21:30 / 11.01.2023
424

Қизларимиз илмли бўлишсин

Қизларимиз илмли бўлишсин
Яқинда ижтимоий тармоқда бир йигит оиласи билан шифохонага боргани ҳақида ёзибди. Хотини беморлиги сабабли гинекологга кўрсатишни истаган. Аммо мавжуд гинекологларнинг ҳаммаси эркак экан. “Аёлимни эркак шифокорга кўрсатмайман”, деб бошқа шифохона излаган.

Шу ўринда бир мулоҳаза туғилади. Тўғри, рашк ва тақво масалаларида ҳушёр бўлишимиз лозим. Аммо катта эҳтимол билан айтиш мумкинки, бундай “тақволи” йигитлар ўз қизини ҳам шифокорликка ўқитмайди. Қарабсизки, “ёпиқ доира” пайдо бўлади: қизларимизни рашк қилиб шифокорликка ўқитмаймиз, натижада аёл шифокорлар етишиб чиқмайди ва яна эркак шифокордан рашк қилиб, аёл шифокор йўқлигидан шикоят қиламиз.

Хўш ечим нимада? AzonTv нинг «Таҳлил” кўрсатуви меҳмони бўлган биология фанлари доктори Бахтиёр Aбдулғофурнинг бу борада ўз мулоҳазалари бор.

Ўғилларимиз қаторида қиз фарзандларимизни ҳам албатта илмли қилишимиз керак, чунки миллатни оналар тарбиялайди”, дейди Бахтиёр Абдулғофур. - “Фарзандлар тарбиясида, айниқса қизлар тарбиясида она муҳим рол ўйнайди. Она саводли бўлса, боласини ҳам илмга қизиқтиради. Мактабдаги ўқиши билан доим қизиқади, керакли маслаҳат ва тавсиялар беради. Чўпонларда бир нақл бор “Қўй совлиқдан, қулун биядан”, дейишади. Бунинг маъноси шуки, боланинг характери ва бирор нарсага мойиллиги онадан ўтади. Бу нафақат тарбия ва намуна бўлиш орқали, балки ирсият орқали ҳам амалга ошади. Боланинг ақлий салоҳияти ва бирор касбга мойиллиги ҳам онадан болага ўтади. Демакки соғлом ва ақлли миллатни яратмоқчи бўлсак, бўлажак оналарга эътибор қаратайлик.

Нафақат ирсий меросга, балки аёлларнинг ҳомилдорлик вақтида ҳам эътиборли бўлишни тавсия қилган бўлардим. Айтайлик она ҳомиладорлик пайти кўп сиқилса, асабийлашса, бола ҳам инжиқ ва асабий бўлиб туғилиши ҳаммага маълум. Ёки ҳомиладорлик пайтида унинг организмига бирор керакли модда, витамин ва минераллар етишмаса, бола нимжон ва касалманд бўлиб туғилади. Бундай боланинг онг ва тафаккури ҳам, қобилиятлари ҳам ҳаминқадар бўлади, албатта.

Афсуски, халқимизда янги келинларга бир қул каби қарашади. Ундан сўзсиз итоаткорлик талаб қилинади. Лекин унинг хоҳишлари билан ҳисоблашилмайди. Бу борада золим қайноналаримизда гап кўп. Улар гўё келиндан ўч олишса-да, туғилажак набираси ва алал-оқибат миллат келажагини ноқис ва мажруҳ қилиб қўйишаётганига ақллари етмайди. Чунки ўзлари ҳам шундай муносабат ва тарбия кўришган. Ўқимаганлиги ва савод бўлмаганлиги учун бу ҳақда ўйлаб ҳам кўришмайди.

Агар қизларимизни ўқитсак, айниқса эътиқодий масалаларда саводли қилсак, борар жойида ўз ўрнини осон топади, ҳурмат қозона олади. Эри ва қайнонаси олдида ҳам тили қисиқ бўлмайди. Тақво-парҳезли ва илмли аёлларнинг фарзандлари ҳам онасига ўхшаган бўлади. Уларнинг тарбияси ҳам шунга яраша бўлади. Таҳорат билан боласини эмизган, ўзи ва боласининг луқмаси ҳалол бўлишига эътибор берган онанинг фарзандидан Бухорий ва Термизийлар етишиб чиқишига умид қилсак бўлади. Келажак миллат ақлли ва соғлом, инсоний сифатлари устувор бўлишидан умид қилсак бўлади
.

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият