16:44 / 19.07.2023
694

Фарзандли бўлиш учун кўплаб машаққатларни енгиб ўтган ўзбекистонлик машҳурлар

Фарзандли бўлиш учун кўплаб машаққатларни енгиб ўтган ўзбекистонлик машҳурлар

Фарзанд оиланинг қувончи ва унинг мустаҳкамлигини таъминловчи ришта ҳисобланади. Унинг нақадар бахт эканлигини фарзадли бўлишни узоқ йил кутган инсондан яхшироқ ҳис қиладигани бўлмаса керак.

Самандар Ҳамроқулов: “Кўз тегиб... 15 йил кутдим”

Фото: Instagram / @samandar_xamraqulov_

— 15 йил аввал ҳам аёлим ҳомиладор бўлган. Аммо ҳомила ривожланмай нобуд бўлганди. Шу боис бу гал янгиликни ҳеч қаерда овоза қилишни истамадим. Кўз, назар деган нарса бор. Ҳомила ривожланмай нобуд бўлиб қолган пайтда ҳам ичимдан “эртароқ хурсанд бўлиб қўйдиммикан”, деган ўй ўтган. “Янгилик борми?”, деб сўраган танишларга хурсанд бўлиб, “Ҳа, мана бунча ҳафталик бўлди, бунчалик бўлди”, деб айтганман. Шунинг учун кўз тегдимикан, деб ўйлаб қолганман. Шу сабабли бу сафар фарзандли бўлиш хабарини эшитганимда, ҳеч кимга айтишни истамадим. Аёлим билан бир неча бор фарзанд асраб олиш ҳақида ўйлаганмиз. Аммо унинг ҳам озига яраша шаръий қонун-қоидалари бор экан. Шукрки яратган бизни 15 йил деганда фарзанд билан сийлади. Унга Марям деб исм қўйдик, — дейди Самандар Ҳамроқулов.

Анвар Азимов 7 йил деганда қиз фарзандли бўлди

Фото: Instagram / @azimovanvar

Телебошловчи Анвар Азимов ҳам 7 йил деганда фарзандли бўлди. У 2018 йили Малика исмли қиз билан оила қурганди. Аммо у бу ҳақида бирор марта оммага ошкор қилмаганди. Анвар Азимов қизалоғига Хайринисо деб исм қўйди.

— Ўзингга шукр Аллоҳим, — деб Instagram тармоғига қисқагина пост жойлади Анвар Азимов.

Жамшид Ҳожиниёзов: “Меҳрибонлик уйидан бола олмоқчи эдик...”

Бошловчи, продюсер ва режиссёр Жамшид Ҳожиниёзов ҳам иккинчи бор ота бўлишни 16 йил кутган.

Фото: Instagram / @jamshidxojiniyozov

— Аёлим билан 1999 йил оила қурганмиз. Қизим Севинчхон 2000 йил дунёга келган. Аммо ундан кейин Аллоҳим 16 йил давомида бизга фарзанд ато этмади. 2015 йили аёлим Зиёдахон билан маслаҳатлашиб, Меҳрибонлик уйидан фарзанд асраб олмоқчи бўлдик. Аммо ҳужжатларни топширгандан кейин бир йил кутиш кераклигини айтишди. У вақт келгунига қадар Аллоҳим бизга ўғил фарзанд ато этди, — дейди Жамшид Ҳожиниёзов.

Аваз Охун: “7 йил кутдик”

Қизиқчи Аваз Охун биринчи фарзанди дунёга келганидан сўнг 7 йилгача бошқа фарзандли бўлолмаган. 

Фото: Instagram / @avaz_oxun_official

— Биринчи қизим етти ёшга киргунча кейинги фарзандим бўлмади. Худога шукр ундан сўнг кетма-кет учта фарзандим туғилди. Етти йилда битта фарзандим туғилган бўлса, учта фарзандим тўрт йилда дунёга келди.
Роппа-роса 7 йилдан сўнг у ўғил фарзандли бўлган ва унга Абдуллоҳ деб исм қўйган. Ундан кейин қизиқчи эгизак қизларнинг отаси бўлган.

Умида Норбоева: “12 йилда эгизак фарзандли бўлдим”

“Исканжа” ва “Денгиз гули” сериалларидаги иштироки билан томошабинларга яхши таниш бўлган актриса Умида Норбоева ҳам 12 йил деганда ҳомиладор бўлди. У Instagram саҳифасига видео жойлаб, қувончли хабарни кузатувчилари билан бўлишди.

Фото: Instagram / @umida_norboyeva_official

— Кимдир бефарзанд эканлигимни билади, кимлардир йўқ. Аммо мен ҳомиладор бўлишни 12 йил кутдим. “Қачон ҳомиладор бўлар эканман? Бу бахт менга насиб этадими?” деб кўп ўйлардим. Шукрки, 12 йилда бўлса-да, бу бахт насиб этди. Эгизак қиз фарзандли бўлдим, — дейди актриса Умида Норбоева.

Наргиз Яндашева: “Узоқ йил фарзандсизликдан қийналдим”

Хонанда Наргиз Яндашева ҳам 12 йил деганда фарзандли бўлган. У фарзандли бўлишдан буткул умидини узгани ва баъзи ҳамкасбларидан ранжиган кунларни қуйидагича эслайди.

Фото: Instagram / @nargiz_singer

— Она бўлгач, эски хотираларнинг барини унутиб юбордим. Аммо фарзандсизликдан қийналаётган аёлларга умид бериш учун уларни эслаб тураман. 12 йил давомида ҳомиладор бўлишга ҳаракат қилганман. Кўринмаган шифокорим, табибим қолмаган. Ҳатто ўзбек шифокорларига ишонмай ҳам қўйгандим. Баъзи ҳамкасбларимнинг “Вой, ҳали ҳам туғмадингизми?”, “Болангиз йўқ-ку, биздан кейин саҳнага чиқсангиз ҳам бўлади?” каби гап-сўзлари юрагимга ханжардек санчиларди. Турмуш ўртоғимга ажрашишни ёки бошқа аёлга уйланишни ҳам таклиф қилганман. Ҳомиладор эканлигимни эшитганимда ҳаётим тубдан ўзгариб кетди. Фарзанд ҳақиқатан ҳам оилага барака, файз ва меҳр олиб кираркан, — дейди хонанда Наргиз.


Манба: Daryo.uz


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Фарзандли бўлиш учун кўплаб машаққатларни енгиб ўтган ўзбекистонлик машҳурлар
ePN