13:35 / 18.10.2022
1 097

Соғлиқни сақлаш вазири «Тез ёрдам»нинг калтакланган ҳайдовчисини тақдирлади

Соғлиқни сақлаш вазири «Тез ёрдам»нинг калтакланган ҳайдовчисини тақдирлади
Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев Миробод туманида калтакланган «Тез ёрдам» ҳайдовчисини бориб кўрди. Тошкент шаҳрининг Миробод туманида жабрланган «Тез ёрдам» ходими «Соғлиқни сақлаш аълочиси» кўкрак нишони билан тақдирланди.

16 октябр куни Тошкент шаҳри Миробод туманида чақирувга келган «Тез ёрдам» ходими ва ҳайдовчиси калтаклангани хабар қилинганди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар беришича, вазир Беҳзод Мусаев нейрохирургия бўлимида даволанаётган ушбу бемор ҳолидан хабар олди. Дастлабки текширувлар натижасида унга «Бош мия ёпиқ шикастланиши, бош мия чайқалиши, чап тизза соҳаси юмшоқ тўқималарининг лат ейиши» ташхиси қўйилган.

«Афсуски, кейинги пайтларда ўз хизмат вазифасини ўтаётган шифокор ва ҳамширалар, айниқса, «Тез ёрдам» ходимларига нисбатан куч ишлатиш ҳолатлари тез-тез учрамоқда. Аҳолининг соғлиғини ҳимоя қилишда ўзини аямай жон куйдираётган тизим ходимларига тажовуз қилган кимсаларга нисбатан қонунчиликда қатъий жавобгарлик белгиланиши устида ишланмоқда. Ўйлайманки, қонунчиликка киритилаётган бу ўзгаришлар соҳа вакилларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим асос бўлади», деди Беҳзод Мусаев.

Вазир бемор билан мулоқот давомида унга тезроқ соғайишини тилаб, муштумзўр фуқарога нисбатан қонунда белгиланган тартибда жазо белгиланиши учун барча зарур чоралар кўрилишини маълум қилди.

«Суҳбат давомида бемор ўз ҳолидан хабар олгани келган вазирга алоҳида миннатдорлик билдириб, 64 ёшга кирганига қарамай, халқ саломатлиги йўлида ғайрат-шижоат билан меҳнат қилишдан толмаслигини, отаси тенги инсонга, қолаверса, тиббиёт бригидаси таркибида чақирув манзилига борган шифокор аёлга қўл кўтарган кимса эса қонун олдида жавоб беришига қатъий ишонишини таъкидлади», дейилади хабарда.

Мулоқот сўнгида ўз хизмат вазифасига масъулият билан ёндашиб, муҳим дақиқаларда тезкорлик ва профессионаллик сифатларини намоён этган тез тиббий ёрдам бригадаси ходимига «Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси» кўкрак нишони берилди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Соғлиқни сақлаш вазири «Тез ёрдам»нинг калтакланган ҳайдовчисини тақдирлади