14:14 / 03.07.2022
1 365

Мубашшир Аҳмад домла қорақалпоқ халқини босиқликка чақирди

Мубашшир Аҳмад домла қорақалпоқ халқини босиқликка чақирди
“Қорақалпоқ дўстларимиз ўзбеклардан ўзларини олиб қочмасликларини, аксинча, янада жипслашишларини сўраган бўлардим”, деди таниқли диний уламо Мубашшир Аҳмад. У, шунингдек, қорақалпоғистонликларни ташқи кучларнинг таъсирига тушиб қолмасликка чорлади.

Мубашшир Аҳмад домла Қорақалпоғистондаги вазият юзасидан Kun.uz’га ўзининг фикр-мулоҳазаларини маълум қилди.

“Мазкур ҳолатда биздан кўра кўпроқ маълумотлар ҳукуматга яхши маълум. Шу сабабли халқимизни шахсий фикрлар билдирмай туришга даъват қилдим. Чунки бирор нотўғри ҳаракат сабаб вазият салбий томонга бурилиб кетиши мумкинлигини англаган ҳолда биринчилардан бўлиб ўзим шахсий мулоҳазаларни билдирмасликка амал қилдим.

Президент Мирзиёевнинг Нукусга ташрифи ва Қорақалпоғистон аҳолиси билдираётган фикр ва мулоҳазаларни ўрганган ҳолда, Ўзбекистон Конституциясининг 70-75-моддаларини амалдаги таҳрирда ўзгаришсиз қолдириш ҳақидаги фикри тинчлик йўлидаги шахдам қадам бўлди, деб ҳисоблайман.

Бизга ҳозирча масаланинг бир томони кўриниб турибди. Қолаверса, биз мустақиллик, суверенитет билан боғлиқ олдинги тўлқинни кўрганмиз. Ўзбекистон мустақилликка эришиш арафасидаги чиқишларни кузатганмиз. Бу пайтда одамлар ҳис-туйғуга жуда урғу бериб юборишади. Ҳис-туйғу кучайганда ақл чекинади. Шунинг учун ушбу масалада президент қандай қарор қабул қилса, қўллаб-қувватлаш тарафдориман. Давлат раҳбарининг юқоридаги қарори бу воқеаларга ечим бўлади, деб умид қиламиз ва буни Аллоҳдан сўраб қоламиз.

Қорақалпоғистонлик биродарларимизни аввал-бошданоқ босиқ бўлишга чақиргандим. Энди нафақат босиқ, балки ҳушёр бўлишларини ҳам сўраб қоламан. Яъни ташқи кучларнинг таъсирига тушиб қолмасликларини хоҳлардим.

Сабаби, Орол денгизи қуриб боргани сари бу ўлкада каттагина экологик муаммолар пайдо бўлди. Бундан ташқари, кўплаб иқтисодий-ижтимоий масалаларда ҳам ечимини кутаётган муаммолар мавжуд. Ўша маънода уларнинг мустақиллик талаб қилишлари жуда кўп йўқотишларга олиб келиши мумкин.

Қолаверса, шу вақтга қадар ўзбеклардан ҳеч қандай ёмонлик кўришмаган, уларга ёмон кўз билан қаралмаган. Ишонаманки, бундан кейин ҳам шу сиёсат давом этади – ўзбеклар яхши дўст, инсонпарвар ва меҳмондўст миллатдир. Шу маънода қорақалпоқ дўстларимиз ўзбеклардан ўзларини олиб қочмасликларини, аксинча, янада жипслашишларини сўраган бўлардим. Чунки бундан бошқа ҳар қандай ечим излаш қорақалпоқ халқининг вазиятини яна оғирлаштиради, деб биламан.

Бизнинг қорақалпоқ эли билан динимиз бир, тилимиз бир, қарашларимиз ҳам бир. Шундай экан, ҳар қандай чақириқларга эргашмасдан, ўзларининг ҳам, бизнинг ҳам раҳбарларимизнинг гапларига итоат қилишларини сўраб қоламан” дейди Мубашшир Аҳмад.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Мубашшир Аҳмад домла қорақалпоқ халқини босиқликка чақирди