08:05 / 16.12.2022
1 584

Ўзбекистонда лимон инқирози: маҳаллий лимонга талаб йўқ, импорт ҳажми эса ошиб бормоқда

Ўзбекистонда лимон инқирози: маҳаллий лимонга талаб йўқ, импорт ҳажми эса ошиб бормоқда
Ўзбекистон ва Тожикистонда лимон нархи рекорд даражада пасайган ва бу давом этмоқда. Бу ҳақда EastFruit хабар бермоқда.

«Ҳатто Тожикистонда лимоннинг чакана нархи аллақачон 1 кг учун 50 сент эквивалентига тушиб кетган. Бундай ҳолат тарихда илк бор юз бермоқда. Фермерлар ҳайратда — пишган лимон шунчаки дарахтларда қолиб кетган, чунки уларга талаб йўқ», — дейди БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) халқаро маслаҳатчиси Бахтиёр Абдувоҳидов.

Ўзбекистонда вазият бироз яхшироқ, мамлакатдаги баъзи савдо нуқталарида лимоннинг чакана нархи аллақачон бир килограмм учун 1 доллардан пастга тушиб кетган. Бироқ бу тенденция ишлаб чиқарувчиларни хавотирга солади.

Зеро, йилнинг шу даврида чакана савдода лимоннинг бундай арзон нархлари аввал кузатилмаган.

«Гарчи Тожикистондаги каби тезликда бўлмаса-да, Ўзбекистонда ҳам лимон нархи пасаймоқда, чунки янги лимон экспорти ривожланган. Аммо экспорт ҳеч бўлмаганда ўсмайди ва жорий календарь йили натижаларига кўра, улар 2019—2021 йиллар даражасида ёки бироз пастроқ ҳам бўлиши мумкин», — дейди FAO’нинг ўзбекистонлик маслаҳатчиси Наврўз Хуррамов.

Умуман олганда, Ўзбекистонда лимон етиштириш ҳажми ортиб бормоқда, лекин экспорт ҳажми эса деярли ўзгармаган. Бу нархлар пасайишда давом этиши мумкинлигини англатади.

«Шунга кўра, фермерлар янги нарх реалликларига тайёргарлик кўриши керак, чунки ёрдамчи хўжаликлар томонидан янги лимон боғларини яратиш жараёни тўхтамаяпти», — дея тушунтиради Наврўз Хуррамов.

Қизиқарли томони шундаки, Ўзбекистон етиштирилаётган лимон ҳаддан ташқари кўп бўлса ҳам, нархлари янада пастроқ бўлган қўшни Тожикистондан янги лимон импортини кўпайтирмоқда.

2021 йилда Ўзбекистонга илк бор 150 тоннадан ортиқ Тожикистон лимони келтирилди. Туркиядан лимон импортида ҳам ўсиш тенденцияси давом этди. 2021 йилда Ўзбекистон рекорд даражадаги 307 тонна Туркия лимонини импорт қилган. Лимон экспорти эса камайган.

Бироқ 2022 йилда бу тенденциялар янада кучайди — 2022 йилнинг дастлабки 10 ойида Ўзбекистон Туркиядан 1 300 тонна, Тожикистондан 554 тонна, Аргентинадан 370 тонна ва Хитойдан деярли 100 тонна лимон импорт қилди.

«Яъни ўтган йилнинг шу даврига нисбатан Туркиядан лимон импорти 40 баробар, Тожикистондан эса 26 баравар ўсди», — дейди FAO инвестиция департаменти иқтисодчиси Андрий Ярмак.

Лимон етиштириш ва импорт қилишнинг ўсиши фонида Ўзбекистондан лимон экспорти пасайишда давом этди.

2022 йилнинг январь—октябрь ойларида лимон экспорт қилиш ҳажми, асосан, Қозоғистонга етказиб беришнинг қисқариши ҳисобига 10 фоизга камайди. Россияга лимон экспорти эса ўзгаришсиз қолди.

Марказий Осиёда асосан «Мейер лимони» етиштирилади. У Европа, Шимолий Африка ва Америкада истеъмол қилинадиган сариқ навларга қараганда тўқроқ рангга эга ва ширинроқ ҳам. Шу билан бирга, минтақада лимон нархи, қоида тариқасида, нисбатан юқори эди.

«Марказий Осиёда лимон етиштириш учун қулай шарт-шароитлар мавжуд. Туркияда, шунингдек, Европа Иттифоқининг жанубий мамлакатларида лимон очиқ ҳавода етиштирилса, Ўзбекистон ва Тожикистонда лимонни ёпиқ жойларда етиштиришга тўғри келади», — дейди Андрий Ярмак.

Бундан ташқари, «Мейер лимони» асосан Европа Иттифоқи мамлакатлари, Туркия, Шимолий ва Жанубий Африка ва Америка томонидан экспорт қилинадиган лимонларга қараганда камроқ ташилади.

Андрий Ярмакка кўра, аксарият мамлакатлардаги истеъмолчилар Мейер лимони билан таниш эмас, шунинг учун ушбу турдаги лимон экспортини тезда ошириш жуда қийин бўлади.

Энг муҳим жиҳати, халқаро бозор учун «анъанавий» лимон нархи одатда Марказий Осиё фермерлари ўрганиб қолганидан анча паст.

«Шу сабабли улар халқаро бозорга интеграциялашгани сари кучлироқ мавқега эга бўлган рақобатчиларга ютқазишни бошлаши ажабланарли эмас.

Масалан, Туркия йилига 620 минг тоннадан ортиқ янги лимон экспорт қилади, бу Ўзбекистон экспортидан 124 баробар кўпдир
», — дейди мутахассис.

Унинг прогноз қилишича, узоқ муддатда Марказий Осиё минтақаси маҳаллий лимон етиштиришни қисқартиради ва импорт ҳажмини оширади.

«Бу ‘Мейер лимони’ йўқолиб кетади дегани эмас, чунки у ҳали ҳам маҳаллий истеъмолчилар томонидан афзал кўрилади.

Бироқ унинг нархи тушиши эҳтимолдан холи эмас, бу эса уни етиштириш учун иқтисодий жиҳатдан унчалик фойдали эмас ва кўплаб фермерларни Тожикистон ва Ўзбекистонда лимон етиштиришдан воз кечишга мажбур қилади
», — деб тушунтиради FAO эксперти.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонда лимон инқирози: маҳаллий лимонга талаб йўқ, импорт ҳажми эса ошиб бормоқда