
Ўзбекистонда ёввойи ҳайвонларни сақлаш ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинади.
Сенатнинг 43-ялпи мажлисида “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуннинг 43-моддасига қўшимча ва ўзгартириш киритиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.
Мажлисда қайд этилишича, йиртқич ва заҳарли ёввойи ҳайвонларни ярим эркин шароитларда ёки тутқунликда сақлаш, улардан тижорат мақсадларида фойдаланиш, уларни жамоат жойларида сайр қилдириш натижасида турли нохуш ҳодисалар учраётгани тегишли қонун ҳужжатларини такомиллаштиришни талаб этмоқда.
Шу боисдан ушбу қонун билан ёввойи ҳайвонларни сақлашни тартибга солиш мақсадида жисмоний шахслар томонидан сақланиши тақиқланган ёввойи ҳайвонлар рўйхатини, шунингдек, мазкур рўйхатга киритилган ёввойи ҳайвонларни юридик шахслар томонидан сақлаш тартибини белгилаш Вазирлар Маҳкамаси зиммасига юклатилмоқда.
Сенаторларнинг фикрича, ушбу қонуннинг қабул қилиниши ёввойи ҳайвонларни сақлаш ҳамда улардан турли мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ ҳолларда аҳолининг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилишга, шунингдек, ваколатли давлат органининг ушбу йўналишдаги жавобгарлигини оширишга хизмат қилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!