06:25 / 09.01.2023
414

Мусулмон шифокори ва психиатриянинг кашшофи – Ал-Балхий ҳақида

Мусулмон шифокори ва психиатриянинг кашшофи – Ал-Балхий ҳақида
Психиатрия фан сифатида Европада XIX асрда ва когнитив терапия XX асрнинг ўрталарида шаклланган. Бироқ, руҳий касалликларни аниқлаш қадимги Юнонистонда, кейинроқ эса ислом дунёсида маълум. У ерда ҳатто руҳий касалликларга чалинган беморларни даволаш учун шифохоналар яратилган. Aҳмад ибн Саҳл ал-Балхий (850-934) бу соҳанинг кашшофи сифатида танилган. У фанга руҳий саломатлик ва руҳий гигиена тушунчаларини киритди ҳамда тушкунлик ва депрессияни даволаш учун когнитив терапиядан фойдаланишни бошлаб берди.

Aҳмад ибн Саҳл ал-Балхий Балхдан (ҳозирги Aфғонистон) унча узоқ бўлмаган Шамастиён қишлоғида туғилган. У машҳур ал-Киндийнинг шогирди бўлган. Aл-Балхий фалсафа, грамматика, география, математика, тиббиёт ва психиатрия каби фанларнинг билимдон олими сифатида шуҳрат қозонган.

Муаллиф “Масолиҳ ил-абдон ва-н-нуфус” («Жисмлар ва руҳларни сақлаш») асарида инсон саломатлигини сақлаш учун тана ва руҳ ўртасида уйғунлик зарурлигини ёзади. Танадаги номутаносиблик иситма, бош оғриғи ва бошқа жисмоний касалликларга, руҳдаги номутаносиблик эса ғазаб, ташвиш ва қайғуга олиб келиши мумкин. Руҳий касалликнинг психологик ва физиологик сабаблари мавжудлигини биринчи бўлиб ал-Балхий аниқлаган.

Шунингдек, у биринчи бўлиб тўрт хил ҳиссий бузилишларни аниқлади:

1) қўрқув ва хавотир, 2) ғазаб ва тажовуз, 3) қайғу ва тушкунлик 4) таъқиб қилишяпти деган гумонда бўлиш.

Бундан ташқари, ал-Балхий руҳий тушкунликнинг икки турини аниқлаган: 1) ички сабаблардан келиб чиқадиган, суҳбат ва маслаҳатлар билан даволаш керак бўлган тушкунлик, 2) дори воситалари билан даволаш керак бўлган, ташқи омиллар туфайли юзага келадиган клиник тушкунлик.

Aл-Балхий ушбу касалликларнинг ҳар бири учун когнитив терапияни яратди. Бу касалликларга унинг тавсиялари қуйидагича:

Гўзалликдан завқланиш; овқатланишни назорат қилиб бориш, кўп сув ичиш, яхши ухлаш, тоза ҳаводан нафас олиш ва табиатда сайр қилиш; тасалли берувчи массажлар, парфюмерия ва мойлардан фойдаланиш, шунингдек, жисмоний фаоллик билан танага ғамхўрлик қилиш; фаол жисмоний ҳаётга эга бўлиш; бошқа одамлар билан кўп мулоқот қилиш, дангасалик, зерикиш ва бекорчиликдан қочиш керак; муаммоларни дўстлар, оила ва шифокор билан муҳокама қилиш, уларнинг ёрдамини тинглаш ва ҳоказо.

Олимнинг касалликка ёндашуви ҳам профилактик, ҳам терапевтик бўлиб, бу шахснинг шахсияти, унинг ҳиссий ҳолатларини чуқур англашидан далолат беради.

Ал-Балхий иймоннинг инсон руҳий саломатлигидаги аҳамияти, қадри ҳақида гапириб, ўз асарларида Қуръони Каримдан мисоллар келтирган. Шунингдек, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Дарҳақиқат, танада бир парча гўшт борки, у бузилганда тана бузилади, соғлом бўлса, тана ҳам соғлом бўлади. Aлбатта, бу қалбдир”. — деган ҳадиси унинг асарларида кўп мисол қилинади.

Aл-Балхийнинг энг катта ютуқларидан бир шуки, у маънавият ва моддият ўртасидаги мувозанатни белгилаб берди. Унгача ҳеч ким бунга муваффақ бўлмаган. Руҳий бузилишларни шайтон васвасаси, жин уриши ва гуноҳлар зарари нуқтаи-назаридан таърифлаш ўрнига, илмий тилдан, илмий атамалардан фойдаланади. Шу билан бирга кўзга кўринмас дунёни ҳам эътибордан четда қолдирмади.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият