20:39 / 20.07.2022
1 681

«Хўжайикон» туз ғоридан асослантирувчи ҳужжатларсиз фойдаланиб келингани аниқланди

«Хўжайикон» туз ғоридан асослантирувчи ҳужжатларсиз фойдаланиб келингани аниқланди
«Хўжайикон» туз ғори 1989 йилда очилган бўлиб, Сурхондарё вилоятининг Шеробод тумани Кўхитанг тоғ тизмаси этакларининг жануби-шарқий ёнбағрида, денгиз сатҳидан 1200 метр баландликда жойлашган.

Маълумот учун: Моддий маданий мерос объекти ҳисобланадиган «Хўжайикон» туз ғорининг ички қисмида санъат галереялари тизими билан биргаликда бир-биридан ҳарорат, намлик, босим ва микроиқлим бўйича фарқ қилувчи бешта хона-камералар мавжуд. Ғор деворлари ўзига хос тарзда бир сантиметрдан уч сантиметргача туз қатлами билан қопланган, ўтиш жойида туз эритмали шифобахш булоқ мавжуд. Ушбу ғор муҳитида нафас йўлларининг аллергик касалликлари, узоқ давом этадиган ўткир ва сурункали бронхит, астма, пневмония асоратлари, иммунитети пасайган беморлар ва тери касалликларини даволашда фойдали қўшимчалар мавжуд.

Маданий мерос агентлиги томонидан маълум қилинишича, айни вақтда «Хўжайикон» туз ғори маданий мерос объектига зарар етказиши мумкин бўлган ҳолатлар мавжуд. Хусусан, ушбу объектдан Сурхондарё вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси таркибидаги Шеробод тумани тиббиёт бирлашмаси хўжалик ҳисобидан тегишли асослантирувчи ҳужжатларсиз фойдаланиб келмоқда. Бу эса маданий мерос объектининг муҳофазасини таъминлашда бир қатор қийинчиликларни юзага келтирмоқда.

«Хўжайикон» туз ғори маданий мерос объектини асраб авайлаш, уни давлат муҳофазасига олиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг «Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида» 2019-йил 4-октабрдаги 846-сон қарори билан Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилган.

Вазирлар Маҳкамасининг «Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида» 2019-йил 4-октябрдаги 846-сонли ҳамда 2021-йил 3-мартдаги 119-сонли қарорлари билан Сурхондарё вилоятининг Шеробод тумани, Оқтошота қишлоғи, «Чорбоғ» МФЙда жойлашган «Хўжайикон» туз ғори маданий мерос объекти «Термиз» давлат музей-қўриқхонаси балансига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бириктирилган.

Мазкур қарорлар доирасида «Термиз» давлат музей-қўриқхонаси томонидан «Хўжайикон» туз ғори маданий мерос объектининг кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилиб, эгалик ҳуқуқи олинган.

«Термиз» давлат музей-қўриқхонаси томонидан Хўжайикон туз ғори маданий мерос объектидан самарали фойдаланиш ҳамда эгалик ҳуқуқи асосида барча турдаги ташрифчилар учун иш фаолиятини ташкил этиш мақсадида Сурхондарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига бир неча бор мурожаат қилинган.

Сурхондарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан бу масала эътиборсиз қолдирилгани сабабли, «Хўжайикон» туз ғори маданий мерос объектидан Шеробод тумани тиббиёт бирлашмасининг мажбурий тартибда чиқарилишини сўраб, жорий йилнинг 18-апрел куни «Термиз» давлат музей-қўриқхонаси томонидан Термиз тумани туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси киритилди.

Термиз туманлараро иқтисодий суди томонидан якуний суд қарори чиқарилишида «Хўжайикон» туз ғори маданий мерос объектининг кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилиши юзасидан Термиз туманлараро маъмурий суд қарори чиқарилиши кутилмоқда.

Шу билан бир қаторда, жорий йилнинг 15-июн куни Термиз туманлараро маъмурий суди томонидан кўриб ўтилган ишда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари асосида «Хўжайикон» туз ғори маданий мерос объектининг «Термиз» давлат музей-қўриқхонасига кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилиб, эгалик ҳуқуқи берилганлиги ноқонуний деб топилмоқда.

Таъкидлаш лозим музей-қўриқхона «Хўжайикон» туз ғори маданий мерос объекти халқимизга янада кўпроқ самара келтириши ва келажак авлодга безарар етиб бориши учун бир қатор тадбирларни мақсад қилган. Хусусан, «Хўжайикон» туз ғори маданий мерос объектидан тиббиёт даволаш мақсадида ҳам фойдаланилиб, давлат ва ҳусусий санаториялар билан кенг ҳамкорлик олиб борилиши, халқаро миқиёсдаги диққатга сазовор жойлардан бирига айлантирилиши, маҳаллий ва хорижий ташрифчиларнинг эко ва тиббиёт туризми доирасида кенг жалб этилиши, маблағ тушумларининг тартибга солиниши ва мазкур маблағлар бюджет маблағлари сифатида йўналтирилиши ҳамда энг асосийси — мазкур маданий мерос объекти давлат мухофазасида ишончли сақланиши учун «Термиз» давлат музей-қўриқхонаси балансида оператив бошқарув ҳуқуқи асосида қолдирилиши мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Хўжайикон» туз ғоридан асослантирувчи ҳужжатларсиз фойдаланиб келингани аниқланди