19:23 / 17.01.2023
668

«Ўткан кунлар» таржимони Марк Риз Тошкентнинг бўлажак ҳокимига мурожаат йўллади

«Ўткан кунлар» таржимони Марк Риз Тошкентнинг бўлажак ҳокимига мурожаат йўллади
Фото: Twitter / uzbekmodernist
Америкалик ёзувчи, «Ўткан кунлар» романини инглиз тилига таржима қилган Марк Риз Twitter’даги саҳифасида Тошкент шаҳрининг янги тайинланадиган ҳокимига мурожаат қилиб, унга шаҳардаги одамларнинг яшаш тарзини қулайлаштириш бўйича таклифлар берди.

«Тошкент шаҳар ҳокими ишдан олинганидан кейин мен шаҳарни инсонлар учун қулай кўринишга келтириш бўйича янги ҳокимга бир нечта таклифларни айтмоқчиман. Умид қиламанки, янги ҳоким буни ўқийди. Буларнинг барчасини Тошкентга катта меҳр қўйган инсон сифатида айтяпман», — деб ёзди у Twitter’да.

Марк Ризнинг фикрича, Тошкент шаҳрида бир қатор ишларни амалга ошириш керак.

Йўллар таъмири
«Сифатли йўллар йўқ. Яшил зоналарни кенгайтиринг, ифлосланишни камайтирадиган дарахтлар экинг. Барқарор сув кетадиган йўлларини яратинг. Жамоат транспортини яхшиланг. Йўлда кетаётганингизда ортингиздан кимдир Matiz’да келиб, мажақлаб ташлаши мумкинлиги бўйича қўрқувларни камайтиринг».

Тошкент Дубай эмас
«Дубай бўлманг. Сиз Дубай эмассиз, сизда сув ҳавзалари бор. Сиз Тошкентсиз. Оз бўлса-да, ғурурингиз бўлсин, ўзлигингиз бўлсин. Менга Дубай ёқади. Тошкентни эса ундан ҳам кўпроқ яхши кўраман. Менинг рафиқам ҳам тошкентлик».

Дарахтлар масаласи
«Вазият қанчалик жиддий эканини тушуняпсизми ўзи? Агар англолмаётган бўлсангиз, халқингизнинг 7 авлоди учун афсусдаман. Ҳеч ким сизни ўша баланд бинолар учун эслаб қолмайди. Шахматчилар уларга соя-салқин жой берган ҳокимни дуо қилади, осмонўпар бино қурганни эмас. Буни ҳатто Чор Россияси губернаторлари ҳам тушунган. Вазиятни яхшилаш, яшил парклар яратиш учун Япония, Европа Иттифоқи, АҚШ, Хитойдан дарахтзорлар олиб келинг.

Фуқаролар ўз ҳаётини ёмонлаштирадиган аҳмоқона лойиҳаларга сарфланган долларларни кўрганида, нималар бўлаётганини яхши тушуниб олади.

Темурийларнинг ўзига хосликларидан бири ҳам айнан яшил майдонлар бўлган — Темур каби бўлинг. Менда боғ учун ажойиб дизайн бор ва уни шартнома бўйича таклиф қилишдан хурсанд бўламан
».

Жамоат транспорти
«Кондиционер ва иситиш тизимига эга трамвайларни қайтаринг. Монорельс (бир изли темир йўл) тизимини қуринг. Тирбандликларни камайтириш чораларини кўринг.

Иқтисодиётнинг драйверларидан бири бўлган соҳа бўйича йирик инфратузилма режасини истасангиз, жамоат транспорти — қулай вариант. Айнан мана шу жараёнда Тошкент Дубайга бироз ўхшаб кетиши мумкин
».

Урбан экспертиза
«Кейинги масала оғриқли, одамларнинг жаҳлини чиқариши турган гап. Лекин агар сиз шаҳарни реконструкция қилмоқчи бўлсангиз, совет давридан қолган ҳамма иншоотларни ҳам сақлаб қололмайсиз. 14 қаватли турар жойлар энергияни еб ташлайди. Сув танқис ҳудудлардаги бинолар баланд эмас, паст бўлиши керак.

Бу кўринишдаги бинолар 1966 йилги зилзиланинг натижаси ҳисобланади — советча «ривожланиш». Бу бўйича аниқ жавоб йўқ. Аммо шаҳарсозлик бўйича экспертиза масаланинг калити бўлиши мумкин. Реконструкция қилинмаган улкан бинолар бу — фалокат учун рецепт, холос. АҚШнинг Аризона штатидаги Феникс шаҳри бу бўйича жуда яхши мисол бўла олади.

Янги ҳоким бу — имконият. Шаҳар ҳокимияти муаммоларга ечими бўлган мустақил экспертларни жалб этиши керак. Бошқа давлатга кўчиб ўтмоқчи бўлган одам, аввало, иккита нарсага эътибор қаратади: таълим ва яшаш сифати. Айни дамда Тошкент — ҳамма тузатишни истайдиган синиқ ойна
».

Марк Риз муаммоларни санашдан ташқари, шаҳарсозлик бўйича ўз таклифларини ҳам берган. Хусусан, у Қўқон шаҳри маркази ва Тошкентдаги Адиблар хиёбонини қайта қуриш юзасидан режаларини тақдим этган. «Бунда Аризонадаги Аркосанти шаҳридан илҳомландим», — дейди Риз.

Фото: Twitter / uzbekmodernist

Фото: Twitter / uzbekmodernist

Фото: Twitter / uzbekmodernist

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Ўткан кунлар» таржимони Марк Риз Тошкентнинг бўлажак ҳокимига мурожаат йўллади