23:57 / 30.04.2022
1 009

ДХХ Сурхондарёда 23,5 кг гиёҳвандлик моддаларини мусодара қилди

ДХХ Сурхондарёда 23,5 кг гиёҳвандлик моддаларини мусодара қилди
Давлат хавфсизлик хизматининг Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари амалга оширган тезкор-қидирув тадбирлари давомида 23,5 килограмм гивоҳвандлик воситалари мусодара қилинди.

Хусусан, тожикистонлик наркокурьер томонидан Сариосиё туманига ўтказилиб, хуфиёна жойга яшириб кетилган қарийб 8 килограмм гашиш моддасини олиб, келгусида Фарғона водийсидаги жиноий шерикларига сотишни режалаштирган Қўқон шаҳрида яшовчи 42 ёшли шахс қўлга олинган.

Термиз шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда эса муқаддам гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмаси билан боғлиқ жиноят содир этганлиги учун судланган 44 ёшли маҳаллий фуқаро Тожикистондан айланма йўллар орқали олиб келинган 5,083 килограмм опий ва 896 грамм гашиш моддаларини сотаётган вақтида ушланган.

Шунингдек, 30 ёшли Афғонистон фуқароси чамадонга хуфиёна жойлаштирилган 3,884 килограмм опий моддасини келгусида сотиш мақсадида божхона кўригидан яширинча ўтказиб, Термиз шаҳрига олиб келган вақтида қўлга олинган.

Термиз туманида қайд этилган ҳолатда бўлса Денов туманида яшовчи икки фуқаро (1987 ва 1998 йилларда туғилган) харидорга 997 грамм опий моддасини 2 минг доллар ҳамда 40 миллион сўмга сотаётган вақтларида ашёвий далиллар билан қўлга олинган. Сўнгра тезкор тадбир давом эттирилиб, Тожикистондан контрабанда йўли билан келтирилган ушбу гиёҳвандлик воситасининг эгаси, Денов туманида яшовчи 23 ёшли шахс ҳам ушланган.

Бундан ташқари, афғонистонлик наркосавдогарлар томонидан бериб юборилган 730 грамм опий ва сал кам 4 килограмм гашиш моддаларини Термиз шаҳрида қабул қилиб олган вақтида Хоразм вилоятининг Қўшкўпир туманида яшовчи, муқаддам содир этган наркожинояти учун судланган 57 ёшли шахс ҳам қўлга олинган.

Ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида жами 10,694 килограмм опий ва 12,818 килограмм гашиш гиёҳвандлик воситалари мусодара қилинган.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан ДХХ Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » ДХХ Сурхондарёда 23,5 кг гиёҳвандлик моддаларини мусодара қилди