08:18 / 30.06.2022
3 738

Рус ва ўзбек мафиясининг 2 млрд.лик фириби

Рус ва ўзбек мафиясининг 2 млрд.лик фириби
The Insider нашри Россия темир йўлларининг янги эгалари ва уларнинг ҳийлалари ҳақида таҳлилий мақола эълон қилган. Қуйида уни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Россия темир йўлларини (РТЙ) энди давлатники дейиш қийин масала. Сўнгги йилларда РТЙ давлат корпорацияси анча-мунча фойдали активларни сотишда фаоллик кўрсатмоқда. Уларнинг орасида Москва шаҳри ва марказий Россиянинг бир қатор ҳудудларидаги электричкаларни бошқарадиган «Центральная пригородная пассажирская компания» (ЦППК) компанияси бор. ЦППК бенефициарлари Измайлов уюшган жиноий гуруҳига (УЖГ) алоқадорлиги айтилган Бокарев ва Маҳмудов экани аниқланди. «The Insider»нинг аниқлашича, кимошди савдолари фирибгарлик схемасига қурилган: давлат компаниялари улуши номинал бўлиб рўйхатдан ўтган фирмалар томонидан арзонга сотиб олинади. Шунда Митишидаги оддий юрист аёл расмий миллиардерга айланди, энди унинг номида йирик транспорт компаниялари улуши турибди.

ЦППК шаҳар атрофига йўловчи ташийдиган Россиянинг йирик темир йўл ташувчисидир. Ҳар йили Москва, Москва вилояти, Рязан, Калуж, Владимир вилоятлари ва бошқа ҳудудларга 1,6 млн.дан зиёд йўловчиларни ташийди. Энди ЦППК хусусийлашган, лекин яқингача ҳам бу АЖ РТЙ шохобчаси эди. Давлат мулк ҳуқуқидан аста-секин маҳрум бўлди, коррупцион схема якунида эса миллиардлаб рублдан айрилди.

Сохта кимошди савдоси

2013 йилгача РТЙ ЦППКнинг 50 фоизига эгалик қиларди. Шу вақтдан унинг 25 фоиз акцияси Москва йўловчи компаниясига (МЙК) сотиб юборилган. Бу компания Искандар Маҳмудов ва Андрей Бокаревга алоқадор Fredlake Holdings Ltd (Кипр) компаниясига тегишли эди. Лекин хусусийлаштириш шу билан тўхтаб қолмаган: 2017 йилда қолган 25 фоиз ҳам сотувга қўйилган. Давлат компанияси ўз улушини 4,2 млрд. рублдан кам белгиламасликни режа қилган, аммо якунда қарийб 2 млрд. арзонга сотиб юборган. Кимошди савдосида танлов эълон қилинишидан 1 ой олдин рўйхатдан ўтган сирли МЧЖ ютиб чиққан. «The Insider»нинг аниқлашича, унинг ортида яна ўша Бокарев ва Маҳмудов турибди, фирма сохта исмларга очилган.

Андрей Бокарев
МЧЖнинг ҳаммуассиси сифатида қандайдир Анна Боева кўрсатилган, тез орада у фирманинг ягона расмий эгасига айланган. «The Insider»нинг аниқлашича, РТЙнинг қиммат активларини сотиб олишдан аввал МЙКда юрист бўлиб ишлаган. Бундан ташқари, йирик бизнеснинг расмий ҳамэгасига айлангандан кейин ҳам шу фирмада рўйхатда турган. У 150 минг рублга яқин ойлик олган, Митиши шаҳридаги хонадонда яшаган, майда кредитлардан фойдаланиб юрган.

Аукцион сирли ғолибининг сири Боева ишлайдиган МЙК эгалари Бокарев-Маҳмудов томонидан яширилган эди. Камига МЙК ЦППК акциялари сотилган кимошди савдосида бевосита иштирок ҳам этган. Яъни олигархлар РТЙ активларининг нархларини тушириш учун ўзлари билан ўзлари «мусобақа ўйнашган». Давлат компанияси акциялари кескин арзонлаб кетганини фақат шундай изоҳлаш мумкин: савдо нархни тушириш тизими бўйича ўтказилган, аниқроғи, қатнашчилардан кимдир айтилган суммани тўламагунча нарх арзонлашаверган.

Якунда ЦППК акциялари блокпакети учун олигархлар атиги 2,3 млрд. рубл тўлаган. Ҳозирги кунда бу сумма компаниянинг йиллик соф даромадидан ҳам кам (2021 йилда 2,8 млрд. соф фойда), йиллик даромаддан эса 25 марта кам (57,7 млрд.)

Жиноий алоқалар

Андрей Бокарев ва Искандар Маҳмудов узоқ йиллик ҳамкорлар бўлиб, иккови Урал тоғ-металлургия компанияси (УТМК), Кузбассразрезугол, Трансмашхолдинг (йўловчи поездлари ва вагонлари, метро поездлари, локомотивлар етказиб берадиган) компаниялари акцияларига ҳам эгалик қилишади. Шунинг учун улар давлат шартномаларини олишда етакчилардандир.

Маҳмудов ва Бокарев жиноий даромадларни қонунийлаштиргани учун бир неча марта жиноий иш фигурантларига айланишган. 2007 йилда немис жиноий ишида улар Измайлов УЖГ умумий жамғармаси эгалари экани, испанларда 2008 йили ўзларига тегишли УТМК орқали Тамбов-Малишев УЖГга пул «ҳайдашган»и айтилган.

Искандар Маҳмудов
Шунингдек, улар ҳукумат доираларида ҳам кучли алоқаларни йўлга қўйишган. Хусусан, Россия мудофаа вазири ўринбосари Алексей Криворучко Бокарев ва Маҳмудовнинг бизнес ҳамкори ҳисобланади. 2017 йилгача бу иккови «Калашников» қурол концерни ҳиссадорлари бўлишган. Россия президенти Путин Маҳмудовни «Ватан олдидаги хизматлари учун» ордени билан тақдирлаган.

Шуларга қарамай, Бокарев ва Маҳмудов Евроиттифоқнинг санкциясига учрамади.

Ўзбекистонга алоқадорлиги

Искандар Маҳмудов Бухорода туғилган, болалиги ва ёшлиги эса Тошкентда ўтган. РТЙ активларининг янги ҳамэгаларидан бири ҳам Ўзбекистон билан боғлиқ бўлиб чиқди.

Май ойи охирларида Бокарев ва Маҳмудов ЦППК орқали ўз улушларини ушлаб турган МЙК фирмасининг бошқариш схемасини ўзгартирди. Кипрнинг Fredlake Holdings компанияси муассислари ўрнида Россиянинг 5 та юридик шахси пайдо бўлди: Маҳмудовга қарашли «Виолан», Бокаревга қарашли «Элариум», «Трансмашхолдинг» топ-менежерларига тегишли «Новые решения» ва «Постулат», бешинчиси эса Дониёр Комилов бенефициари бўлган «КТС».

Дониёр Комилов собиқ ташқи ишлар вазири, ҳозирда Ўзбекистон президентининг ташқи сиёсат бўйича махсус вакили Абдулазиз Комиловнинг ўғли ҳисобланади. Россияда кичик Комилов Газпромбанк тузилмаларида ишлаган. У ҳозир темир йўл юкларини ташувчи «Шарқий логистика компанияси»ни бошқаради. Ўзбекистонда ҳам давлат активларини хусусийлаштиришда қатнашиб туради. Масалан, у Тошкент шаҳри, Сайилгоҳ кўчасида жойлашган ДХХнинг собиқ биносини сотиб олган эди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Рус ва ўзбек мафиясининг 2 млрд.лик фириби