13:30 / 07.07.2023
85

Ўзбекистонда лизинг олувчиларнинг мулкий ҳуқуқлари кафолати янада кучайтирилади

Фото: Қонунчилик палатаси матбуот хизмати

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ижара ва лизинг муносабатларини тартибга солишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда муҳокама қилинди. Бу ҳақда парламент қуйи палатаси матбуот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, кейинги йилларда Ўзбекистонда ижара ва лизинг соҳаларида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар туфайли аҳолининг мазкур турдаги хизматларга бўлган талабларини қондиришга имкониятлар яратиляпти. Шу билан бирга, фуқароларнинг ишончига кириб уларни алдов ва фирибгарлик йўли билан ижара ва лизинг муносабатларида жиноят содир этиш ҳолатлари ортиб бормоқда.

Иккинчи ўқишда кўриб чиқилаётган қонун лойиҳасида ижара ва лизинг муносабатларига оид 2 та қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутиляпти. Яъни кейинчалик сотиб олиш шарти билан ижарага бериш шартномасининг аниқ таърифи, шартнома объектини тасарруф этиш ва гаровга қўйиш, ундирувга қаратишнинг ўзига хос хусусиятлари киритилмоқда.

“Амалдаги қонунчиликда кейинчалик сотиб олиш шарти билан ижарага олувчиларнинг келгусида шартнома объектини мулк қилиб олишдаги ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир механизмлар етарлича эмас. Шу боис, ушбу турдаги шартноманинг ўзига хос хусусиятларини қонунчиликда аниқ акс эттириш таклиф этиляпти”, — дейилади хабарда.

Масалан, “Лизинг тўғрисида”ги қонунга лизинг шартномаси тузилган вақтдан эътиборан шартнома объекти лизинг берувчи томонидан мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш учун лизинг олувчида гаровга олинган ҳисобланиши тўғрисидаги норма киритиш таклиф қилинмоқда. Бунда, алоҳида гаров шартномаси тузиш талаб этилмайди ҳамда ваколатли орган шартнома объектини лизинг шартномасига асосан гаров реестрига киритади.

Шунингдек, лизинг берувчи лизинг олувчининг розилигини олмай туриб, лизинг объектини бошқача тарзда тасарруф этиш ҳуқуқига эга эмаслиги назарда тутувчи норма билан тўлдириш белгиланмоқда.

Депутатларнинг таъкидлашича, лойиҳанинг қабул қилиниши ижара ва лизинг муносабатларида қонунийликни таъминлаш ва фирибгарлик жиноятларини олдини олиш, шунингдек, лизинг муносабатлари субъектлари ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этишга хизмат қилади. Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонда лизинг олувчиларнинг мулкий ҳуқуқлари кафолати янада кучайтирилади
ePN