- Бу Янги Ўзбекистонга муносиб олийгоҳ бўлди. Энди у илми билан халқимизга хизмат қилиши керак. Юртимизда Тиббиёт академияси, ихтисослашган илмий марказлар, ҳудудларда институтлар бор. Бу илмий салоҳият қандай қилиб халққа етиб боради? Бунинг учун уларни ҳудудларга бириктириш, соғлом тиббий-ижтимоий муҳит яратиш керак. Масъул маҳалласида касалликлар камайишига қараб, мутахассисларга устама бериш мумкин. Образли айтганда, профилактика нуқтаи назаридан 36 миллион аҳоли устида “соябон бўлиш” керак, - деди Шавкат Мирзиёев.
Маҳаллаларда фитобарлар ташкил қилиш, шифобахш гиёҳлар афзаллигини тарғиб этиш, Бухорода фармсаноат кластери тузиш муҳимлиги таъкидланди.
Шу ерда Бухоро шаҳрини ривожлантириш лойиҳаси кўриб чиқилди.
Бухоронинг тарихий қисмида туризм инфратузилмасини яхшилаш ва сайёҳлар учун шароитларни кенгайтириш лозимлиги таъкидланди. Шунингдек, Тўдакўл сув омборининг ғарбий ҳудуди Бухоро вилоятига ўтказилиб, дам олиш туризми ташкил этиш режалаштирилган.
- Бухоро иқтисодиётини барқарор қиламиз десак, туризм имкониятларини 10 карра оширишимиз зарур. Фақат бугунни, бир йилни эмас, келажак 50 йилни ўйлашимиз керак. Агар вилоятга 10 миллион турист келса, одамлар хизматларни кўпайтирса, қанча даромад пайдо бўлади, - деди давлатимиз раҳбари.
Шу билан Бухоро вилоятига ташриф якунланди, Президент Шавкат Мирзиёев Тошкентга қайтиб келди.
