23:07 / 01.12.2022
2 689

Уч томонлама иттифоқ, ташқи кучлар қўлидаги ўзбек гази ва Володиннинг ҳурматсизлиги

Уч томонлама иттифоқ, ташқи кучлар қўлидаги ўзбек гази ва Володиннинг ҳурматсизлиги
Сўнгги бир неча кун Ўзбекистон ва Россия муносабатларига оид воқеликларга бой бўлди. Дастлаб, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев тилидан Россия президенти Владимир Путиннинг Қозоғистон-Ўзбекистон-Россия ўртасида уч томонлама иттифоқ тузмоқчилиги ҳақида эшитган бўлсак, 29 ноябр куни Россия давлат думаси раиси Вячеслав Володин Тошкентга келди ва Ўзбекистонни Америка билан ҳамкорликнинг гўёки “хунук” оқибатларидан огоҳлантириб кетди.

Kun.uz мухбири сўнгги кунларнинг шу ва бошқа воқеалари атрофида сиёсий таҳлилчилар Фарҳод Толипов, Камолиддин Роббимов ва иқтисодий таҳлилчи Абдулла Абдуқодиров билан интервью ўтказди.

— Интервьюмиз аввалида шу йил 21 ноябр куни Қозоғистонда ўтган президентлик сайловлари ва унинг натижалари ҳақида бир неча савол бермоқчиман. Сайлов ўтди ва унда Тўқаев жуда кучсиз ва кўпчилик танимаган номзодлар орасида 81 фоиз овоз билан ғолиб бўлди. Кузатиб бордик, ушбу сайлов жараёни ва натижаларига нисбатан ҳам қозоқ жамияти ва уни кузатишга келган халқаро кузатувчилар томонидан турли танқидлар билдирилди.

Ёдингизда бўлса, қатор экспертлар Қозоғистондаги сайловлар олдидан Қозоғистонда янги давр, ислоҳотларнинг янги босқичи бошланаётгани ҳақида гапирганди. Хўш, мухолифатсиз, арзирли номзодларсиз ўтган сайловдан кейин ҳам Қозоғистонни ислоҳотлар йўлига кирди дея оламизми?


Фарҳод Толипов, таҳлилчи: — Қайсидир маънода Қозоғистонни демократик йўлдан кетяпти деб айта оламиз. Умуман олганда, совет иттифоқидан ажралиб чиққан давлатлардан катта натижаларни кутиб ҳам бўлмайди. Улар жадал ислоҳотлар билан демократияни бунёд этади дейишга бироз эрта. Ҳаттоки, демократик давлат ҳисобланган АҚШ сайловларини олсангиз ҳам, ўтган сайлов демократик тамойилларга зид ўтгани борасида қатор далиллар кўрсатишди. Шу маънода олиб қараганда Қозоғистонда олиб борилаётган сиёсатда жиддий ўзгаришлар бор, албатта.

Масалан, президентликка етти йилда бир маротаба сайлов ўтказилишининг ўзи ҳам катта бир сиёсий ислоҳот. Бу сайловлар мухолифатларсиз ўтган бўлса ҳам, камчиликлар мавжуд бўлса ҳам, инкор қилиб бўлмайдиган ўзгаришлар амалга ошириляпти. Албатта, Қозоғистон учун бу осон бўлмаяпти. Кенгроқ қарайдиган бўлсак, геосиёсий, тарихий омиллар ҳам йўқ эмас. Ташқи босим ҳам мавжуд.

Умуман олганда, Тўқаевни янги ислоҳотчи деб олмайлик, барибир унинг сиёсий тизимида ҳам, шахсиятида ҳам эски тузум асоратлари йўқ эмас. Унинг айрим хатти-ҳаракатлари ва ташаббуслари шахсан менга ғалати туюлади. Шунда унинг ўзи ҳам ташқи таъсир ва босимлардан мустақил эмасдир, деган фикрни ҳам шакллантириши мумкин. Чунки унинг ўзи ҳам эски тузум сиёсий элитасидан чиққан амалдордир.

Камолиддин Роббимов, таҳлилчи: — Қозоғистоннинг олдида йирик вазифа турибди. Биринчидан, Тўқаев Назарбоевнинг ўринбосари сифатида унинг қозоқ жамиятида легитимлиги жуда ҳам юқори эмас. Айниқса, йил бошидаги январ воқеаларидан кейин унга нисбатан мухолифлар орасида норози кайфият кучайиб кетди. Шунинг учун ҳам унда ҳали қозоқ жамиятида тўла шаклланмаган плюрализмни олиб кириш орқали ҳокимиятни ушлаб қола олмаслик хавфи ҳам бор.

Агар тўлақонли сиёсий сайловлар ўтказилса, вазиятни ушлаб тура олмаслигим мумкин, деган хавотир бор унда. Аммо шунга қарамасдан, биринчи ва охирги етти йилликка сайланиши ортидан йирик ислоҳотларни амалга оширишига ишонаман. Чунки ўзининг сиёсий фаолиятини ижобий ном билан тарихга олиб киради деб ўйлайман. Умуман олганда, нафақат Қозоғистонда, балки Марказий Осиё давлатларида ҳам том маънода сиёсий плюрализм ва демократик давлатлар анъанаси ҳали мавжуд эмас.

Умуман олганда Қозоғистон авторитаризмнинг ичкарисига эмас, балки ташқарисига қараб кетмоқда. Шунга кўра, демократия томонга баъзан секинроқ, баъзан тезроқ қадам ташлаяпти. Қозоғистон вакилларининг расмий баёнотларидаги рақамлардан ҳам буни кўриш мумкин. Масалан, Назарбоев даврида 5-6 та намойишлар кузатилган бўлса, Тўқаев даврига келиб, рўйхатдан ўтиб ташкиллаштирилган намойишлар сони 500 дан зиёдни ташкил қилади. Унинг ҳозирги хатти-ҳаракатларидан ҳокимиятни авторитар йўл билан мустаҳкамлаб, демократик жамият қуришга томон ҳаракатланяпти деб ўйлайман.

Абдулла Абдуқодиров, иқтисодий таҳлилчи: – Тўқаевнинг шахсиятига эътибор берадиган бўлсак, у Назарбоев жамиятидан чиққан ва у яратган сиёсий элитага таянадиган шахс. Ундан қандайдир демократик энергия ва катта-катта ислоҳотларни кутишнинг ўзи нотўғри. Иккинчидан, бу каби катта лойиҳаларни амалга оширадиган жамоаси ҳам йўқ. Сиёсатнинг субъекти шаклланмай туриб, кучли ўзгаришлар бўлмайди. Халқнинг ўзи шу ислоҳотларни амалга оширишни талаб қилсагина бирор ўзгаришлар бўлиши мумкин. Қайси режим амалда бўлишидан қатъи назар халқнинг иродаси ҳал қилувчи роль ўйнайди.

— Алоҳида таҳлил қилиниши керак бўлган яна бир масала – Тўқаев президентликка қасамёд қилган кундаги нутқида бундан кейин ҳам Қозоғистон ташқи сиёсатида аввал Россия, кейин Хитой ва ундан кейин Марказий Осиё устувор бўлишини маълум қилди.

Сизнингча, ЛХР ва ДНРни тан олмаслик ҳақидаги баёнот, бир неча дадил чиқишлар сайлов ва унда ғолиблик учунгина гапирилганмиди? Яъни Тўқаевнинг Россия бўйича позицияси қандай ўзи? Назаримда, унда ҳам барибир Марказий Осиёда Қозоғистон етакчи бўлиши керак, деган тафаккур бор. Марказий Осиё ҳамкорлигини ривожлантиришда унга қанчалик ишониш, суяниш мумкин ўзи?


Фарҳод Толипов: — Албатта, бу ерда тарихий тақозо ҳам бор. Тўқаевнинг ўзи ҳам, Ташқи сиёсий концепцияда белгиланган фикрларга кўра ҳам, Марказий Осиё манфаати биринчи ўринга қўйилган. Шахсга оид субъектив бурилишлар ўзгарган бўлса ҳам, объектив ўзгаришлар ҳам йўқ эмас. Буни ҳеч бир лидер инкор эта олмаган. Ҳаттоки, Назарбоевнинг ўзи 2007 йилда Марказий Осиё иттифоқини тузишни таклиф қилган.

Лекин Қозоғистонга хос бўлган зиддиятли йўналишлар ҳам бор. Улар бу каби сиёсатни кўп векторли сиёсат деган атама билан атайдилар. Аслида бу кўп векторли бўлмай, кўпроқ бир томонга оғишга ўхшаш сиёсат бўлиб чиққан эди. Умуман олганда, Россия билан энг узун чегарада жойлашганлиги ҳам бу давлатга қандайдир таъсир кўрсатишини тўғри тушуниш керак. Аммо нима бўлган тақдирда ҳам Марказий Осиёни ҳеч бир президент ҳам, элита ҳам инкор эта олмайди.

Етакчиликка интилиш деган гапни мен сохта тушунча деб биламан. Вақтнинг ўзи бу борада ҳеч қандай кураш бўлмаганлигини ҳам кўрсатди. Ўзбекистон ва Қозоғистон учун Тўқаев қандай аҳамият касб этиши борасида айтадиган бўлсак, кеча имзоланган битимни эслашнинг ўзи кифоя. Куни кеча Ўзбекистон ва Қозоғистон иттифоқдошлик тўғрисида битим имзолашди. Ўтган йили бу декларация эди. Декларация эса битимга айлантирилди. Энди бу икки давлат иттифоқдошлик мақомига эга ва ижобий сигнал деб биламан.

Камолиддин Роббимов: — Тўқаев бошқараётган Қозоғистоннинг Хитой, Россия ва Ўзбекистон билан ҳар хил вазифалари бор. Бир томондан олиб қараганда Россия Қозоғистон учун жуда катта таҳдид. Россия телеканалларида Украинадан кейин навбат Қозоғистонга деган фикрлар ҳам янграб ўтди. Қозоғистон ҳукумати эса бу борада Россия юқори органларидан изоҳ ҳам талаб қилди.

Бир томондан қараганда, бу икки давлатнинг иқтисодий алоқалари ниҳоятда юқори. Бундан ташқари, икки давлат ҳам жуда йирик икки ташкилотнинг аъзоси ҳисобланади. Қозоғистон таҳдид сифатида Россиянинг кейинги даврдаги агрессив сиёсатини кўради. Хитой эса иқтисодий жиҳатдан жуда ривожланган ва шунинг учун ҳам Қозоғистон учун муҳим бир давлат.

Аввал Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида қандайдир рақобат бўлган бўлиши мумкин, аммо ҳозир икки давлат раҳбари ҳам ташқи босимларни ҳис қилгани ҳолда бу вазият анча юмшаган. Тўқаевнинг баёноти эса Россия ва Қозоғистонни тинчлантириш учун айтилган бўлиши ҳам мумкин. Шу билан бирга Тўқаевнинг биринчи давлат ташрифи ҳам айнан Россияга уюштирилди. Чунки агар зиддиятли вазиятларнинг ортиши ортидан Украинадаги вазият силлиққина Қозоғистонга кўчишини қозоқ элитаси истамайди.

Илёс Сафаров суҳбатлашди


Фарҳод Толипов, Камолиддин Роббимов, Абдулла Абдуқодиров, Таҳлилчи

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Уч томонлама иттифоқ, ташқи кучлар қўлидаги ўзбек гази ва Володиннинг ҳурматсизлиги