13:16 / 18.05.2022
1 393

Давлат хавфсизлик хизмати уч ҳудудда тезкор тадбирлар ўтказди

Давлат хавфсизлик хизмати уч ҳудудда тезкор тадбирлар ўтказди
ДХХнинг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Тўрткўл туманида яшовчи, 1988 йилда туғилган шахс Самарқанд шаҳридан Нукус шаҳрига 2 кг 10 гр. «героин» моддасини олиб келиб, харидорга 90 минг АҚШ долларига сотаётган вақтида қўлга олинди.

Маълум бўлишича, мазкур гиёҳвандлик воситаси тожикистонлик наркокуръер томонидан мамлакатимиз ҳудудига ўтказилган.

Бу йўналишда ДХХ Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари ҳам божхона ва ички ишлар органлари билан ҳамкорликда бир нечта тезкор тадбирлар ўтказишди.

Жумладан, Учтепа туманида яшовчи, 1964 йилда туғилган муқаддам гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноят содир этганлиги учун судланган шахснинг яшаш хонадони белгиланган тартибда кўздан кечирилганда, уйнинг шифт қисмига яшириб қўйилган 1 кг. 924 гр. «опий» моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди. Таъкидлаш лозимки, ушбу ажал оғуси учинчи шахслар томонидан Тожикистон Республикасидан келтирилган. Шунингдек, хонадонда тегишли ҳужжатлари бўлмаган 1 дона пневматик пистолет ҳам борлиги маълум бўлди.

Учтепа туманида кузатилган бошқа бир ҳолатда Тожикистондан айланма йўллар билан ўтказилган наркотик моддаларни Тошкент шаҳрига олиб келиб сотиш билан шуғулланган, Сурхондарё вилоятида туғилган 3 нафар шахснинг ноқонуний фаолиятига чек қўйилиб, улардан 943 гр. «гашиш» моддаси процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Бундан ташқари, Қирғизистон Республикасидан ноқонуний йўллар билан мамлакатимиз ҳудудига ўтказилган наркотик моддалар ва кучли таъсир қилувчи дори воситалари ҳам аниқланди.

Жумладан, Фарғона вилоятининг Фарғона туманида яшовчи, 1976 ва 1997 йилларда туғилган икки фуқаро келаётган «Ласетти» русумли автотранспорт воситаси пойтахтимизга кираверишда кўздан кечирилганда, автомашина салонида 939 гр. «гашиш» моддаси борлиги аниқланди ҳамда тегишли тартибда расмийлаштириб олинди.

ДХХ ходимлари томонидан Божхона қўмитасининг Тошкент шаҳар бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Тошкент шаҳрида яшовчи, 1977 ва 1995 йилларда туғилган 2 фуқаро Чилонзор туманида харидорга 560 дона «Регапен» ҳамда 100 дона «Тропикамид» кучли таъсир қилувчи дори воситаларини 26 млн. сўмга сотаётган вақтида қўлга олинди.

Шунингдек, уларнинг шериги, 2002 йилда туғилган яна бир шахс ҳам ушланиб, унинг вақтинча яшаш хонадонидан 1540 дона «Регапен», 630 дона «Тропикамид» ҳамда 30 дона «Селофен» кучли таъсир қилувчи дори воситалари ўрнатилган тартибда олиб қўйилди.

ДХХ Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари ҳам божхона ва ички ишлар органлари билан биргаликда тезкор тадбирлар ўтказишди.

Жумладан, «Фарғона-Наманган» йўналишида ҳаракатланаётган, 1990 йилда туғилган шахс бошқарувидаги автомашина Ёзёвон тумани ҳудудида тўхтатилиб, кўздан кечирилди. Натижада, унинг салон қисмида мамлакатимизда муомаласи чекланган наркотик моддалар туркумига кирувчи 1920 дона «Трамадол» дори воситаси, шунингдек, дорихоналарда шифокор рецепти асосида сотилиши лозим бўлган 4704 дона «Регапен» ва 150 дона «Тропикамид» кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланди.

Яна бир ҳолатда «Қувасой-Тошкент» йўналишида ҳаракатланаётган автомашина «Наманган» ЙПХ масканида тўхтатилиб кўздан кечирилганда, унда Қувасой шаҳрида яшовчи, 1997 йилда туғилган шахсга тегишли 840 дона «Регапен» ва 240 дона «Тропикамид» кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги маълум бўлди ҳамда процессуал тартибда олиб қўйилди.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Давлат хавфсизлик хизмати уч ҳудудда тезкор тадбирлар ўтказди