Жарий йилнинг 7 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг конституциявий қонун лойиҳасини тайёрлашга масъул бўлган — Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари ҳамда Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмиталарининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда янгиланаятган Конституция лойиҳасини такомиллаштириш бўйича амалга оширилган ишлар атрофлича кўриб чиқилди. Умумхалқ муҳокамаларида 220 мингдан зиёд таклифлар келиб тушганлиги, таклифларнинг ҳар тўрттасидан биттаси лойиҳадан жой олганлиги қайд этилди.
“Конституциявий қонун лойиҳаси билан амалдаги Конституцияга 27 та янги модда киритилмоқда, моддалар сони 128 тадан 155 тага ошмоқда, Конституциянинг амалдаги 275 та нормаси 434 тага кўпаймоқда, яъни амалдаги Конституция 65 фоизга янгиланмоқда”, дейилади қўшма йиғилиш баёнотида.
Йиғилишда Конституцияга киритилаётган асосий ўзгаришларнинг ҳар бири бўйича алоҳида-алоҳида тўхталиб ўтилиб, фикр алмашилган.
Хусусан, киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг сиёсий-ҳуқуқий аҳамияти, кўлами ва ҳажмидан келиб чиқиб, лойиҳани янги таҳрирда баён этишга барча асослар борлиги, шу боис Конституциявий қонун лойиҳаси номини “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида” деб ўзгартирилгани билдирилган.
Конституциявий қонун лойиҳасининг матни давлат раҳбарининг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, Олий суд раҳбарияти билан бўлиб ўтган учрашувида ҳам муҳокама этилиб, қўллаб-қувватланган.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!