18:52 / 06.09.2022
1 508

Парламент комиссияси Даулетмурат Тажимуратов билан учрашди

Парламент комиссияси Даулетмурат Тажимуратов билан учрашди
Фото: Омбудсман матбуот хизмати
Даулетмурат Тажимуратов адвокат билан таъминланган, тергов ҳибсхонасида унга нисбатан ҳеч қандай қийноқ, босим ёки тазйиқлар бўлмаган.

Қорақалпоғистонда июл ойи бошидаги воқеаларни ўрганиш бўйича парламент комиссияси аъзолари Хоразм вилоятининг Урганч шаҳридаги 11-сон тергов ҳибсхонасига ташриф буюриб, у ерда сақланаётган шахсларнинг яшаш, овқатланиш, тиббий хизматдан фойдаланиш ҳамда адвокатлар ва яқин қариндошлари билан қисқа муддатли учрашув хоналардаги шароитларни ўрганди. Бу ҳақда омбудсман офиси матбуот хизмати хабар берди.

Комиссияни бошқарадиган омбудсман Феруза Эшматова ва бошқа комиссия аъзолари ҳибсхонада сақланаётган шахслар, шу жумладан ушбу воқеалар юзасидан қўзғатилган жиноий иш бўйича асосий айбланувчилардан бири Даулетмурат Тажимуратов билан суҳбатлашди.

«Учрашув давомида Тажимуратов адвокат билан таъминланганини ва адвокатининг у билан учрашишида ҳеч қандай қаршиликлар йўқлигини, оила аъзолари билан ҳам қисқа муддатли учрашув ўтказилганлигини ҳамда посилка ва йўқловлар олаётганини маълум қилди», — дейилади хабарда.

Тажимуратов унга нисбатан тергов ҳаракатлари давомида ва тергов ҳибсхонасида ҳеч қандай қийноқ, босим ёки тазйиқлар бўлмаганини, овқатларнинг сифати ва ҳибсхонадаги бошқа шароитларга ҳеч қандай эътирози йўқлигини билдирди.

«Комиссия аъзолари ташриф давомида гумон қилинувчиларнинг тергов ҳибсхонасида сақланаётган пайтида ва тергов жараёнларида ҳеч қандай ҳуқуқлари бузилмагани ҳамда руҳий ва жисмоний қийноқ ҳолатларига йўл қўйилмаганига гувоҳ бўлди», дей қайд этилади комиссия хабарида.

Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида 1-2 июл кунлари Конституцияга республика мақомини ўзгартириш бўйича таклиф этилган тузатишлардан норози бўлган аҳоли оммавий намойишлар ўтказганди.

1 июл куни Даулетмурат Тажимуратов масжид олдида мурожаат қилиб, одамларни 5 июл куни «Қорақалпоғистон эркинлиги учун» митинг ўтказишга чақирди. Кўп ўтмай у қўлга олинади. Кечга яқин қўйиб юборилади, аммо кейин яна қўлга олинади.

2 июл куни Нукусга Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев етиб боради ва шундай дейди: «Агар қорақалпоқ халқи норози бўлса, бирорта модда ўзгармайди». Шундан кейин Қорақалпоғистон мақомига ўзгартириш киритиш бўйича таклифлар муҳокамадан олиб ташланади.

Оммавий тартибсизликлар ортидан Жиноят кодексининг 159-моддаси 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. 8 июл куни Ўзбекистон Бош прокуратураси Қорақалпоғистондаги оммавий тартибсизликлар юзасидан қўзғатилган жиноят иши бўйича маълумот берди. Унга кўра, тергов ҳаракатлари давомида жиноят иши бўйича Жиноят-процессуал кодексининг 227-моддаси тартибида 14 киши ушланган.

Журналист Даулетмурат Тажимуратов ва спортчи Азамат Турдановга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айблов эълон қилинди. Уларга нисбатан суднинг қарори билан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланди. Шунингдек, журналист Лолагул Қаллиханованинг ҳаракатларида жамоат хавфсизлигига тажовуз қилиш жинояти аломатлари аниқланган ва у жиноят иши бўйича гумонланувчи сифатида жалб қилиниб, процессуал тартибда ушланган.

Даулетмурат Тажимуратов қаердалиги ҳақида илк бор хабар берилмоқда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Парламент комиссияси Даулетмурат Тажимуратов билан учрашди