Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ҳокимият ва давлат бошқаруви тизимида коррупцияга билан боғлиқ ҳолатга чек қўйиш мақсадида Жиззах вилоятида тезкор тадбир ўтказилди. Бу ҳақда “Замон” информацион дастурида маълум қилинди.
Хусусан, Жиззах шаҳрида яшовчи тадбиркор чорвачилик билан шуғулланиш мақсадида 2020 йилда банкдан 200 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит олган ва ушбу маблағ ҳисобидан қорамол сотиб олиб, оилавий тадбиркорликни йўлга қўйган.
Бироқ 2023 йилнинг февраль ойида кредит берган банк тадбиркор томонидан кредит маблағи мақсадсиз сарфланган деган хулоса билан вилоят прокуратурасига чора кўриш учун мурожаат қилган. Ўз навбатида ўрганиб чиқиш ва қонуний қарор қабул қилиш учун мазкур мурожаат Жиззах шаҳар прокуратурасига юборилиб, унинг назорати вилоят прокуратураси бўлим прокурорига юклатилган.
Мурожаатни ўрганиб чиққан Жиззах шаҳар прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатиш рад этилган. Лекин вилоят прокуратурасининг бўлим прокурори гўёки унинг ўзи тадбиркорга нисбатан жиноят иши қўзғатишни рад этганини иддао қилиб, хизмати эвазига ундан 1,3 минг доллар олган вақтида ДХХ ходимлари томонидан ушланган.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг