08:00 / 28.04.2022
993

Ўзбекистон имом-хатибларининг Америкадаги ватандошларимиз билан учрашувлари давом этмоқда

Ўзбекистон имом-хатибларининг Америкадаги ватандошларимиз билан учрашувлари давом этмоқда
Мамлакатимизнинг АҚШдаги элчихонаси ва Нью-Йоркдаги Бош консулхонаси ташаббуси билан Ўзбекистон Мусулмонлари идораси масъул ходимларидан иборат делегация Американинг Нью-Йорк, Оҳайо ва Иллинойс шаҳарларида бўлиб, у ерда истиқомат қилаётган ватандошларимиз билан биргаликда муқаддас Рамазон ойига бағишланган маросимларда қатнашди.

Хусусан, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси вакиллари Нью-Йорк шаҳрининг Бруклин туманида «Mahalla USA» ва «Ватандош» нодавлат нотижорат ташкилотлари, янги ташкил этилган «Абу Ҳанифа Ислом маркази» жамияти раҳбарлари ва фаол юртдошларимиз томонидан янги бунёд этилган «Абу Ҳанифа Ислом маркази» масжидининг расмий очилиш маросимида иштирок этди. Ушбу тадбирда 600 нафардан ортиқ ватандошларимиз қатнашди.

Нью-Йорк шаҳрида Ўзбекистон имом-хатиблари 2016 йили «Mahalla USA» нодавлат нотижорат ташкилоти ҳузурида ташкил этилган «Зиё Арт» ўқув маркази ва «Пахтакор-Нью-Йорк» клублари фаолияти билан танишди. Марказда таҳсил олаётган ёш болалар ва уларнинг ота-оналари иштирокида давра суҳбатлари ташкил этилди. Унда имом-хатиблар ёшларни миллий руҳда тарбиялаш, фарзандларнинг одоби, аҳлоқи ва таълим-тарбиясига катта эътибор қаратиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратди.

Нью-Йорк шаҳридаги «Da Mikelle Palazzo» марказида бўлиб ўтган ифторлик аввалида Ўзбекистоннинг Америка Қўшма Штатларидаги элчиси Жавлон Ваҳобовнинг табриги элчихона ходимлари томонидан ўқиб эшиттирилди. Унда ватандошларимиз муқаддас Рамазон ойи муносабати билан қутлангани баробарида мамлакатимиз тараққиёти янги босқичга кўтарилгани ҳамда юртимизда янги давлат барпо этиш йўлида тарихий ишлар амалга оширилаётгани алоҳида таъкидланди. АҚШдаги ватандош уюшмалари билан ҳамкорликда кўплаб лойиҳалар амалга оширилаётгани ҳам қайд қилинди, ватандошларимизнинг мамлакатимиз нуфузини оширишга, миллий урф-одатларимиз ва анъаналаримизни сақлаб қолган ҳолда юртимизнинг бой илмий, маданий-маънавий меросини тарғиб этишга қўшиб келаётган ҳиссалари эътироф этилди.

Ўз навбатида, ватандош ташкилотлар фаоллари АҚШдаги юртдошларимизни тарихий Ватан атрофида жипслаштириш учун ўз ҳиссаларини қўшишга тайёр эканини билдирди.

Уламоларимиз Оҳайо штатидаги Цинциннати шаҳрига сафар доирасида қурилиши режалаштирилаётган «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф» масжидига тамал тошини қўйиш маъросимида иштирок этди.

Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси вакиллари янги ташкил этилаётган «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ислом маркази» ва масжиди қурилишига маблағ тўплаш учун АҚШ ҳудудида кенг оммалашган «Фунд-райзинг» (маблағ тўплаш) хайрия маъросимида ҳам қатнашди.

Ватандош ташкилотлар раҳбарлари, кўплаб юртдошларимиз қатнашган ушбу тадбирни «Greater Cincinnati» Ислом маркази директори Ашраф Тарабилсий очди. У Ўзбекистон заминидан Ислом дини ривожига муносиб ҳисса қўшган кўплаб уломалар етишиб чиққанини алоҳида таъкидлади. «Бугунги кунда мамлакатда муқаддас Ислом динимизга қаратилаётган эътибор учун Ўзбекистон раҳбарияти ва дин улламоларига миннатдорлик билдирамиз», деди Ашраф Тарабилсий.

Оҳайо штатида истиқомат қилаётган 800 нафарга яқин юртдошларимиз иштирокида ташкил этилган ифторликда Ўзбекистон Мусулмонлари идораси вакиллари томонидан юртимизда сўнгги йиллар давомида диний соҳада амалга оширилаётган ишлар, фуқароларимизнинг диний эркинларини таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлар, соҳа янгиликлари ҳақида фикр юритди.

Мингдан ортиқ мусулмон иштирокида ўтган таровеҳ намозидан сўнг маъруза билан чиқиш қилган ўзбекистонлик имомлар анъанавий ислом мазмун-моҳияти ҳақида сўзлаб берди. Шунингдек, ушбу тадбирлар доирасида ўтказилган давра суҳбатларида ватандошларимизни қизиқтирган саволларига жавоблар берилди.

Ўзбекистон уламоларининг навбатдаги манзили Иллинойс штатининг Чикаго шаҳри бўлди. Сафар доирасида Чикагода истиқомат қилаётган ватандошлар билан учрашув бўлиб ўтди. Бундан ташқари, Ўзбекистон делегацияси «Чикагодаги Ўзбекистон – Америка» ассоциацияси ҳузурида ташкил этилаётган «Ал-Бухорий ислом маркази» фаолияти билан ҳам танишди. Бу ерда ўтказилган тадбирда «Чикагодаги Ўзбекистон – Америка» ассоциацияси раҳбари О.Шарипов Ислом маркази учун сотиб олинган мажмуа билан таништирди. Мажмуада ташкил этилган маданият маркази, кутубхона ва Қуръон ўқиш курслари хоналари кўздан кечирилди. Қуръон курсларида 50 нафарга яқин ўқувчига таҳсил бериш имконияти борлиги, кейинчалик ушбу ўқув марказида Чикагода яшаб келаётган 2 мингга яқин ўзбек оилалари учун боғча ва бошланғич мактаб ташкил этиш режалаштирилгани маълум қилинди.

Ватандошларимиз Америкаа ўзбек тили, маданияти ва анъаналарини сақлаб қолиш ҳамда юртимизнинг бой илмий, маданий ва маънавий меросини кенг тарғиб қилиш ва оммалаштиришга тайёр эканини билдирди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакиллари «Shalimar Banquets» мажмуасида Ал-Бухорий ислом маркази фаоллари томонидан ташкил этилган «Фунд-райзинг» хайрия маъросимини якуний қисмида ҳам қатнашди. Ушбу мажмуада ифторлик тадбири ташкил этилди. Унда 400 нафардан ортиқ ватандошлар ва хорижий мамлакатлар фуқаролари иштирок этди.

Америка заминидаги самимий ва амалий руҳда ўтган учрашувларда диаспорал ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтириш, ватандошлар иштирокида ўзбекистонлик имом-хатибларини жалб қилган ҳолда турли тадбирларни ташкил этишга келишиб олинди.

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси делегациясининг Америка Қўшма Штатларига сафари 2 майга қадар давом этади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ўзбекистон имом-хатибларининг Америкадаги ватандошларимиз билан учрашувлари давом этмоқда