16:55 / 23.02.2023
515

Боррел: «Россия истилоси Марказий Осиё учун ҳаддан ташқари қарамликдан қочиш заруратини кўрсатди»

Жозеп Боррел / Дати Бендо

Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел Украинадаги урушнинг бир йиллиги муносабати билан баёнот бериб, Россиянинг беқарорлаштирувчи ҳаракати Марказий Осиё мамлакатларига ҳам глобал таҳдид эканини таъкидлади.

Еврокомиссия вице-президентининг ёзишича, 24 феврал санаси Россиянинг Украинага шафқатсиз, асоссиз ва ноқонуний бостириб кириши бошлаган кун сифатида абадий эсда қолади. Шунингдек, Боррел бу тажовуз БМТ низомини очиқдан очиқ бузиш ҳодисаси эканини таъкидлаган.

«Бу уруш «шунчаки Европа муаммоси» ёки «Ғарб ва қолганларга қарши» бўлиши ҳақида эмас. Бу – биз ҳаммамиз яшашни хоҳлайдиган дунё ҳақида: ядровий қуролга эга давлат ва Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси томонидан ноқонуний куч ишлатилиши қандайдир тарзда «нормаллаштирилган» дунёда ҳеч ким хавфсиз эмаслигини англатади. Шунинг учун ҳам барчани ҳокимият сиёсати, шантаж ва ҳарбий ҳужумдан ҳимоя қилиш мақсадида халқаро ҳуқуқ ҳамма жойда татбиқ этилиши керак», дейди у.

Бир йил ўтгач, одамлар кўрган кўп сонли уруш жиноятлари ва ваҳшийлик тасвирларига одатланиб қолиши ёки сўзларнинг аҳамияти тушиб, инсонлар чарчаши мумкин. Лекин бунга йўл қўйиб бўлмайди.

«Бунга биз йўл қўя олмаймиз. Чунки Россия ҳар куни БМТ низомини бузиб, империалистик сиёсати билан бутун дунё учун хавфли прецедент яратмоқда. Россия ҳар куни бегуноҳ украиналик аёллар, эркаклар ва болаларни ўлдиришда давом этмоқда, шаҳарлар ва фуқаролик инфратузилмасига ўз ракеталарини ёғдирмоқда. Россия ҳар куни ёлғон ва уйдирмаларни тарқатишда давом этмоқда».

Европа Иттифоқида урушга қарши туришда «уч қисмдан иборат стратегия» йўналишидан бошқа илож йўқ. Булар:

  • Украинани қўллаб-қувватлаш;
  • Россияга унинг ноқонуний тажовузкорлигини тўхтатиш учун босим ўтказиш;
  • Дунёнинг қолган қисми уруш оқибатларига бардош беришга кўмаклашиш.

«Биз бир йилдан бери шундай қиляпмиз ва бу фаолиятимиз муваффақиятли давом этмоқда. Мисли кўрилмаган санкцияларни қабул қилдик; Россияда қазиб олинадиган ёнилғига бўлган қарамлигимизни тўхтатдик; ва асосий шериклар билан яқин ҳамкорликда Кремль ўз агрессиясини молиялаш учун оладиган энергия даромадларини 50 фоизга қисқартирдик. Биргаликда ишлаган ҳолда, биз озиқ-овқат ва энергия нархлари пасайиши билан глобал тўлқин таъсирини қисман бирдамлик йўлакларимиз ва Қора денгиз ғалла ташаббуси туфайли енгиллаштирдик», дейди Боррел.

Европа ташқи сиёсат раҳбарига кўра, «Украина ўзини ҳимоя қила олишини хоҳлаймиз», дейишнинг ўзи етарли эмас. Шунинг учун Украинага воситалар – қуроллар берилмоқда. Бундан ташқари, Боррел Украинанинг Европа Иттифоқига қўшилиш сўровига ижобий жавоб беришга қарор қилинганини таъкидлаган.

«Европа Иттифоқи биринчи марта ҳужумга учраган давлатга қурол етказиб берди. Ҳақиқатан ҳам, Европа Иттифоқи ҳозирда украиналик ҳарбийлар ўз давлатларини ҳимоя қилишлари учун ҳарбий тайёргарлик бўйича етакчи таъминотчи ҳисобланади. Шунингдек, биз Украина халқини қўллаб-қувватлаш учун муҳим макромолиявий ва инсонпарварлик ёрдами таклиф қилмоқдамиз. Биз Украинанинг Европа Иттифоқига қўшилиш сўровига ижобий жавоб беришга қарор қилдик. Ниҳоят, биз Россия содир этган ҳарбий жиноятлар учун жавобгарликни таъминлаш устида ишлаяпмиз.

Украина қисман ушбу кўмак туфайли ўзининг ажойиб чидамлилигини кўрсатди. Россия эса глобал санкциялар ва БМТ Бош Ассамблеясидаги давлатларнинг мутлақ кўпчилигининг халқаро қоралаши туфайли янада яккаланиб қолди. Бизнинг умумий мақсадимиз – демократия ҳукмронлик қиладиган Украина, босқинчини қувиб чиқариш, унинг тўлиқ суверенитетини тиклаш ва шу билан бирга халқаро қонунийликни тиклашдир».

Европа дипломатияси раҳбари Россиянинг тажовузкор ҳаракатлари Марказий Осиё давлатлари учун ҳам глобал таҳдид эканини эслатиб, уруш Россияга қарамликдан тезроқ чиқиш заруратини юзага чиқарганини таъкидлаган.

«Россиянинг тажовузкор ревизионизми ва унинг кенгроқ беқарорлаштирувчи ҳаракатлари Марказий Осиё мамлакатларига ҳам таъсир қилувчи глобал таҳдиддир. Биз ўтмиш меросини қўзғатишга уринаётган Россия ташвиқот машинаси таъсирини, ахборотни манипуляция қилиш ва чет эл аралашуви бўйича саноат миқёсидаги саъй-ҳаракатларни кўрдик. Шунинг учун Европа Иттифоқи ушбу таҳдидга қарши курашмоқда ва биз ҳамкорларимиз ёрдамига ишонамиз.

Умуман олганда, Россия истилоси Европа ва Марказий Осиё учун ҳаддан ташқари қарамликдан қочиш зарурлигини таъкидлади. Шунинг учун ҳамкорлигимизни кучайтиришимиз керак. Биз барқарор ва очиқ жамиятларни илгари суришдан биргаликда манфаатдормиз; барқарор тикланиш ва яшил ўтишни таъминлаш; фуқароларимизни терроризм, гиёҳванд моддалар, қурол ва одам савдоси каби хавфсизликка таҳдидлардан ҳимоя қилишимиз керак. Бундан ташқари, Европа Иттифоқи Марказий Осиё минтақасини алоқа ва ҳамкорлик учун очиқ майдон сифатида сақлаб қолмоқчи».

Евроиттифоқ вакили Украина томонида бўлган тарихий адолатга эришиш учун «учлик стратегия»ни кучайтириш ва буни жамоавий вазифа ўлароқ бажариш кераклигини билдирган. «Шу боис Европа Иттифоқи барча ҳамкорларини тажовуз барбод бўлиши ва халқаро ҳуқуқ устувор бўлишини таъминлаш учун биргаликда масъулият ва ҳамжиҳатлик руҳида ҳаракат қилишга чақирмоқда», дейди Жозеп Боррел.


arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият