
Бир одам йўлда кетаркан, деҳқонга дуч келибди ва салом берибди:
- Ассалому алайкум!
- Ваалайкум ассалом! Йўл бўлсин, биродар?
- Сигиримга ем олмоқчиман, шу тарафда бир баққол бор экан, шунинг дўконига кетяпман.
- Шунақами... ундай бўлса, эҳтиёт бўл, алданиб қолма!
- Мени ҳеч ким алдай олмайди!
- Мен айтдим-қўйдим-да...
У одам баққолнинг дўконига етиб келибди. Салом-аликдан сўнг, емнинг нархини сўрабди. «Фалон нарх», - дебди баққол.
- Яхши, менга ўн кило берсангиз.
Баққол ўтирган жойидан қўзғалмабди. Қўли билан дўконнинг орқа томонига эринибгина ишора қилиб:
- Ўша ёққа ўтиб, емдан керагини олгин-да, менга пулини тўлаб кетавер. Ем тўкиб қўйилган жойда тарози ҳам бор, - дебди.
Харидор кўрсатилган тарафга ўтиб, халтасини тарозига қўйиб, ем сола бошлабди, ўн кило бўлгандан кейин қараса, атрофда ҳеч ким йўқ, баққол ўтирган жойдан бу тараф кўринмайди ҳам. Одам халтасига тўрт-беш кило ортиқча ем солибди ва баққолга ўн кило ем учун пул тўлаб, уни алдабди. Чиқиб, ўз йўлига кетибди. Йўлда яна бояги деҳқонни учратибди.
- Ем олдингми? – сўрабди деҳқон.
- Ҳа олдим. Сиз алданиб қолма, дегандингиз. Баққолингиз алдашни эплайдиган одам эмас-ку, бир жойда мудраб ўтирибди. Қайтага мен уни бопладим, тўрт-беш кило ортиқча ем олдим, сезгани ҳам йўқ...
Деҳқон бу одамнинг юзига ачиниш билан боқиб, бошини сарак-сарак қилибди:
- Мен сенга айтгандим-а, алданиб қолишдан эҳтиёт бўл, дегандим-а! Афсус...
Аслида сен алдандинг! Арзимаган 4-5кило ем учун хайр-баракангни қўлдан бой бердинг, баққолнинг гуноҳларини ўз елкангга олиб, дўзахни ўзингга тайин қилиб қўйдинг...

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар