00:15 / 15.07.2023
126

“Ҳавонинг 34–36 даражадан иссиқ бўлиши соғлиққа хавфли”— Бандлик вазирлиги

“Ҳавонинг 34–36 даражадан иссиқ бўлиши соғлиққа хавфли”— Бандлик вазирлиги

Айни кунларда Ўзбекистонда иссиқ ҳаво ҳарорати кузатилмоқда. Бундай шароитда корхоналарда ишлаётган ходимлар ва иш берувчилар бажариши керак бўлган бир қатор тартиблар мавжуд. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ахборот хизмати “Дарё” сўровига жавобан, мазкур масалада меҳнат қонунчилигида назарда тутилган қоидаларни тушунтирди.

Санитария-гигиена масаласи

Республикада кузатилаётган юқори ҳароратли об-ҳаво шароитларида корхоналарда ишлаётган ходимлар ва иш берувчилар белгиланган тартибдаги микроиқлим бўйича санитария-гигиена қоидаларига амал қилишлари талаб этилади. Ҳавони маҳаллий совутиш, ҳаво душлари, дам олиш хоналари, юқори ҳароратдан ҳимояланиш учун махсус кийимлар, шахсий ҳимоя воситалари, иш ва дам олиш вақтини регламентлаш каби жараёнлар шулар жумласидандир.

Иссиқликдан шикастланишнинг олдини олиш мақсадида тўсиб турувчи юзаларнинг ҳарорати 45 даражадан ортиб кетмаслиги креак.

Меҳнат кодексининг 352-моддаси ҳамда “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 23-моддасига мувофиқ, барча корхоналарда хавфсизлик ва гигиена талабаларига жавоб берадиган меҳнат шароитлари яратилган бўлиши лозим. Бундай шароитларни яратиб бериш иш берувчи мажбуриятига киради. Цехлар, ишлаб чиқариш биноларида санитария-гигиена талабларига жавоб берадиган зарур иссиқлик, намлик режимини яратиш, шамоллатиш қурилмалари, кондиционерлар тизимларига эга бўлиш ҳамда ундан фойдаланиш лозим. Техник жиҳатдан бундай ускуналарни ўрнатиш ва ишлатиш имкони бўлмаган тақдирда ходимларнинг иш режимини ўзгартириш ҳамда дам олиш вақтларини кўпайтириш ёки иш вақтининг қисқартирилиши, ходимларни бепул тоза ичимлик суви билан таъминлаш чоралари кўрилиши лозим.

Инсон соғлиғи учун хавфли ҳарорат

Меҳнат шароитлари бўйича йилнинг иссиқ даврида очиқ майдонларда бажариладиган ишлар категориясига мувофиқ, ҳаво ҳарорати 34–36 даражадан юқори бўлганда инсон соғлиғи учун ўта хавфли ҳисобланиб, мазкур ҳолатда иш режимини ўзгартириб, куннинг салқин вақтларига кўчириш мақсадга мувофиқ бўлади.

Меҳнат кодексининг 356-моддасига мувофиқ, ходим иш жараёнида ўзининг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солувчи ҳолатлар юзага келиб қолгани тўғрисида иш берувчига дарҳол хабар бериши, меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя этилишини текшириб бориш ва назорат қилиш билан шуғулланувчи органлар ана шу ҳолатларни тасдиқлаган тақдирда иш берувчи бу ҳолатларни бартараф этиш чораларини кўриши лозим. Шу давр мобайнида ходимнинг ўртача иш ҳақи сақлаб қолинади.

Тавсиялар

Об-ҳаво ҳарорати юқори бўлган тақдирда қуйидагилар тавсия этилади:

  • тўғридан тўғри қуёш нурларидан сақланиш;
  • кўпроқ сояда бўлиш;
  • ёрқин рангдаги, енгил, табиий матолардан тикилган кийимлар кийиш, иссиқдан ҳимояланиш учун бош кийим ёки соябон билан юриш;
  • жисмоний фаолиятни камайтириш;
  • автомашинани бошқариш вақтини камайтириш;
  • илиқ ёки газланмаган минерал сув ичиш;
  • спиртли ичимликлар ёки тамаки маҳсулотларини исътемол қилмаслик тавсия этилади.

Одам яшай оладиган максимал ҳарорат

Лондондаги Роҳамптон университети олимлари одамнинг яшаши мумкин бўлган юқори критик чегара қандай ҳарорат эканини аниқлагани хабар қилинганди. Мутахассислар инсон яшаши учун мос бўлган юқори критик чегара 40 дан 50 даража Цельсий оралиғида эканини айтган. Буни аниқлаш учун тадқиқотчилар ҳар хил ҳарорат ва намликда бўлган ҳаммомга ўхшаш махсус камерага чиққан. Ҳарорат ошиши билан метаболизм тезлиги ошган, яъни 40 даража ҳароратда 35 фоизга, 50 даражада эса 50 фоизга тезлашган.

Метаболик жараёнлар одатдаги ҳароратга қараганда кўпроқ энергия талаб қилади. Бундан ташқари, иссиқлик юрак ва қон томирларининг ҳолатига жуда ёмон таъсир қилади. Ўтган июнь ойи ҳаво ҳарорати бўйича энг иссиқ ой бўлди. Июль ҳам ўз рекордини ўрнатиши хавфи бор. АҚШ жануби ва Хитойнинг айрим қисмларида, Шимолий Африкада июль ойида ҳарорат 50 даражагача кўтарилди.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » “Ҳавонинг 34–36 даражадан иссиқ бўлиши соғлиққа хавфли”— Бандлик вазирлиги
ePN