
Шундай кунларга етиб келдикки, ҳаж, айниқса умра зиёрати анча осон бўлиб қолди. Минглаб юртдошларимиз бу имкониятда фойдаланиб, муқаддас жойларни зиёрат қилиб, муқаддас маконларда ибодат қилиб келиш бахтига муяссар бўлишмоқда.
Ҳар бир тадбирда ва сафарда бўлгани каби ҳаж ва умра зиёратининг ҳам ўз одоби бор албатта. Турли ёш, касб, ижтимоий мавқедаги ва маданиятга эга одамлардан ташкил топган жамоалар ҳам табиийки, Макка ва Мадина шаҳарларида ўзларини турлича тутишади.
AzonTV да берилган “Фикрат” кўрсатувида бугун долзарб бўлиб турган мавзулардан бири - умра зиёратидаги муаммолар ҳақида сўз борди. Ҳаж ва умра ассоцацияси раиси Шерзод Сами ва Маккадаги меҳмонхоналар гуруҳи раҳбари Абдулазиз Муҳаммад иштирокидаги кўрсатув асосан томошабинларнинг саволларига жавоб шаклида бўлиб ўтди.
Жумладан, Ўзбекистон, умуман Марказий Осиёдан бораётган зиёратчи мусулмонлар йўл қўядиган доимий хатолар ҳақида савол берилди. Бундан кейин сафарга чиқадиган юртдошларимиз учун фойдали бўлсин, деган мақсадни кўзлаган ушбу саволларга кўрсатув меҳмони Абдулазиз Муҳаммад жавоб берди. Унинг айтишича, муқаддас шаҳарларда зиёратчи ўзбекистонликлар кўпайгани кўнгилга қувонч бағишлайди. Бироқ айрим меҳмонларда жамоат жойларида ўзини тутиш одоби камлик қилиб қоляпти.
- Мисол сифатида айтадиган бўлсак, меҳмонхоналарда таомланиш пайтида “швед столи” тарзида тузалган дастурхондан таомланган зиёратчилар тўйганларидан кейин ҳам стол устидаги овқатлардан сумкаларига солиб олиб кетишлари кузатилмоқда, дейди Абдулазиз Муҳаммад. - Бу жуда ачинарли ҳолат. Шунинг учун зиёратчиларга такрор-такрор айтамизки, “сиз учун эрталаб соат 6 дан 10 гача дастурхонга тортилган нонуштадан тўйгунингизча таомланинг, аммо ўзингиз билан ҳеч нарса олиб кетманг. Кечки овқат пайтида ҳам худди шундай вазият - жуда кўп бизга эътирозлар келаяпти. Чунки таомлар маълум миқдордаги одамлар учун тайёрланади. Яъни, “швед столи”да бошқаларнинг ҳам ҳаққи бор. Фақат беморлар учун овқат олиб кетиш истисно тариқасида рухсат берилади.
Шунингдек, “Масжидул Ҳарам” ичидан зам-зам сувини олиб чиқиб кетиш ҳаромми, ўғирлик ҳисобланадими, деб кўп савол беришади. Бу албатта ҳалол сув. Бундай гап сўзларга ишонманг, дейди Маккадаги меҳмонхоналар гуруҳи раҳбари Абдулазиз Муҳаммад.
Албатта экспертнинг гапларида жон бор. Меҳмон одоби билан азиз. Чунки ҳар бир юртдошимиз хорижда нима мақсадда юрмасин юртимизни тамсил қилишади. Уларга қараб Ўзбекистон ва унинг халқи ҳақида хулоса қилишади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар