
Шавкат Мирзиёев 11 ноябрь куни Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар саммитида ҳар йили Халқаро туркий иқтисодий форум ўтказишни таклиф қилди.
Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, давлат раҳбари, аввало, ҳамкорликнинг савдо-иқтисодий пойдеворини мустаҳкамлаш мақсадга мувофиқлигини айтди.
«Биз саммитга тайёргарлик кўриш жараёнида Ташкилотимиз фаолиятини чуқур таҳлил қилдик. Мамлакатларимиз ўртасидаги кўп томонлама муносабатларни ривожлан-тириш учун биргаликда салмоқли ишлар қилинганини эътироф этиш лозим. Шу билан бирга, ҳали катта салоҳият ва улкан имкониятларимиз тўлиқ ишга солинмаётгани ҳам, айни ҳақиқатдир. Аввало, ҳамкорлигимизнинг савдо-иқтисодий пойдеворини мустаҳкамлашимиз мақсадга мувофиқ», — деган президент.
Шавкат Мирзиёев мамлакатлар ўзаро товар айланмаси умумий ташқи савдонинг атиги 4 фоизини ташкил этишини, унинг қолгани эса учинчи давлатлар улушига тўғри келаётганини, бу ҳолат ҳеч кимни қониқтирмаслигини қайд этиб ўтди. Давлатлар орасида айрим импорт божхона тарифлари юқори бўлиб қолаётганини билдирди.
«Бу стратегик йўналишда вазиятни тубдан ўзгартириш, савдо, инвестиция ва хизматларнинг эркин ҳаракатини таъминлаш учун, Ташкилотимиз доирасида янги иқтисодий имкониятлар ҳудудинини барпо этиш ташаббусини илгари сурамиз.
Ана шу режамизга эришиш учун, ташкилотга аъзо ва кузатувчи мамлакатлар ҳамда дунё етакчи бизнес вакилларини кенг жалб қилган ҳолда, ҳар йили Халқаро туркий иқтисодий форумни ўтказишни таклиф этаман», — деган президент.
Унинг сўзларига кўра, форум доирасида давлат ва бизнес форматида қўшма тадбирлар, тадбиркорлар учрашувлари ва давра суҳбатлари, инновацион лойиҳалар тақдимотлари ва кўргазмаларни ўтказиш катта амалий натижа беради.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар