18:36 / 05.07.2023
265

Президент Чилонзор тумани бўйича қарор имзолади

Президент Чилонзор тумани бўйича қарор имзолади

"Бунёдкор" стадиони автотураргоҳи / Фото: Yandeks-xarita

Президент Шавкат Мирзиёев 3 июл куни “Тошкент шаҳри Чилонзор туманининг саноат салоҳияти ва инвестиция жозибадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарор имзолади.

Қарорга кўра, Чилонзор тумани Бешқўрғон ва Тирсакобод маҳаллаларидаги 320 гектар майдонда 30 йил муддатга кичик саноат зонаси мақомидаги “Индустриал ҳудуд” ташкил этилади. Ҳукумат комиссиясига у ерда амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхатини 1 ой муддатда тасдиқлаш топширилди.

Чилонзор туманининг саноат салоҳияти ва инвестиция жозибадорлигини ошириш чоралари учун 2023-2024 йилларда республика бюджетидан пойтахт бюджетига 3 йил муддатга 100 млрд сўм ссуда ажратилади.

“Бунёдкор” стадиони автотураргоҳининг 5,5 гектарлик қисмида камида 200 млн доллар қийматдаги “Chilonzor City” қурилади. У ердан меҳмонхона, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, кўп қаватли уйлар ва кўп қаватли автотураргоҳ жой олади.

Вазирлар Маҳкамасига йил охирига қадар ер участкаларини лойиҳа ташаббускорларига ўрнатилган тартибда ажратилишини таъминлаш юклатилди.

Шунингдек, тасдиқланган йўл харитасига кўра:

  • 2023 йил давомида Чилонзор тумани маҳаллалари ҳудудидаги 10 сотихдан кам бўлмаган бўш ер майдонларида кичик боғлар ва сайилгоҳлар ташкил этилади. Бунга 10 млрд сўм йўналтирилади.
  • 2023 йил августда, тумандаги мактабгача ва мактаб таълимига хусусий секторни жалб қилиш мақсадида давлат боғчалари ва мактабларининг ер майдонлари хатловдан ўтказилади. Аниқланган бўш ер майдонлари 2023 йил октябр ойида боғча ва мактаб ташкил этиш учун хусусий секторга ижарага берилади.
  • 2023 йил августда “Рубоий” нимстанциясида битта 40 минг KW қувватли ва “Чилонзор” нимстанциясида битта 25 минг KW қувватли янги трансформаторлар ўрнатилади. Бунинг учун 17 млрд сўм йўналтирилади.
  • 2023-2024 йилларда Бўрижар каналининг икки ёни ободонлаштирилиб, аҳоли дам олиш маскани, спорт майдончалари, умумий овқатланиш ва савдо шохобчаларини ўз ичига олган гастрономик кўча (сайилгоҳ) ташкил этилади. Бунга 40 млрд сўм йўналтирилади.
  • 2024 йилда Анҳор каналининг Чилонзор тумани Кичик ҳалқа йўлидан Наққошлик кўчасигача оқиб ўтувчи 1,7 км узунликдаги қисми ҳам ободонлаштирилиб, сайилгоҳга айлантирилади. Бунга 17 млрд сўм йўналтирилади.
  • 2025 йилда Бунёдкор шохкўчаси ён қисмидан Тошкент автомобил ҳалқа йўлигача оқиб ўтувчи 4,1 км узунликдаги Қоқнус канали ободонлаштирилиб, сайилгоҳга айлантирилади. Бунга 28 млрд сўм йўналтирилади.
  • 2024-2025 йилларда Бунёдкор шохкўчаси ва 2-Қатортол кўчаси кесишган чорраҳадаги (пойтахт божхона бошқармаси олдида) мунтазам тирбандликни инобатга олиб, бу чорраҳада йўл ўтказгич қурилади. Қурилиш республика бюджетидан молиялаштирилади, лойиҳа қиймати лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ аниқланади.
  • Диёр маҳалласидаги Тошкент ходимларни бошқариш ва меҳнатни муҳофаза қилиш коллежи биносининг бўш турган майдонларида ёшлар ва хотин-қизларни замонавий касбларга ўргатиш мақсадида “амалий мономарказ” ташкил қилинади. Бино шу мақсадда тадбиркорларга ижара ставкасининг минимал миқдори бўйича танлов асосида ижарага берилади.

Қарорга кўра, 2024-2025 йилларда Чилонзорда республика бюджети ҳисобидан 1 та янги боғча қурилади, 6 та боғча ва 6 та мактаб мукаммал таъмирланади, 1 та поликлиникага қўшимча бино қуриб берилади.

Ҳужжат билан 2023-2025 йилларда Чилонзор туманининг саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхати тасдиқланди. Унга 51 та лойиҳа киритилди.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Президент Чилонзор тумани бўйича қарор имзолади
ePN