
Анъанавий таомлар бўйича халқаро онлайн қўлланма сифатида тан олинган TasteAtlas дунёнинг энг яхши 50 та нонуштасини ўрганиб чиқди ва Туркия нонуштасини рейтингда биринчи ўринга қўйди. Ажойиб натижа билан турк “қаҳвалти”си 5 балллик шкалада 4,8 балл тўплади.
Бир қарашда оддийдек туюлган турк нонуштаси аслида бир неча турли таомлар, мазали чой ва маданий муҳитнинг уйғунлигидан ташкил топган. Пишлоқ ва зайтунлар, туғралган сабзавотлар, тоза нон, асал, мураббо, тухум, бўрек ва албатта шиша стакандаги иссиқ чой – буларнинг барчаси бир столда жамланадиган анъанавий турк нонуштасининг ажралмас қисмларидир. Бу нонушта нафақат овқатланиш, балки аҳиллик ва суҳбат учун ажойиб муҳит яратиб, ижтимоий анъанага айланган.

TasteAtlas’нинг рейтингидан ўрин олган бошқа машҳур таомлар ҳам бор. Масалан:
- 9-ўринда ширин ва ёғли қатламалари билан машҳур “Катмер”,
- 12-ўринда соғлом ва тўйимли “Ясмиқ шўрва”,
- 24-ўринда барчага таниш “Бўрек”,
- 28-ўринда ажойиб дуэт — асал ва кўпиртирилган қаймоқ,
- 46-ўринда эса суюқ ёғда пиширилган тўлдирилган хамир “Гўзлеме”.
Бошқа мамлакатлардан эса:
- Сербиянинг “Комплет Лепинжа”си,
- Ливиянинг “Стунз”и,
- Эроннинг “Калеҳ Пачеҳ”и,
- Франциянинг машҳур “Круассан”и
рейтингда юқори ўринларни эгаллади. Аммо уларнинг баҳоси турк нонуштасидан паст – 4.5 ёки 4.6 балл атрофида.
Маълумот учун, TasteAtlas дунёнинг турли минтақаларидаги миллий таомларни ўрганувчи ва уларни фойдаланувчилар баҳоси ҳамда кулинария мутахассислари фикрлари асосида рейтинг қиладиган платформа ҳисобланади. Унинг маълумотлари бутун дунёдаги таомсеварлар учун ишончли манба сифатида қабул қилинади.
Туркия нафақат гўзал табиати ва бой тарихи, балки мозаикадек ранг-баранг нонуштаси билан ҳам дунё эътиборини қозонгани бу гал яна бир бор тасдиқланди. Энди кўпчилик учун истамбулликларча нонушта қилиш — нафақат мода, балки танлов масаласига айланади шекилли. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар