
Фото: Президент матбуот хизмати
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 17 феврал куни Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасасига ташрифи вақтида эндиликда кам таъминланганларга Умрага боришда ёрдам берилишини маълум қилди.
Президент мадраса талабалари билан учрашув давомида сўнгги йилларда Умра ва Ҳаж сафарларига қатнов сони кўпайтирилганини таъкидлади. «Умрага хоҳлаганча рухсат бериляпти. Ҳаж сафарлари карра-карра кўпайди. Эътиқод инсоннинг юрагида, бағрида, кўнглида бўлади», деди давлат раҳбари.
Шундан кейин президент кимда қандай таклиф бўлса, эшитишга тайёр эканини айтган. Муфтий Нуриддин Холиқназаров Умрага боришга имконияти етмайдиган кам таъминланганлар учун давлат томонидан ёрдам берилишини сўраган.
«Сиздан битта илтимос бўлади, адолатли танлов қилиб берсангиз, хоҳлаганингизча ёрдам бераман. Ҳақиқий кам таъминланганлар истаги албатта ижобат бўлади. Уларнинг рўйхатини шакллантириб беринг. Керак бўлса, у ердаги раҳбарларга ҳам айтиб, уларни алоҳида-алоҳида кутиб оладиган қилиб ташкиллаштирамиз», дея жавоб берди президент.
Давлат раҳбари мадраса талабалари билан суҳбатлашган.
«Бундай узоқ тарихга эга таълим даргоҳлари жуда кам. Бугун унинг шароитини яхшилаб, тарихий адолатни тиклаганимиз хайрли иш бўлди, деб ўйлайман. Демократик ислоҳотларимиз натижасида диний соҳага ҳам эркинлик эпкини кириб келди. Шу билан бирга, ахборот макони ҳам очиқ. Интернетда илмий асоси бўлмаган турли талқинлар ҳам бор. Лекин уларни тажрибасиз ёшлар қаердан билади? Буни сизга ўхшаган илмли кишилар, имом-хатибларимиз исботлаб, тўғри тушунтириб бериши керак», деди Шавкат Мирзиёев.
Диний таълим соатлари ва сифатини ислоҳ қилиш, уни амалиёт билан боғлаш бўйича фикрлар билдирилди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар