Россиянинг Қозон шаҳрида 70 та давлатдан борган 7 мингдан ортиқ делегатлар иштирокида Евроосиё ортопедия форуми бўлиб ўтди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Тадбир онлайн ва оффлайн форматда ташкил этилди. Унда Ўзбекистондан Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт марказининг 9 нафар ҳамда мамлакатдаги бошқа тиббиёт ва таълим муассасаларининг 6 нафар мутахассиси қатнашди.
Травматология ва ортопедия соҳасига доир долзарб масалалар муҳокама қилинган анжуман доирасидаги 15 та секция йиғилишларида марказ мутахассислари 20 та маъруза билан чиқиш қилди.
Таъкидланишича, тизза ва сон-чаноқ бўғими патологиялари, умуртқа ва елка бўғимлари касалликларини замонавий усулларда муолажа қилиш, болаларда туғма аномалияларни ташхислаш ҳамда даволаш билан боғлиқ Ўзбекистон тажрибаси қатнашчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Шунингдек, Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази вакиллари 9 та йўналиш бўйича маҳорат дарсларида қатнашиб, энг илғор тиббий техника ҳамда операция усуллари билан яқиндан танишди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар