15:05 / 08.07.2023
492

Ўзбекистонда пенсияга чиқиш ёшини камида 5 йилга узайтириш таклиф қилинди

Отабек Бакиров
Фото: Марказий банк

Ўзбекистонда пенсияга чиқиш ёшини камида 5 йилга узайтириш керак. Бу ҳақда иқтисодчи Отабек Бакиров Twitter’даги саҳифасида фикр билдирди.

Иқтисодчининг ёзишича, ҳозирги тизим юкламани бошқа кўтара олмайди. 

“Пенсия ёши камида 5 ёшга кўтарилиши керак. Ҳозирги тизим юкламани бошқа кўтара олмайди. Индивидуал жамғариб бориладиган пенсия тизимига ўтилмаса, бу ҳам ёрдам бермайди”, — деб ёзади мутахассис.

Айни пайтда Ўзбекистонда пенсия ва нафақа олувчилар сони 4,5 миллион кишига яқинлашган.

2023 йил учун “Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонунга асосан, Пенсия жамғармасига давлат бюджетидан трансфертлар миқдори 15 триллион сўм бўлиши кўзда тутилган. Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Дилшод Султонов шу йилнинг март ойидаги матбуот анжуманида Пенсия жамғармаси учун 14,5 триллион сўм ташқи қарз жалб қилинишини маълум қилган.

“Ташқи қарзнинг 3 миллиард доллардан ортиқ қисми бюджетни қўллаб-қувватлашга сарфланади. Масалан, бу йилги иккита йирик харажатдан бири – пенсия Жамғармасига берадиган трансфертимиз 15 триллион сўм бўлиши кўзда тутилмоқда. Сабаби аҳоли фаоллик билан солиқ тўлашга кириб келмаяпти. Кўпчилик ойликни яширади, солиқ тўламасликка ҳаракат қилади ва ойликни паст кўрсатади. Шунинг ҳисобига пенсиянинг тақчиллиги катта бўляпти”, — деган вазир ўринбосари.

Аввалроқ Ўзбекистонда Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларига нисбатан пенсияга чиқиш ёши пастроқ экани хабар қилинганди. Хусусан, 2023 йил июнь ойи ҳолатига кўра, Ўзбекистон фуқаролари учун пенсия ёши — эркакларга 60 ёш, аёлларга 55 ёш этиб белгиланган.

Қозоғистонда эркаклар 63 ёшдан, аёллар 61 ёшдан пенсияга чиқиши мумкин. Қирғизистонда ҳам эркаклар учун пенсия ёши 63 ёш, аёлларга эса 58 ёш этиб белгиланган. Тожикистонда эркаклар 63 ёшдан, аёллар 58 ёшдан пенсияга чиқса, Туркманистонда эркаклар 62 ёшдан, аёллар 57 ёшдан ёшга доир пенсияга чиқиш ҳуқуқига эга.

Маълумот учун, Ўзбекистоннинг давлат ташкилотларида ишлаётган ходимларнинг 5 фоизи пенсия ёшидагилар ҳисобланади.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонда пенсияга чиқиш ёшини камида 5 йилга узайтириш таклиф қилинди
ePN