
Тўхтанг, мени айбламасдан олдин фикрим тугашини кутинг. Менга ҳам никоҳнинг ўрни баланд эканини, талоқ сўзи билан Аллоҳнинг арши ларзага келишини ўргатишган.
Никоҳга кираётган йигит-қизларга шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг “Бахтиёр оила” китобини, умуман оилага оид рисолаларни улашиб чиққим келади. Эр оилада ким, аёлнинг бурчи ва вазифалари ислом дини қоидалари бўйича жуда чиройли тушунтирилган. Китобни олиб бергач, ўқишини ва амал қилишиниям таъминлай олсак эди...
Аёл зўравонлик қурбони бўлди...
Аёлни эри ўлдирди...
Келинни қайнотаси пичоқлаб қўйди...
Аёл боласи билан кўчага ҳайдалди...
Қачонгача?
Бу хабарлар оқимига қараб чидай олмай кетаман.
Қиз бола оилада “бир жойга борсанг...”, “ўрганганинг ўзингга” каби ибратлар билан тарбияланади. Аксарият оилалар қизларини турмушга тайёрлашга алоҳида эътибор беради. Хато жойи шундаки, аёлнинг эрининг олдидаги бурчи, вазифалари қолиб, қайнонага ёқиш, қайнотага хизмат қилиш кўпроқ ўргатилади. Қайнона олабўжи қилиб кўрсатилмайди, холос. Қизлар пинҳон орзулар билан “у ёқ”даги ҳаёт ҳақида хаёл суради. Ишқилиб “ойижон” яхши чиқсин. Тўғрида ойилар “ойижон” бўлгач, ранги-туси ўзгариб қолади.
Хуллас, оилада зўравонлик борми, қизлар зулм кўряптими, вақтида у оиладан воз кечгани маъқул. Қизларимизни оиланинг паст-баландига чидашга ўргатайлик, зинҳор зулмга чидашга эмас. Бўлмаса, зўравонлик қурбони ҳақидаги рақамлар ўсиб бораверади. Республикамизда аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш маркази ва ҳар бир вилоятда филиали борлигини саноқли аёллар билади, холос. 1146 қисқа рақами туну кун ишлайди. Кимдир зўравонлик қилдими, қўрқмай мурожаат қилиш керак. Бу рақамни аёллар кўп борадиган барча масканларга маҳалла идораси, дўконлар чеклари, автобус чипталари, хуллас, аёллар кўзи тушадиган ҳамма жойга ёздириш керак. Бўлмаса чиройли гаплардан, йиғилишлардан фойда йўқ.
Қайнонаси ё эри кун бермаяптими, марҳамат, қўнғироқ қилсин.
Боласи учун чидайди. Сингилларининг бахти очилмай қолишидан, ота-онасининг боши эгилишидан ҳайиқиб чидайди. Ишқилиб, чидай-чидай ўзига ё касал орттиради, ё...
Бизда қайтган қизнинг рутбаси паст. Чиққан қиз... деган ўйлаб топилган гап билан ота уйига қайтишдан қўрқади. Қайтган қизларга оилаларда ҳам муносабатни ўзгартириш лозим. Ҳаёт бу. Ҳар хил гап-сўз, қўйди-чиқди бор. Бу билан ҳар гапга қайтиб келсин, сал гапга ажрашиб кетсин, демайман. Ҳеч ким бировга чидашга мажбур эмас.
Вилоятлардан бирида турмушга чиқмаган тутинган синглим бор. Унга вақтида жойингни топ, йиллар ўтиб кетади. Фарзанд кўриш ҳақида ўйла, дедим. Менга шунақа аламли гаплар айтдики... “Қишлоғимизда беш ё ўн нафар намоз ўқийдиган бола бор. Қолгани кечқурун дўкон ёнида қатор ўтириб умри ўтади. Дўкончига қарзи устига қарз ёздириб арақ ичаркан. Ибодатли йигитлар аллақачон оилали. Буларга эса тоқатим йўқ. Баъзиларининг аёли атрофдаги корхоналарда ишлайди. Биласиз, маош зўр эмас бизда. Шуниям эрларини қарзига тўлайди. Мен шунақа тақдир учун, битта бола туғиб олсам бўлди, деб ҳеч қачон эрга тегмайман...
Бу бир қишлоқ мисолидаги гап. Бошқа жойларнинг иссиқ-совуғига хулоса бериш менга тан эмас. Лекин турмушга Аллоҳнинг буюргани учун чиқилади. Тўғри, қайнона-қайнотага хизмат қилиш керак, аммо қул даражасида эмас. Тўғри, эрга итоат қилиш керак, мазлума даражасида эмас.
Маҳаллалар кўпроқ низоли оилаларни яраштиришга ҳаракат қилади. Уларга ҳам қийин. Ажримларнинг олдини олиш керак. Лекин аёл зулм кўриб, болалар руҳан синиқ бўлиб катта бўляптими, ажраштириш керак. Маҳаллалар бош бўлиб реаблитация ва мослашув марказини эшигини қоқиш керак. Бу марказ ҳам ҳимоя ордери бериб, руҳий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиб, маълум муддат қараб туради. Кейин-чи? Эри келиб, ҳимоя ордеринг бор экан, деб урмайдими?
Шунинг учун чиққан қизларгаям бор чида, дейишдан олдин вазиятга тўғри баҳо бериш керак. Қизларимизни оилага тайёрлар эканмиз, уй ишлари билан бир қаторда ҳуқуқ ва бурчлариниям ўргатайлик. Сенинг шундай ҳуқуқинг бор. Сенинг жонинг азиз, дейиш керак.
Шу ўринда нисбийроқ кетганимни, аёлларга ён босганимни, қарс икки қўлданлигиниям тан олишимни айтишим жоиз. Агар рақамлар мени даҳшатга солмаганида бундай демас эдим.
Ҳеч ким бировнинг зулмига чидашга мажбур эмас.
Манзура ШАМС
Манба: Azon.uz

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар