16:00 / 25.07.2023
213

Самарқандда “Ширин” шаҳарчаси барпо этилади

Фото: Президент матбуот хизмати

Самарқанд шаҳрида “Ширин” замонавий ишбилармонлик маркази ва тураржойлар комплекси барпо этилади. Бу ҳақда президентнинг тегишли қарори имзоланди.

Унга кўра, ушбу шаҳарча Самарқанднинг меъморий қиёфасини янада яхшилаш ва ободонлаштириш, хорижий ва маҳаллий инвесторлар учун жозибадорлигини ошириш, шаҳарнинг туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш, шунингдек, замонавий бизнес, молиявий ва туристик инфратузилмаларни ривожлантиришни таъминлаш мақсадида 2023—2030 йилларда барпо этилади.

Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳузурида давлат муассасаси шаклида “Ширин” замонавий ишбилармонлик маркази ва тураржойлар комплексини барпо этиш дирексияси ташкил этилади. Шаҳарчани барпо этиш доирасида белгиланган вазифаларни амалга ошириш учун дирексия шахсий ғазна ҳисобварағи очилади.

2023 йил 1 сентябрга қадар дирексияга “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг ҳокимлик маблағлари ҳисобидан 3 йилга 150 миллиард сўм фоизсиз қарз ажратилади.

Ушбу маблағлар жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплашга, шаҳарча учун зарур инфратузилма объектларини барпо этишга, ижтимоий соҳа объектларини қуришга йўналтирилади.

Ҳужжатга кўра, шаҳарчани 665,15 гектар майдонда барпо этиш режалаштирилмоқда. Шундан 84,8 гектари қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари бўлиб, улар аҳоли пунктлари ерлари тоифасига ўтказилади.

Ер участкалари давлат мулки сифатида рўйхатдан ўтказилганидан, жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарар миқдори қопланганидан сўнг ушбу ерлардан бошқа мақсадларда фойдаланилади.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг ушбу қарорга мувофиқ тоифаси ўзгартирилгани сабабли қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликлари ўрнини қоплаш бўйича компенсация тўловлари ундирилмайди. Электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилинадиган ер участкалари бундан мустасно.

2031 йил 1 январгача ҳар йил якунида тенг улушларда ушбу қарор билан тоифаси ўзгартирилаётган суғориладиган ер участкалари майдонининг беш баравари миқдорида янги ерлар ўзлаштирилиши ва суғориладиган ерлар тоифасига ўтказилиши таъминланади.

Шавкат Мирзиёев 6 июнь куни Самарқандга ташрифи доирасида “Ширин” массивининг мастер режаси тақдимоти билан танишганди. Давлат раҳбари лойиҳани илғор шаҳарсозлик тажрибаси асосида такомиллаштириш, ижтимоий хизматларни кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берганди.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Самарқандда “Ширин” шаҳарчаси барпо этилади
ePN