтказиш жамоатчилик муҳокамасига ташланадиган мавзу эмаслигини таъкидлайман. Биз ғалаба учун, барча йўналишларда шахсий таркиб ва тинч аҳоли ҳаётини сақлаб қолиш учун имкон доирасидаги ва имкон доирасидан ташқаридаги ишларни қилмоқдамиз», дея ёзган Залужний.

12 апрел куни Украина президенти офиси раҳбари Михаил Подоляк твиттердаги саҳифасида Мариуполда қолаётган ҳарбийларда чиндан ҳам ўқ-дори етишмовчилиги юзага келганини ёзди. «Президент ва Қуролли кучлар раҳбарияти ҳарбийларимизга ёрдам бериш ва ечим топиш учун мумкин бўлган (ва мумкин бўлмаган) ишларни қилмоқда», — деган Подоляк.

Аввалроқ Украина президенти Володимир Зеленский Мариуполдаги украин жангчилари 10 минг россиялик ҳарбийларни тутиб тургани, агар шаҳар қуласа, бу қўшинлар Донбассга ўтиши вазиятни қийинлаштириши мумкинлигини айтганди. «Азов» рақиб кучи полкникидан 10 баробар кўп эканини маълум қилган.

Мариуполда Чеченистондан келган ҳарбий қисмлар ҳам жанг қилмоқда. Республика раҳбари Рамзан Қодиров, «Важные истории» нашрининг ҳисоблашича, 14 мартдан 6 апрелга қадар 26 марта тез орада шаҳар тўлиқ эгалланиши ҳақида айтган. 8 апрель куни Қодиров Мариуполь «98 фоизга озод этилгани, фақат бандерачиларнинг алоҳида позициялари, жумладан «Азовсталь»да қолгани»ни айтганди.

Кимёвий ҳужум эҳтимоли
11 апрел куни ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган ДХР халқ милицияси вакили Эдуард Басурин «Азовсталь» заводида уч-тўрт минг «нациклар» яширингани, улар заводнинг қамал қилиб кириб бориш қийин бўлган ерости қаватларида жойлашгани ҳақида айтди ва уларни «кимёвий қўшин»ни ишга солган ҳолда ҳайдаб чиқариш мумкинлигини қўшимча қилди.

Фото: Reuters
11 апрель куни кечқурун «Азовсталь»ни ҳимоя қилаётган «Азов» полки ҳарбийлари полкнинг уч нафар ҳарбийси номаълум моддадан заҳарлангани, бу модда ҳудудга дрон орқали ташланган бўлиши мумкинлигини маълум қилди, аммо заҳарланиш ҳолатини тасдиқловчи далил келтирилмади.

Кўп ўтмай Пентагондагилар кимёвий қурол қўлланиши эҳтимоли чуқур ташвишга солаётганини маълум қилишди, Буюк Британия ташқи ишлар вазири Лиз Трасс бу ҳодиса жиддий текширилишини маълум қилди.

Зеленский видеомурожаатида Ғарбни Россияни кимёвий қурол қўллашдан тийиш учун барча имкониятларни ишга солишга чақирди - у бундай қурол қўллангани ҳақида гапирмади.

Сешанба куни Россия мудофаа вазирлиги 11 апрел куни 100 нафарга яқин украин ҳарбийлари жанг орқали Мариуполдан чиқишга урингани, аммо бу уриниш «барбод бўлгани» ҳақида маълум қилди.

Мариупол мэри Вадим Бойченко Associated Press мухбири билан суҳбатда уруш бошидан буён шаҳарда тинч аҳоли вакилларининг 10 мингдан ортиқ вакили қурбон бўлганини айтди. «Жасадлар ерни гилам бўлиб қоплаган», деди мэр интервьюда. Унинг ўзи шаҳарда эмаслиги, аммо Украинани тарк этмагани маълум қилинган.

13 апрель куни эса Донецк области ҳарбий маъмурияти раҳбари Павел Кириленко CNN учун берган маълумотида, Мариуполда ҳалок бўлганлар сони 20-22 минг атрофида эканини айтди. У бу дастлабки тахминий ҳисоб-китоблар эканини қайд этган.

Кириленко Мариуполга кимёвий ҳужум қилингани ҳақидаги хабар ҳозирча тасдиқланмагани ва текширилиши давом этаётганини билдирган.

Британиялик кўнгилли Украина шарқида асир тушган бўлиши мумкин

Қасамёд қабул қилиш чоғидаги фотосурат. Эйден Эслин 2018 йилда Украина қуролли кучлари сафига кирганди
GETTY IMAGES

Мариуполда Украина қуролли кучлари сафида жанг қилган британиялик кўнгилли аскарнинг оиласи ва дўстлари BBC билан суҳбатда маълум қилишича, у Британиядаги яқинларига қўнғироқ қилиб, унинг бўлинмаси россиялик ҳарбийларга таслим бўлишга тайёрланаётгани ҳақида айтган.

Ньюаркдан бўлган Эйден Эслин Украинага 2018 йилда келган ва ўша йили Украина денгиз пиёдалари сафида хизмат қила бошлаган. Ўтган ҳафталар давомида Эйденнинг бўлинмаси қамалдаги Мариуполни ҳимоя қилишда иштирок этган.

Аскарнинг онаси - Энг Вуд - BBC мухбирига ўғли билан сўнгги телефон мулоқоти ҳақида айтиб берди: «У менга қўнғироқ қилди ва уларда курашни давом эттириш учун қурол қолмаганини айтди. Мен ўз ўғлимни севаман. У менинг қаҳрамоним. Улар шерлар каби курашишди. Унинг овози нормал эди».

Денгиз пиёдасининг дўсти Бреннан Филипс ҳам Эйден билан қўнғироқлашгани, у мудофаадаги ҳарбийларда озиқ-овқат ва ўқ-дори тугагани, шунинг учун уларда асир тушишдан ўзга чора қолмаганини айтгани ҳақида гапирган.

36-бригаданинг кейинги тақдири номаълум

Шаҳардаги йирик «Азовсталь» заводида қўним топган «Азов» полки кимёвий ҳужумга учраган бўлиши мумкин
РФ мудофаа вазирлиги расмийси Игорь Конашенков 13 апрель тонгидаги брифингда Мариуполда «36-денгиз пиёдалари бригадасининг 1026 нафар ҳарбий хизматчиси қуролларини топшириб, таслим бўлгани» ҳақида айтди. У асир тушган украин ҳарбий хизматчиларининг 162 нафари офицер эканини қўшимча қилди.

Маълум қилинишича, 36-денгиз пиёдалари бригадасининг 151 нафар яраланган ҳарбийсига воқеа жойида биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилган, шундан сўнг улар даволаниш учун Мариуполдаги шифохонага етказилган.

36-бригада ҳарбийлари асирликка тушгани ҳақида Россия телеграм-каналлари ва Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ҳам хабар берган.

Шу билан бирга 12 апрел куни Украинадаги каналларда 36-бригада қисмлари қуршовдан чиқиб, «Азов» полкига қўшилгани ҳақида хабар тарқатилган.

Украина расмийлари Мариуполдаги денгиз пиёдалари тақдири бўйича ўз версиясини билдирди.

«Мариуполда 36-денгиз пиёдалари бригадаси бўлинмалари мураккаб ва жуда хавфли манёврлар орқали «Азов» полки билан қўшилиш учун қуршовни ёриб ўтди. 36-бригада қисмлари жиддий талафотдан қутулиб қолди ва қўшимча жиддий имкониятларга эга бўлди, амалда иккинчи имкониятни қўлга киритди», дея ёзган Зеленскийнинг офиси раҳбари маслаҳатчиси Алексей Арестович.

«Шаҳар мудофаа тизими ўсди ва мустаҳкамланди», дея ишонч билдирган у.

Ўз навбатида Украина мудофаа вазирлиги Reuters агентлиги сўровига жавобан Россия армиясининг Мариуполда украиналик ҳарбийлар асирга тушгани ҳақидаги хабарига изоҳ бериб, бундай маълумот йўқлигини билдирган.

Вазият кескинлашаётган тўрт регион
Украинадаги энг қақшатқич жанглар кетаётган шаҳарлар мэрлари ва ҳудудлар раҳбарлари ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали бўлаётган ҳодисаларни баён қилишмоқда. Энг кескин вазият - Донецк ва Луганск областларининг Украина назоратидаги қисми, Херсон области ва Харьковдаги Изюм шаҳри атрофи бўлиб қолмоқда.

Душанба куни Харьков области маъмурияти раҳбари Олег Синегубов сўнгги бир кундаги зарбалар оқибатида шаҳарда 8 киши ҳалок бўлгани (улардан бири 13 ёшли бола), 19 киши яралангани, улар орасида тўрт ва тўққиз ёшлардаги болалар борлиги ҳақида хабар берганди. Синегубовнинг сўзларига кўра, россияликлар снаряди 16 қаватли уйга келиб тушган.

Луганск области маъмурияти раҳбари Сергей Гайдай 12 апрел ҳолатига кўра, регионда тинч аҳоли вакилларидан 151 киши ҳалок бўлганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, эвакуация давом этмоқда, аммо областнинг 90 минг аҳолиси бомбапанагоҳларда қолмоқда.

Донецк области маъмурияти раҳбари Павел Кириленко россиялик ҳарбийлар босқини бошланганидан буён областнинг Украина назоратидаги ҳудудида тинч аҳоли вакилларидан 237 киши ҳалок бўлгани тасдиқланган, аммо РФ армияси кирган Мариупол ва Волновахада ҳалок бўлганларнинг аниқ сони маълум эмас.

Херсон областининг катта қисми ва област маркази Россия армияси томонидан ишғол этилган, аммо регионда жанг давом эттирилмоқда. Сешанба тонгида Украина бош штаб «душман Херсон областининг маъмурий чегараларини тўлиқ эгаллаш учун уринишларини тўхтатмаётгани» ҳақида маълум қилди. Россия ва Украина уруши

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Украинадаги вазият: Мариупол охирги кучлари билан ҳимояланмоқда