Афғон олтини Термизда қайта ишланиб тайёр маҳсулот ҳолида четга чиқади

Сурхондарё вилоятида илк марта Афғонистондан олиб келинган олтин хомашёси маҳаллий қувватлар ҳисобидан қайта ишланадиган янги амалиёт йўлга қўйилди. Эндигача Афғонистон орқали транзит сифатида бошқа давлатларга ўтиб кетган олтин хомашёси бу гал Ўзбекистонда, аниқроғи, “божхона ҳудудида қайта ишлаш” режими асосида ишлаб чиқариш занжирига киритилмоқда.
Шу муносабат билан “Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонасида заргарлик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Termiz Gold Production” МЧЖ раҳбарияти ҳамда Афғонистонда олтин қазиб олувчи корхона вакиллари иштирокида учрашув ўтказилди. Мулоқотда томонлар ҳамкорлик йўналишлари, логистика ва қайта ишлаш жараёнини тизимли йўлга қўйиш масалаларини муҳокама қилган.
Учрашувда алоҳида урғу берилган жиҳат шундаки: шу вақтгача транзитда кетган олтин хомашёси эндиликда бевосита Термизда қайта ишланади. Яъни, хом ашё “ўтиб кетувчи ресурс” эмас, қўшимча қиймат яратадиган маҳсулотга айлантирилади.
Режага кўра, мазкур жараёнда аввало ярим тайёр заргарлик буюмлари ишлаб чиқарилади. Кейин эса улар юқори қўшимча қийматга эга тайёр маҳсулот сифатида экспортга йўналтирилади. Бу эса оддий савдо эмас — саноат занжири, иш ўрни, солиқ тушуми ва энг муҳими, маҳаллий ишлаб чиқариш маданияти дегани.
Маълум қилинишича, лойиҳа доирасида дастлабки партия сифатида оғирлиги 20 килограмм бўлган, умумий қиймати 2,9 миллион АҚШ долларига тенг олтин хомашёси қайта ишлаш жараёнига жалб этилган. Бу ҳажм пилот босқич учун салмоқли кўрсаткич ҳисобланади ва “бу иш қоғозда эмас, амалда бошланди” деган сигнални беради.
Қисқаси, Термиздаги ушбу қадам Сурхондарё учун янги индустриал имконият эшигини очяпти: хомашёни шунчаки ўтказиш эмас, уни қийматга айлантириб, дунё бозорига чиқариш. Шунақа пайтларда иқтисод “гап” эмас, “иш” билан гўзал кўринади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!