Қарши шаҳридаги автомобилларга сиқилган газ қуйиш шохобчасида газ олаётган Nexia-3 портлаб кетган.
Қашқадарё вилоят ФВБнинг хабар беришича, ҳодиса бугун 2023 йил 24 феврал куни соат 16:08 ларда содир бўлган.
Маълум қилинишича, Насаф кўчасида жойлашган “НЕW ПОВЕР” «метан заправка»сида Nexia-3 машинасига газ қуйилаётган вақтда унга ўрнатилган газ баллони портлаган.
Оқибатда машинанинг орқа қисми тўлиқ шикастланган. Ҳодиса жойида ёнғин содир бўлмаган ва ҳеч ким тан жароҳат олмаган.
Қайд этилишича, ҳозирда, ҳолат бўйича тегишли соҳа вакиллари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
«Шу ўринда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги барча ҳайдовчилардан ўз бошқарувидаги автомобилларни вақтида техник кўрикдан ўтказишларини ва барча хавфсизлик қоидаларига риоя қилишларини сўрайди», дейилади хабарда.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг![arenda kvartira tashkent](/uploads/d5fb3f5cdf_bisyor_banner_1000x100.webp)