00:43 / 12.11.2022
1 116

Қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни реклама қилганлик учун жавобгарлик белгиланади

Қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни реклама қилганлик учун жавобгарлик белгиланади
Фото: iStockPhoto
Адлия вазирлиги қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш, ўтказиш ҳамда уларда иштирок этиш билан боғлиқ ноқонуний фаолият учун жавобгарликни кучайтиришни таклиф қилмоқда. Тегишли қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.

Хусусан, лойиҳада Жиноят кодексининг 278-моддасига қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши назарда тутилмоқда:
«Қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ва ўтказиш ҳамда уларни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш»;

2) 278-модда тўртинчи қисмнинг диспозицияси қуйидаги таҳрирда баён этилиши назарда тутилган:
«Қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни қонунга хилоф равишда ташкил этиш, ўтказиш ёки уларда иштирок этиш учун телекоммуникация тармоқлари ёхуд Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали хизматлар кўрсатиш, тегишли дастурий таъминотдан нусха кўпайтириш, уни тарқатиш;

3) 278-модда қуйидаги мазмундаги бешинчи ва олтинчи қисмлар билан тўлдирилиши назарда тутилмоқда:
«Қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни тарғиб қилувчи маҳсулотни қонунга хилоф равишда тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш мақсадида тайёрлаш ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, худди шунингдек қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни тарғиб қилувчи маҳсулотни қонунга хилоф равишда реклама қилиш, намойиш этиш, тарқатиш, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида реклама қилиш, намойиш этиш, тарқатиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланганидан кейин содир этилган бўлса – b]базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади[/b].

Ўша ҳаракатлар:

а) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;
б) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса –
уч юз олтмиш соатдан тўрт юз саксон соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади».

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 191-моддасига қуйидаги мазмундаги ўзгартиришлар киритилиши таклиф қилинган:
Ушбу модданинг иккинчи қисм диспозицияси қуйидаги таҳрирда баён этилади:

«Худди шундай ҳуқуқбузарликни маъмурий жазо чораси қўлланганидан кейин бир йил давомида такроран ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда содир этиш ёхуд вояга етмаган шахсни қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларда иштирок этишга жалб қилиш»;

МЖтК 191-моддаси учинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилиши назарда тутилган:

«Қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни тарғиб қилувчи маҳсулотни қонунга хилоф равишда тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш мақсадида тайёрлаш ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, худди шунингдек қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни тарғиб қилувчи маҳсулотни қонунга хилоф равишда реклама қилиш, намойиш этиш, тарқатиш, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида реклама қилиш, намойиш этиш, тарқатиш

фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан тўрт юз бараваригача, мансабдор шахсларга эса – юз бараваридан тўрт юз эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади».

Лойиҳа Жиноят-процессуал кодексида ҳам тегишли ўзгаришларга сабаб бўлади.

Лойиҳа ташаббускори Адлия вазирлигининг маълум қилишича, сўнгги йилларда қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ҳамда бундай ўйинларда иштирок этиш билан боғлиқ жиноятлар ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар сони ортиб бормоқда.

Хусусан, онлайн қимор ўйинларининг аҳоли орасида кенг оммалашиб бораётганлиги мазкур ўйинларга нисбатан қарамликнинг вужудга келиши ва фирибгарлик ҳамда ўз жонига қасд қилиш каби салбий оқибатларни келтириб чиқармоқда.

Таклиф этилаётган қонун лойиҳаси билан эса қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик кучайтирилади. Шунингдек, бундай ўйинларни тарғиб қилувчи маҳсулотни тарқатиш, реклама қилиш ҳамда Ўзбекистонга олиб кириш, Интернет жаҳон ахборот тармоғида рекламаси учун ҳам жавобгарлик белгиланмоқда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни реклама қилганлик учун жавобгарлик белгиланади