20:05 / 27.07.2023
130

Тошкент вилояти ИИББ нега ҳудудда жиноятчилик даражаси юқори эканини тушунтирди

Тошкент вилояти ИИББ нега ҳудудда жиноятчилик даражаси юқори эканини тушунтирди

Олий суд 2019—2023 йилларда судланган шахслар томонидан содир этилган айрим турдаги жиноятларнинг ҳудудлар кесими бўйича динамикасини эълон қилган ҳамда унда қасддан одам ўлдириш ва номусга тегиш ҳолатларининг энг кўп қисми Тошкент вилояти ҳиссасига тўғри келиши аниқланганди. Вилоят Ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Бобур Туляганов нега ҳудудда жиноятчилик даражаси бошқаларга нисбатан юқори эканини изоҳлади.

Бобур Тулягановнинг айтишича, Тошкент вилояти аҳоли сони бўйича биринчи ўринда турмаса ҳам, ҳудудда миллиондан ортиқ ички миграция (пойтахтга яқин ҳудудларда вақтинча яшовчилар) ва катта ички туризм (тоғли ҳудудлар, дам олиш масканлари) мавжуд.

Ички туризм

Биргина Бўстонлиқ тумани ҳудудига 1 сутка давомида ўртача 10, 12 минг атрофида автомашина, уларда 35—36 минг нафар дам олувчи ташриф буюради. Мавсум ва номавсумий вақтлар ҳисоби билан 2022 йилнинг ўзида тумандаги дам олиш масканлари (меҳмонхона, ҳостел, пансионат, лагер, санаторий ва дачалар)га 10 миллионга яқин меҳмонлар ташриф буюрган.

Ички миграция

Пойтахтда ишлайдиган бошқа вилоят фуқаролари жуда кўп. Уларнинг аксари ижара уй-жой нисбатан арзон бўлгани сабабли Тошкент вилоятида вақтинча яшайди. Буни кечга томон Зангиота ва Тошкент туманларига элтувчи асосий йўллардаги катта тирбандликлардан ҳам кўриш мумкин.

Шу каби ички мигрантлар сони миллиондан ортиқ. Улар томонидан ҳам вилоят ҳисобига оила турмуш доирасидаги жиноятлар рўйхатга олинади. Масалан, уйда эр-хотин, ака-ука ёки бошқа бирга яшовчилар уришиб қолиб, бирдан пичоқ уриши, бир бирига оғир тан жароҳати етказиши ҳолатлари кўп қайд қилинади. Ҳар бир хонадонга биттадан ИИБ ходимини ҳам жойлаб бўлмайди.

“Кейин рўйхатда 97-модда билан кўрсатилган рақамлар бу шунча одам ўлдирилганини англатмайди. Бунда одам ўлдиришга уриниш ҳолатларида ҳам экспертиза хулосасига асосан дастлаб 97-модда қўйилади. Агар жамоат жойларида содир этиладиган жиноятлар бўлса бу бошқа мавзу бўларди, буни тўғридан тўғри Ички ишлар ходимларининг эътиборсизлиги дейиш мумкин бўлади.

Юқоридагилар билан бирор объект ёки субъектни оқламоқчи ёки айбдор қилмоқчи эмасман. Ҳар қандай жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш — бу ички ишлар органлари ходимларининг функсионал вазифаси. Ортиб бораётган ҳар бир жиноят турлари юзасидан кенг масштабда тушунтириш, тарғибот ва назорат тадбирлари ўтказиляпти. Маҳаллалар кесимида жамоатчилик билан муҳокамага қўйиляпти.

Бугунгача ҳам, бундан кейин ҳам бор куч ва имкониятларимиздан келиб чиқиб, Тошкент вилоятида фуқаролар хавфсизлиги, жамоат тартибини сақлаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларга қарши туришга, тинчлик учун хизмат қилишга тайёрмиз”, — дейди Бобур Туляганов.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Тошкент вилояти ИИББ нега ҳудудда жиноятчилик даражаси юқори эканини тушунтирди
ePN