22:30 / 18.06.2023
69

Шавкат Мирзиёев ва Эрон президентининг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди

Шавкат Мирзиёев ва Эрон президентининг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди

Теҳрон шаҳридаги “Саадобод” мажмуасининг “Жумҳури” саройида Шавкат Мирзиёев ва Эрон президенти Иброҳим Раисийнинг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Унга кўра, давлат раҳбари Эрон президентига ушбу мамлакатга ташриф билан келиш таклифи ҳамда Ўзбекистон делегациясига кўрсатилаётган меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдирди. Икки томонлама амалий ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар кўриб чиқилди. Томонлар савдо-иқтисодий ва инвестициявий шерикликни янада кенгайтиришга муҳим аҳамият қаратишлари таъкидланди.

Президентлар ўзаро савдо ҳажмини ошириш, транспорт ва логистика соҳасида ҳамкорликни мувофиқлаштириш имкониятларини муҳокама қилди. Марказий Осиёни Эрон билан боғловчи энг қисқа транспорт-логистика йўлакларидан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилди.

Энергетика, кимё саноати, фармацевтика ва тиббиёт технологиялари, озиқ-овқат саноати, тўқимачилик, саноат қурилиш материаллари, машинасозлик, ускунасозлик ва электротехника тармоқларида қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш чоралари кўриб чиқилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Аграр йўналишда иссиқхоналар ташкил этиш, қишлоқ хўжалиги ускуналарини ишлаб чиқариш, сув тежовчи технологияларни жорий қилиш, боғдорчилик ва балиқчиликда, қурғоқчиликка чидамли экин турларини селексия қилишда тажриба алмашиш соҳаларида ҳамкорлик қилишга келишиб олинди. Томонлар маданий, илмий-инновациявий алоқаларни кенгайтиришга интилишини қайд этди. Икки мамлакат ҳукуматлари ишбилармонлар ва олимлар ўртасидаги мулоқотларни ривожлантиришга кўмаклашиши таъкидланди.

Халқаро терроризм, наркотрафик, кибертеррорчилик, одам савдоси каби глобал хавф ва таҳдидларга қарши курашишда томонларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш муҳимлиги қайд этилди. Давлат раҳбарлари Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, ушбу мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий тикланишига кўмаклашиш масалалари юзасидан мулоқотни давом эттиришга келишиб олди.

Турли халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликни давом эттириш муҳим экани таъкидланди.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Шавкат Мирзиёев ва Эрон президентининг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди
ePN