19:47 / 20.08.2022
1 278

Адвокат: “Судьялар нотўғри чиқарган учта қароридан кейин ишдан бўшатилиши керак”

Адвокат: “Судьялар нотўғри чиқарган учта қароридан кейин ишдан бўшатилиши керак”
Адвокат Жаҳонгир Муталипов Kun.uz сайтига берган интервьюсида суд органларидаги адолатсизликларга сабаб бўлаётган омиллар ҳақида фикрларини билдирди.

Бугун суд органларидаги адолатсизликларнинг бир нечта сабаблари бор. Мен ўзим прокуратура тизимида ишлаганман. Прокуратура эса ҳар куни суд билан ишлайди. Ўша пайтда суд билан прокуратуранинг фарқи – прокуратура илм жиҳатидан доим суддан устун туриши эди. Бу биринчи сабаб.

Иккинчидан, прокуратура тизимида прокурорларни 5 йилдан икки муддатга тайинлаш деган тартиб йўқ. Ишга кирдингми, бўлди, 60 ёшгача хотиржам ишлайсан. Судьяларда эса муддат беш йил. Уларда мана шу вақтда қандайдир манфаатдорликларга эга бўлиб олай, деган фикр бўлиши мумкин.

Шунингдек, судья беш йилдан кейин иккинчи муддатга тайинланиши учун кимларнингдир тавсиясини олиши керак. У ана шу тавсияни берувчига ёқиши керак.

Учинчидан, яна бир қизиқ ҳолат бор. Бу балки миллатимиз ичидаги қусурдир. Яъни кимдир судьяни манфаатдор қилса, у шу инсон манфаатига қарор чиқариб бериши ҳолатини кўп кўрамиз. Лекин шундай ишлар ҳам борки, судьяни ҳеч ким манфаатдор қилолмайди. Икки томон ҳам оддий инсон бўлиши мумкин. Мана шундай ҳолатларда томонларга ўз ғазабини сочадиган судьялар ҳам бор.

Шунинг учун ҳам улар адолат турган жойда адолат қилмайди. Чунки унга бундай ишдан моддий манфаат келмаяпти. Бу каби ҳолатларга шахсан ўзим гувоҳ бўлиб, бир нечта судьяларни жавобгар ҳам қилганман.

Судялар томонидан адвокатга бўладиган муносабатлар ҳам шунга яраша бўлади. Хўш, суд ишларида адвокатнинг иштирокидан мақсад нима? Аслида прокурор ҳам, адвокат ҳам судьяга ёрдамчи ҳисобланади. Унга адолатли қарор чиқаришда ёрдам беради.

Айрим судьялар адвокатнинг гапини худдики айбланувчининг гапидек қабул қилади. Иложи бўлса, “тезроқ гапиринг” дейди. Эшитгиси келмайди. Ваҳоланки, қонун бўйича судья адвокатнинг гапириш ҳуқуқини тўсиши мумкин эмас. Адвокат кам гапираркан, у энди асосий далилларни тушириб қолдиради. Ўз фикрларидаги хулоса қисминигина, фалон қарор чиқаришингизни сўрайман, деган жойинигина ўқиб беради.

Шундай пайтда адвокат апелляцияга мурожаат қилиши мумкин. Бундай вазиятда иш агар биринчи инстанцияда кўрилаётган бўлса, судьянинг интизомий масаласини вилоят апелляция инстанцияси кўриб чиқиш мумкин. Лекин битта вилоятда ўтирган одам... “қарға қарғани кўзини чўқимайди”, деганларидек, судьяни жазолаши қийин, қарабсизки, адвокатнинг умиди ўлади. Энди у Олий судга умид билан боради. Олий судда “бўлди, биз кўриб чиқамиз, муҳокама қиламиз, жазолаймиз”, дейишади. Лекин орқага қайтганда биласизки, иш яна вилоят судига қайтган ё олий судьялар кенгашида бўлади. У ерга мурожаатчини ё чақиришади ё чақиришмайди. Гўёки унинг қарорларини муҳокама қилиш мумкин эмас.

Хуллас, шикоятингиз ўлда-жўлда қолиб кетади. Хўш, ундан кейин кимнингдир шикоят қилгиси келадими? Келмайди-да. Шикоят эса йўқолади. Бу ҳам битта илдиз
”, – деди адвокат.

Жаҳонгир Муталиповга кўра, Ўзбекистонда судьяларнинг ўзлари чиқараётган нотўғри, ноқонуний қарорлар учун жазоланмаслиги судларда адолатни таъминлашга энг кўп тўсиқ бўлаётган омиллардан бири ҳисобланади.

Чунки қонунда судянинг иш бўйича фикри муҳокама қилинмаслиги, жазоланмаслиги ёзиб қўйилган. Хўш, бу нима деган гап?

Судьянинг иши ўн марта қайтса ҳамки, у жазоланмаса, бу унга одатий ҳол бўлиб қолади, дегани-ку. Сиз судья билан тортишаркансиз, у айтади, ҳа, вилоят судига аппеляция берарсиз. Бу – судьяларнинг энг машҳур гапи. Сизнинг далилларингиз қолиб кетади. Нега, чунки судья жазосиз, у қўрқмайди. У нотўғри қароридан кейин ўзига ҳеч нарса бўлмаслигига ишонади
”, – деди у.

Адвокат бу борада хорижий мамлакатлар тажрибасини ҳам келтирди. Унга кўра, дунёнинг қонун устуворлиги таъминланган қатор давлатларида судьяларнинг ўзи чиқарган 3та қонуни нотўғри, ноқонуний деб топилиши унинг ишдан кетишига сабаб бўлади.

Масалан, Финландия дунёда қонун устуворлиги бўйича биринчи ўринда туради. Европанинг бошқа давлатлари ёки Америка Қўшма Штатларини олинг. Бу давлатларда судьянинг ҳукми уч марта бузилиши унинг ишдан кетишига сабаб бўлади.

Тасаввур қилинг, бизда ҳам шундай бўлса, судья энди ҳар бир иш учун талаша бошлайди. У энди ҳар бир ишни синчиклаб, эътибор билан суриштиради.

Ҳозир Ўзбекистонда судьянинг иши эллик марта қайтмайдими, у барибир беш йиллик муддатини ўтиради. Токи пора билан тушмай, ўзи ариза бермай ёки устидан жуда жиддий айблов тушиб, судьялар олий кенгаши уни ишдан бўшатмагунча.

Бундай давом этар экан, суд тизимида ҳеч нарса ўзгармайди. Бизда қонунлар қабул қилиняпти, лекин уни ишлатиш механизми йўқ. Нега, чунки судья жазоланмайди. Уни ҳеч ким айбламайди. Сувдан қуруқ чиқаверади. Шулардан кейин ҳам судлар адолатли қарор чиқаришига кўзингиз етадими?
” – дейди адвокат Жаҳонгир Муталипов.

Интервюни Илёс Сафаров ўтказди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Адвокат: “Судьялар нотўғри чиқарган учта қароридан кейин ишдан бўшатилиши керак”