10:00 / 04.11.2022
1 826

Ҳоким билан учрашув ёхуд ўқувчиларни ёлғонга ўргатган устозлар

Ҳоким билан учрашув ёхуд ўқувчиларни ёлғонга ўргатган устозлар
Кеча ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти ҳокимининг мактаб ўқувчилари билан учрашувига тайёрганлик олдидан мактабларга телеграм гуруҳида берилган топшириқнинг айрим жойлари эълон қилинди. Уларда айтилишича, бир қанча саволлар ёзилиб, мактаб ўқувчилари шу саволларга жавоб бераётганда кўзлари ёниб туриши керак экан. Вилояти ҳокими андижонлик болаларнинг отаси бўлиб,ундан қўрқиши эмас, саволларига кенг қамровли жавоб бериш лозиммиш...

Бу ҳолат турли хил мунозараларга сабаб бўлмоқда.

Халқ таълими вазирлиги матбуот котибининг телеграм саҳифасида ҳам муносабат эълон қилинган. “Таълимда бундай инсонларнинг ишлаётганлиги жуда ҳам ачинарли!” дейилган муносабатда.

Мактаб ўқувчини шахс сифатида ўзини англашига ёрдам берадиган, ўз хатти-ҳаракатлари учун масъулият ҳиссини, инсоний қадр-қимматини рўёбга чиқариш қобилияти ва истагини ривожлантиришга ёрдам берадиган маскандир. Ўқувчиларга мана бу ёзувдаги каби нарсаларни уқтириш, сингдириш йўли билан уларни Ўзбекистон келажагини қурадиган ёшлар қилиб тарбиялай олмаслигимиз аниқ.

Аслида бола ўзидаги мавжуд муаммоларни айта олиши керак, қаердан биласиз балки у оиласида зўравонлик қурбони бўлаётгандир ёки уни қийнаётган бошқа муаммолар бордир. Раҳбарларга ўзини яхши кўрсатиш учун амалга оширилаётган бундай ҳаракатлар билан эса бугун ўз қўлимиз билан келажагимизни барбод қиламиз! Бугун боладан мана бундай нарсани талаб қилаётганлар эртага яхшилик кутмасин!

Ўқитувчилик оддий касб эмас, бу касб, юрак чақирувидир — ўқитувчилардан бундай нарсаларни талаб қилманг, ҳурматли устозлар илтимос бундай талабларга қулоқ тутиб, келажак тақдири сизга боғлиқ бўлган навниҳолларни синдирманг!

Ҳоким Андижон фарзандларининг отаси экан, фарзанд отасига ўзини қийнаётган ҳар қандай масалани айтишга ҳаққи бор, отаси эшитмаган болани кўчада бегоналар эшитади, бу эса яхшиликка олиб келмайди. Ҳоким ҳам айнан шу учун ёшлар билан учрашгани келаётгани аниқ, бу йўл билан ўзингизни яхши кўрсатманг!
” деб якунланади муносабат.

Ғалати, жудаям ғалати. Ўқувчиларга кўзи ёниб туриши ва ўқишга кириш истаги бўлмаса ҳам ўқишга кираман, деб айт, деб сингдириш болаларни ёлғончиликка тайёрлаш эмасми? Шуми педагогика? Болаларнинг кўзи ёниб туришини кўрмоқчи бўлган ҳоким уларга шароит қилсин, қувончдан шундоғам кўзлари ёнади. Қачонгача раҳбарларга “Олам гулистон”лигини кўрсатиб, олқиш оламиз? Шунинг учун сохта ишлар кўпайиб кетмаяптими?

Яхшиси, болаларни чалғитиб, ўқитувчиларни ишдан қўйиб, бормасин ҳокимлар мактабга. Ўқитувчилар бунақа буйруқлар олмаса ўз ишларини яхши бажаришади. Ўқувчилар ҳам мажбуран “кўзлари ёнмай” дарс қилади.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият