Жорий йилнинг 26 июль куни “Миллий” телеканалининг “Миллар“ телекўрсатувида Бюронинг Чилонзор туман бўлими томонидан уйни бузиш ижро иши ижроси таъминланмаётганлиги ҳақидаги тайёрланган кўрсатув бўйича ўрганиш ишлари олиб борилди.
Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Учтепа туманлараро судининг ижро варақасига асосан ундирувчи Чилонзор туман ҳокимияти фойдасига Тошкент шаҳар, Чилонзор тумани, Дўмбиробод 2-тор кўчаси, 10-уй манзилида ноқонуний қурилаётган кўп қаватли уй қарздор А.Рахимов (Давлат ижрочисининг 2023 йил 25 январдаги қарорига асосан 100722042703-сонли ижро иши юритишни қарздор А.Рахимовдан И.Машурбеков ўғлига ўзгартирилган) И.Машурбеков ҳисобидан буздириб ташлаш тўғрисидаги ижро ҳужжати Бюронинг Чилонзор туман бўлими иш юритувига 12.05.2022 йилда келиб тушган.
Маълум бўлишича, ушбу турар жой 2021 йил 10 августдаги олди сотди шартномасига асосан, қарздор А.Рахимовнинг номида бўлган уй яшовчи фуқаро И.Машурбеков номига расмийлаштирилган.
Шу сабабли, давлат ижрочиси томонидан суднинг ижро варақаси юзасидан жавобгарни ўзгартириш бўйича қўшимча ажрим ёки ижро ҳужжатини бекор қилиб янги очилган ҳолат бўйича ижро варақа чиқаришни сўраб судга мурожаат қилинган.
Суд эса, қарор ижросини ўз кучида қолдирилган.
Мажбурий ижро ҳаракатлари даврида, ундирувчи Чилонзор туман ҳокимлиги вакили вакили қатнашмаётганлиги, суднинг ижро ҳужжати ижросини таъминлаш учун махсус техника ва ишчи кучи зарурати бўлганлиги сабабли ижро ҳаракатларини амалга ошириш кейинга қолдирилган ҳамда тегишли далолатномалар расмийлаштирилган.
Бундан ташқари, ҳозирги кунда қарздор И.Машурбеков ижро ҳужжатини ихтиёрий равишда ижро этиш учун давлат ижрочиси томонидан белгиланган муддатда бажармаганлиги сабабли унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 198-1-моддасига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида жарима қўлланилган ва Жиноят Кодексининг 232-моддасига асосан жиноят иши қўзғатилиши ҳақида қарздорнинг доимий яшаш манзилига бир неча бор огоҳлантириш хати юборилган.
Кейинги мажбурий ижро ҳаракатлари жорий йилнинг 2 август куни соат 11-00 га тайинланган.
Оммавий ахборот воситалари орқали ижро иши юзасидан мурожаат қилган фуқаро Л.Бердиева, аслида иш бўйича тараф ҳисобланмайди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!