16:36 / 01.06.2022
1 754

«Бизга «вечер» керак эмас, ўрнига Туркияга саёҳат қилиб келамиз»

«Бизга «вечер» керак эмас, ўрнига Туркияга саёҳат қилиб келамиз»
Кичик ўғлимни Андижон вилоятидан уйлантирдик, ўзимиз Самарқанд вилоятидан. Икки томонни урф-одатларини мослаштириб, ўрталиқни топишга роса қийналдик, рости.

Тўй яқинлашганда ўғлим «бизга 400-500 кишилик тўйни кераги йўқ, ҳамма ўзбекча урф-одатларимизни қиламиз, лекин «вечер» керак эмас, шуни ўрнига Туркияга ўн кунлик саёҳат қилиб келамиз» деди.

Тўғрисини айтаман, юрагим шув этди. Одамларнинг гапига эътибор бермайман дейдиганлардан бўлсам ҳам, барибир биринчи бўлиб хаёлимга «одамлар нима деркин, ўғлига тўй қилиб беролмапти, демайдими?» деган гап келди. Анча ўйланиб юрдим, бир-икки танишларга, ўртоқларимга айтсам, кимдир «вой мунча зўр, ҳавасим келди» деса, кимдир «йўға, барибир «дух»ингиз етмайди, одамлар гапиради» деди... Хуллас, бўлажак куёв билан келин гапида туриб олишгач, қудамга секииин айтдим.

Улар ҳам роса иккиланишди.

Ўғлим «никоҳ ўқитамиз, қизникида наҳор ош берамиз, Андижонда қизбазми деган тўй бор экан униям қиламиз, Самарқандча чимилдиқ тўйини ҳам қиламиз, ана жуда кўнглингиз бўлмаса, саёҳатдан қайтиб келганимиздан кейин Самарқандда келиноши каби урф-одатларимизни ҳаммасини қиламиз. Фақат 300-400 кишини чақириб, тўйхонани тўрида 2 соат қотиб ўтиришни хоҳламаймиз. Ундан кўра, иккаламиз Истанбул, Памуккале, Кония, Анталия шаҳарларини томоша қилиб келайлик... Ҳамма тўйларни қисқартириш ҳақида гапиради, лекин ҳеч ким бошлаб беришни хоҳламайди» дегач, иккиланишим тарқаб, рози бўлдим.

Хуллас, Андижонда барча тўйларни ўтказдик. Келинни олиб келгач, ЗАГСга келинни ўзимизни уйдан барча қоидалари билан чиқардим. Ота-онасини уйидан чиққандек қилиб мусиқаю, йўлакларни безатишларигача қилдик.

Бекорга хавотир олган эканман, ҳамма танишлар ва қариндошлар жуда чиройли тўй бўлди деб мақташди. «Вечер» орқали бўладиган исрофгарчиликни юзага келтиргандан, қўшиқчиларни қаторлаштириб чақиргандан кўра, шунақа тўй қилса ҳам бўларканку, деди кўпчилик.

Эҳтимол, баъзилар буни маъқулламас, лекин биз фарзандларимизнинг кўнглига қараб, қарорини маъқулладик.

Ҳа, айтганча, Андижонда 40 кун куёвникига мазар ташиш (уч маҳал овқат) одати бор экан. Қудамга керак эмас, бизникига ҳеч нарса ташиманг, деб бу урфни қилмасликларининг ҳам олдини олдим.

Шошиб қолганимда доим ёрдам қўлини чўзадиган дўстларимга, ишхонада иш қайнаб турганига қарамай, тушуниб, навбатдан ташқари таътилга рухсат берган раҳбаримизга ва йўқлигимни билдирмай турган ҳамкасбимга, ёнимда турган барча дўстларимга, қариндошларимга минг-минг раҳмат! Борингизга шукр, яхшилар!

Журналист Дилфуза Собированинг
Facebook саҳифасидан олинди

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Бизга «вечер» керак эмас, ўрнига Туркияга саёҳат қилиб келамиз»