02:59 / 18.04.2023
433

Муборак ой ичига яширилган марварид

Муборак ой ичига яширилган марварид

Айтишларича, баҳорда, найсон ойида “абри найсон” отлиқ булут бўлармиш. Ўша булутдан ҳар йили бир марта, маълум вақтдагина қисқа ёмғир ёғаркан. Унинг суви бошқа ёмғир сувларидан ўзгача, баракотли бўларкан. Чуқур денгизларнинг тубида сон-саноқсиз чиғаноқлар йил бўйи ўша ёмғир сувини кутиб ётишаркан.

Абри найсон ёмғири Аллоҳнинг қудрати билан денгизнинг шўр сувларини кесиб ўтиб, уларга аралашмай, соф ҳолда ҳалиги чиғаноқларга етиб бораркан. Чиғаноқлар ҳам баракотли сувни кутиб, оғизларини очиб ётишар экан. Найсон ёмғирининг бир томчисини тутиб олган чиғаноқ ўша заҳоти оғзини юмиб олар экан. Бир қанча вақтдан сўнг ўша бир томчи сув дурга айланар экан.

Ғаввослар жонларини хавф остига қўйиб, ўша дурни денгиз тубидан олиб чиқишади. Одамлар уни катта пулларга сотиб олишади. Бир пайтлар бир томчи сув бўлган нарса энди инсонларни азиз ва мукаррам этадиган ашёсига айланади: унинг соҳиблари дурни ҳар ерга ҳам ишонавермайдилар. Уйларининг энг ичкарисига, қимматбаҳо сандиғу қутиларнинг ичига беркитадилар. Қиймати бутун махлуқотдан паст бўлган бир томчи сув энди азиз маконларни манзил тутади...

Мусулмонларнинг ҳам ўша чиғаноқлар каби йилда бир марта келадиган “моҳи найсони” – рамазони, “абри найсони” – Лайлатул қадри бор. Роббимиз бу кечага “минг ойдан яхши” деб баҳо берган. Аллоҳ ҳам бу дурни – буюк кечани Рамазондек мукаррам ойнинг ичига беркитган. Унинг яхшиликларидан баҳра олганлар буюк фазлга эга бўлгайлар, қалбларида дурлар унгайлар, марваридлар битгайлар. Охиратда ўша дурлар эвазига Аллоҳнинг юксак мартабаларига эришгайлар...

Ёқуб Умар

Манба: Azon.uz


arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият