16:30 / 25.08.2022
1 121

Тошкентда соғломлаштириш акцияси доирасида тиббий кўриклар ташкил этилади

Тошкентда соғломлаштириш акцияси доирасида тиббий кўриклар ташкил этилади
Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Соғлиқни сақлаш вазирлиги пойтахтда бошланган соғломлаштириш акцияси доирасида шаҳар аҳолиси учун тиббий кўрик ва сайёр қабуллар ташкил этилаётгани ҳақида маълумот берди.

«Бугунги кунда соғлиқни сақлаш соҳаси олдига бутунлай янги талаб ва вазифалар қўйилмоқда. Энг аввало, сифатли тиббий хизматни «маҳаллагача тушириш», улар тармоғини янада кенгайтириш, тизимни одамларга янада яқинлаштириш, бу орқали фуқароларнинг соғлиқни сақлаш йўналишидан розилигини таъминлашга жиддий эътибор қаратиляпти.

Жумладан, бирламчи тиббиёт бўғини мутлақо янги ёндашувлар асосида тубдан ўзгартирилмоқда. Юқори малака ва технологиялар талаб қиладиган тиббий хизматлар кўлами янада кенгайди. Ҳар бир маҳаллада «хонадонбай» ишлайдиган тиббий бригадалар ташкил этилиб, аҳоли 120 турдаги дори воситалари билан бепул таъминланмоқда.

Қолаверса, маҳаллаларда янги тиббий хизматлар йўлга қўйилиб, саломатлик кўрсаткичлари бўйича хавф гуруҳига кирган аҳоли мақсадли скринингдан ўтказиляпти. Буларнинг барчаси ўз навбатида аҳолини тиббиёт муассасаларига эмас, аксинча соғлиқни сақлаш соҳаси вакилларини халққа янада яқинлаштиряпти.

Тиббиёт тизимидаги ушбу ижобий ўзгаришлар нафақат юртимизнинг олис ва чекка ҳудудларида яшовчи аҳолини, балки пойтахтимизда истиқомат қилаётган миллионлаб юртдошларимиз саломатлигини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилмоқда.

Айниқса, Тошкент шаҳридаги мавжуд 12 та туманда яшовчи фуқароларни юқори малакали ихтисослаштирилган тиббий хизмат билан қамраб олиш, хусусан, эҳтиёжманд беморларни давлат ҳисобидан бепул даволаш, уйма уй юриш орқали оғир беморлар ҳолидан хабар олиш мақсадида олиб борилаётган ишлар кўлами кенг. Бироқ соҳада ечимини кутаётган масалалар ҳам йўқ эмас.

Қайд этиш керак, бугунги кунда Тошкент шаҳарида истиқомат қилаётган 2 миллион 860 мингдан зиёд аҳолига 211 та тиббиёт муассасаси хизмат кўрсатади. Шундан 167 тасини Тошкент шаҳар cоғлиқни сақлаш бош бошқармаси тасарруфидаги, қолган 44 тасини эса республика ихтисослаштирилган марказлари ва клиник шифохоналари ташкил этади. Қолаверса, 70 та оилавий поликлиника, 1 та талабалар, 12 та марказий кўп тармоқли, 7 та болалар ва 3 та катталар стоматология поликлиникаси бўлиб, 1 та туман, 38 та шаҳар шифохонаси ҳамда 5 та болалар клиник тиббиёт муассасасида шаҳар аҳолиси саломатлиги муҳофаза қилинмоқда.

Таҳлилларга кўра, бугун пойтахтда энг кўп тарақалган касалликлар орасида биринчи ўринни ички секреция безлари, овқат ва модда алмашинуви хасталиклари, кейинги ўринларни қон айланиш тизими, овқат ҳазм қилиш, қон ва қон яратиш ҳамда нафас олиш аъзолари касалликлари банд этган.

Мазкур хасталикларни даволаш, соҳага доир масалаларни тизимли ва манзилли ҳал этиш учун, аввало, аҳолининг бу борадаги муаммоларини ўрганиш ҳамда уларга ижобий ечим топиш каби қатор чора-тадбирлар талаб этилади.

Хусусан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан жойларда ўтказилаётган соғломлаштириш акциялари, юртимизда яшовчи беморлар ҳузурига энг малакали шифокорлар, етакчи тиббиёт олимларининг ўзлари кириб бораётгани сифатли тиббий хизматни «маҳаллагача тушириш», уни одамларга янада яқинлаштиришга хизмат қиляпти.

Қатор вилоятлардан сўнг вазирлик марказий аппарати жамоаси, республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари раҳбарлари ва шифокорлари, тиббиёт олий ўқув юртлари олимлари, жами 150 нафардан иборат махсус гуруҳнинг бу галги манзили — Тошкент шаҳри.

Пойтахтда ташкил этилаётган соғломлаштириш акцияси давомида дастлаб шаҳар аҳолиси чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади. Қолаверса, уларда аниқланган касалликлар бўйича туманлар кесимида беморлар рўйхатини шакллантириш режалаштирилган.

Ўз навбатида, юртимизнинг етакчи шифокорлари аҳоли билан учрашиб, «хонадонбай» тамойили асосида кўп тарқалган касалликлар балансини яратишга кўмаклашади. Фуқаролар ўртасида тиббий тарғибот тадбирлари ўтказилади. Қолаверса, бирламчи тиббий-санитария муассасалари фаолиятини яхшилаш, аҳолининг соҳага доир муаммоларига ижобий ечим топиш ҳам кўзда тутилган.

Шунингдек, акция доирасида пойтахтнинг қатор туманларида сайёр қабуллар, тиббий кўриклар ташкил этиш режалаштирилган», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Тошкентда соғломлаштириш акцияси доирасида тиббий кўриклар ташкил этилади