16:28 / 02.03.2023
298

Сенат маҳкумлар жазосини оғирлаштиришга оид тартибларни маъқуллади

Сенат маҳкумлар жазосини оғирлаштиришга оид тартибларни маъқуллади

Бугун, 2 март куни чақирилган Сенатнинг ялпи мажлисида сенаторлар «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ҳамда Жиноят-ижроия кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонунни муҳокама қилдилар.

Муҳокамада бугунги кунда манзил-колонияларда жазо муддатини ўтаётган маҳкумларнинг жазони ўташ жойларини ўзбошимчалик билан тарк этиш ҳолатлари содир этилаётганлиги, бироқ бундай маҳкумларга нисбатан қатъий жазо чоралари белгиланмаганлиги, манзил-колонияга ўтказилган оғир ва ўта оғир жиноят содир этган маҳкумлар томонидан жазони ўташ даврида бир қатор оғир ва ўта оғир турдаги жиноятларни қайта содир этиш ҳолатлари кузатилаётганлиги таъкидланди.

Қайд этилишича, биргина 2021 йилда манзил-колониясида жазо муддатини ўтаётган 15 нафар маҳкум томонидан оғир ва ўта оғир турдаги жиноятлар содир этилган бўлса, 2022 йилда 77 нафар маҳкум томонидан шундай турдаги жиноятлар содир этилган.

Шунингдек, қонунчиликда сақлаш режимини ашаддий бузишнинг оқибатлари ҳамда меҳнатдан бўйин товлаган деб топишнинг аниқ мезонлари белгиланмаганлиги маҳкумлар билан олиб борилаётган тарбиявий ишлар самарадорлигига таъсир қилаётганлиги айтиб ўтилди.

Муҳокама қилинган Қонун нафақат юқоридаги муаммоларни бартараф этиш мақсадида ишлаб чиқилган, балки жазони ижро этиш муассасаларида ўрнатилган тартиб-қоидаларга тўлиқ риоя этишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Хусусан, Қонун билан киритилаётган ўзгартиришларга асосан:

  • жазони ижро этиш муассасасини ўзбошимчалик билан ташлаб кетган маҳкумларни сақлаш режимини ашаддий бузувчи деб топиш учун асос бўладиган 24 соатлик муддат 12 соатгача қисқартирилади ва маҳкум навбатдаги учрашувдан маҳрум этилади;
  • сақлаш режимини ашаддий бузувчи маҳкумларга нисбатан манзил-колониядан умумий тартибли колонияга, умумий, қаттиқ ёки махсус тартибли колониялардан турмага ўтказиш тўғрисида, шунингдек, манзил-колониядан умумий ёки қаттиқ тартибли колонияга, қаттиқ тартибли колониядан махсус тартибли колонияга, колониялардан турмага қайтариш тўғрисида судга тақдимнома киритилади (Жиноят-ижроия кодекси янги 112-1-модда билан тўлдирилади);
  • манзил-колонияда жазони ўташ даврида сақлаш режимини ашаддий бузганлик учун умумий тартибли колонияга ўтказилган ҳамда умумий ёки қаттиқ тартибли колонияга қайтарилган маҳкумлар, бу ҳақда суд ажрими чиққан кундан бошлаб камида икки йил мобайнида, шунингдек, манзил-колонияда жазони ўташ даврида жиноят содир этиб, суд томонидан озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазога ҳукм қилинган маҳкумлар манзил-колонияга ўтказилмайди;
  • маҳкумларни манзил-колонияга ўтказиш муддатлари узайтирилади, яъни оғир жиноятлар учун – жазонинг камида учдан бир қисмини, ўта оғир жиноят учун камида ярмини ўтаганидан сўнг маҳкумлар манзил-колонияга ўтказилиши мумкинлиги ҳамда шу муносабат билан маҳкумларни жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш – оғир жиноятлар учун жазонинг камида учдан икки қисмини ўтаганидан сўнг, ўта оғир жиноятлар учун эса камида тўртдан уч қисмини ўтаганидан сўнг қўлланилади.

Таъкидланишича, Қонуннинг амалиётга татбиқ этилиши маҳкумларнинг жазони ижро этиш муассасаларида ўрнатилган тартиб-қоидаларга тўлиқ риоя этишларига, тарбиявий тадбирлар самарадорлиги ошиши ҳамда қайта жиноят содир этилиши ҳолатларининг олди олинишига, меҳнат қилишга бўлган муносабатни ижобий томонга ўзгартиришга, жазони ижро этиш муассасаларининг ички тартиб-интизомини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Муҳокамалар сўнг Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.



Сенат, Маҳкумлар жазоси, Оғирлаштириш, Манзил-колония

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Сенат маҳкумлар жазосини оғирлаштиришга оид тартибларни маъқуллади