18:55 / 04.07.2022
2 288

Бухородаги чўлдан тўртта қадимий ғор топилди (фото)

Бухородаги чўлдан тўртта қадимий ғор топилди (фото)
Фото: Бухоро вилоят Маданий мерос бошқармаси
Бухоро вилоятининг Когон туманидаги чўл ҳудудидан маҳаллий аҳоли кўмаги билан тўртта қадимги ғор топилди. Бу ҳақда вилоят Маданий мерос бошқармаси бошлиғи Шоҳаббос Шарофиддинов хабар берди.

Маълум бўлишича, бошқарма ҳамда Фанлар Академиясининг миллий археология маркази мутахассисларидан иборат ишчи-гуруҳ аҳоли кўрсатмасига асосан, Когон туманининг чўл ҳудудига қадимги ғорлар қолдиқларини ўрганган.

«Ғорлар чўл зонасида янтоқ ўсган қум тагидаги, сарғиш рангли оҳактошлар қатлами остидан пастликка кириб кетганди. Ғорларнинг кириш қисми қумлар ва ўпирилган тошлар билан кўмилиб, ташқи кўринишидан унинг ғорлиги деярли билинмай ҳам кетган эди. Улар бир-биридан тахминан юзлаб метрча узоқ масофада жойлашган, аммо уларнинг бир-бирига қандайдир тизим орқали боғланиши аниқланмади»,— дейди Шоҳаббос Шарофиддинов.

Фото: Бухоро вилоят Маданий мерос бошқармаси
Билдирилишича, ғорларнинг қандай мақсадда қурилганини аниқлаш учун мутахассислар уларни олиб келган маҳаллий аҳоли билан энг катта ғор ичкарисига кирган.

Айтилишича, ғорнинг ички қисми қум ва ўпирилган тошлар билан босилганлиги сабабли унга кирганлар ёритиш чироқлари ёрдамида эгилиб, букилиб, секинлик билан 80-100 метр масофа юрган ва 10-15 метр пастликка тушган. Ғорнинг айрим жойлари жуда тор, айрим жойлари кенг, айрим жойларидан бошқа томонга кетган қўшимча йўналишлар очилган бўлган.

«Ғорнинг геологик қатламлари асосан, оҳактошдан иборат бўлгани сабабли, ғор ўрта асрлар даврида маҳаллий кончилар тарафидан қазилиб, ер остки захираларидан жуда кенг кўламда фойдаланган ҳамда ганч қурилиш материалининг хом ашёси олинганлиги аниқланди», — дейди бошқарма бошлиғи.

Фото: Бухоро вилоят Маданий мерос бошқармаси
Тарихий манбаларга кўра, Бухоро шаҳрининг шимолий-шарқий томонларида қадимий юқори сифатдаги ганч конлари мавжуд. Ўрта асрларда қурилган, ҳозирда сақланиб қолган тарихий биноларнинг қурилишида шу конлардан келтирилган ганч материалидан кенг фойдаланилган. Ушбу конлардан келтирилган дағал ганчлар қўл меҳнати ёрдамида эзилиб, пиширтирилган ва тарихий биноларни қуришда оби ғиштлар орасидаги ангаф қоришмасига қўшилган ҳамда масжидларнинг ички қисмини ганчкорлик санъати ёрдамида безаш ишларида ишлатилган.

«Ғорнинг кенгроқ қисмларида ўрта асрлар (XII-ХИИИ асрлар)га тегишли сопол қолдиқлари, асосан, катта ва кичикроқ сув сақланадиган кўзалар бўлаклари, шунингдек, қўйлар ва туялар суяклари топилди. Бу топилмалар ғорлар ичида одамлар яшагани, қанақадир меҳнат фаолияти билан шуғулланганидан далолат. Бундан ташқари, Бухоро—Қарши автомобиль трассасининг 193 километри масофаси чеккасида яна бир ғор ичида табиий шишасимон геологик хом ашё кўринишидаги материаллар мавжудлиги ҳам аниқланди. Ушбу материал шишага ўхшаш бўлиб, ёруғликни яхши ўтказади ҳамда ўрта асрлар даври архитектурасида кенг ишлатилган», — дейди Шоҳаббос Шарофиддинов.

Фото: Бухоро вилоят Маданий мерос бошқармаси
Қўшимча қилинишича, ўрта асрлар даврида ушбу ҳудуддаги ғорлардан чўпонлик фаолиятини олиб борган маҳаллий аҳоли дам олиш ва қор-ёмғирлардан сақланиш мақсадида бошпана сифатида фойдаланган. Шунингдек, душманлар бостириб келган пайтларида яшириниш ва ўз жонини сақлаш учун ҳам фойдаланилган.

Ҳозирда мазкур тарихий ғорларни белгиланган тартибда моддий маданий мерос объектларининг Миллий рўйхатига киритиш ва давлат муҳофазасига олиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Бухородаги чўлдан тўртта қадимий ғор топилди (фото)